Ўзбекистон | 13:57 / 12.02.2023
15488
8 дақиқада ўқилади

“Илгари имтиҳонларни топшириш учун фақат битта имконият бериларди” — мактаб таълимида енгиллашган малака ошириш

2021 йилдан қатъий режим ва қоғозбозликка асосланган малака ошириш курслари даврийликдан узлуксизга ўтказилди. Ўқитувчилар истаган вақтида касбий ривожланишига шароит яратилди, кириш-чиқиш тестлари ҳамда малака ишлари бекор қилинди. “Малака оширишга ўқитувчилар қўрқиб эмас, хурсанд бўлиб, эҳтиёжига қараб келиши лозим”, – дейди Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев Kun.uz'га берган интервюсида.

Аввал қандай эди?

Мактаб таълими тизимида ўқитувчиларнинг малака ошириши 2021 йилгача даврийликка асосланган эди. Яъни бунда устозларимиз 5 йилда, мактаб директорлари эса 3 йилда бир маротаба ўқишга юбориларди. Бошқачароқ тушунтирсак, педагогларимизга "бир марта борасан, бир ой ўқийсан ва сенга 4 йил-у 11 ой тегилмайди", дейиларди. Аввалги 3 декадалик, яъни 30 йиллик давр учун бу амалиёт актуал бўлган. Аммо 1 ойгина олинган билим, ўқитувчиларга 5 йилга етарли бўладими? Ҳозирги давр учун бу етарли эмас, албатта. Чунки таълим берувчилар доимий тарзда ўз билимларини янгилаб бориши жараёнда муҳим рол ўйнайди.

Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда президентнинг тегишли қарори билан 2021 йилдан бошлаб узлуксиз тарзда малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Бу бўйича кейинроқ яна бир қарор асосида низом ҳам тасдиқланди. Ўша йилдан бошлаб ўқитувчилар истаган вақтида истаган жойида касбий билимини оширадиган бўлди. Kun.uz'га бу енгилликлар ҳақида батафсил гапириб берган Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиевнинг айтишича, айни вақт ўқитувчиларнинг малака ошириши 3 хил шаклда олиб борилмоқда:

“Янги тизимни жорий этиш жараёнида ўқитувчиларга малака оширишнинг турли хил шаклларига, яъни масофавий, мустақил ҳамда анъанавий тарзда ўқишга рухсат берилди. Устозларимиз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қай тартибда касбий билимини оширишни ўзи танлайди. Илгари методистлар, туман бўлимлари педагогларнинг қачон, қаерга боришини белгилаб берар эди. Эндиликда устозларимизда танлаш ҳуқуқи бор, “шароитимдан келиб чиқиб, қачон ва қаерда малака оширишни биламан”, – деган қарорни ўзлари қабул қиладиган замонга келдик. Илгари малака ошириш имтиҳонларини топшириш учун фақат битта имконият бериларди.

Уйи мана шу имтиҳон топшириладиган марказдан 250-300 км узоқликда жойлашган устозларимиз ҳам бор. Чекка ҳудудларда дарс бериб келаётган устозлар ҳақида гап кетяпти-да. Улар ҳам марказ атрофидан қатнайдиган ўқитувчилар билан бирдек курсларга боришга мажбур эди. Йўлкира, вақт, айниқса педагогларнинг аксарият қисми аёллар эканини ҳисобга олсак, иссиқ ёки совуқ мавсумларда қатнаш ҳам муаммо келтириб чиқарган. Шунингдек, ўқитувчи 1 ой давомида малака оширишга кетса, бу устознинг дарсини бошқаси олиб ўтарди ва таълим сифатига ҳам салбий таъсир қиларди.

Шунинг учун бунда ишдан ажралган ва ажралмаган шаклларига рухсат берилди. Ўша чекка ҳудудлардаги устозларимиз малака ошириши керак бўлса, мажбуран бориши шарт эмас. Мустақил таълим олиш билан ҳам кўникмаларини янгилаб боришлари мумкин бўлди. Бунинг учун биз ривожланган давлатлар фойдаланиб келаётган LMS (Learning Management System)ни ўрганиб, Ўзбекистон учун махсус платформани яратдик”, – дейди Аюбхон Раджиев.

Онлайн ўқиш учун янги платформа

“Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси... Бу платформа орқали мактаб ўқитувчилари ишдан ажралмаган ҳолда, истаган вақтида онлайн тарзда касбий малакаларини ошириши мумкин. Бунинг учун керакли қурилма ва интернет бўлса кифоя.

Платформага onlinedu.uz манзилидан кириб рўйхатдан ўтилади. Рўйхатдан ўтиб ўз шахсий кабинетига эга бўлган ходим диагностикадан ўтказилади, яъни унинг кўникмаларида қай даражада бўшлиқлар мавжудлиги аниқланиб, платформа унга шу бўшлиқларни тўлдириши учун курслар тақдим этади.

15 дақиқали бу видеодарсларда педагогларнинг ўқувчи билан қандай қилиб самарали мулоқотга киришиши, таълим беришга ёндашув каби мавзуларда малакаси оширилади. Шундан кейин ҳар дарс якунида тақдимот ва тест топшириқлари берилади. Ходим шу мавзуни тўлиқ ўзлаштириб, саволларга тўғри жавоб берса, кейинги дарсларга ўтиб ўрганишда давом этаверади. Мабодо, бу тестдан йиқилган тақдирда ҳам унга қайта тайёрланиш учун истаганча имконият берилади, ҳар бир имконият вақти 40 дақиқадан ошмайди. Қисқача тушунтирганда, онлайн малака ошириш мана шундай тарзда олиб борилади.

Хўп, дарсларга қатнаш жараёни анча енгиллаштирилди. Аммо курслардан кейин тайёрланадиган малака ишлари-чи? Аввалги тизимда мажбуран келиб, 1 ой ўқиш билан бирга курслар тугагач 40-50 бетлик диплом ишига ўхшаш бир малака иши ёзилар эди. Амалда буни қилишни хоҳламаганлар тайёр малака ишларини сотиб олишарди.

“Амалда ҳисоботларда “имтиҳон ўтказдик, кириш ва чиқиш тестлари бўлди, фарқи мана мунча бўлди, шунча одам малака ишларини ёзди”– деб ҳисобот бериларди. Лекин у фойда беряптими ёки йўқ, бу борада ҳеч кимда таҳлилий бир хулоса бўлмасди. Малака ошириш бу – билим ва кўникмани ошириш, бу – диплом иши эмас, курсларга бакалавр ёки таълим даражасини олиш учун борилмайди. Шунинг учун у ердаги малака ишини ёзиш – абсурд масала. Имтиҳон олиш эса иккинчи кулгили масала. Хоҳлаган ривожланган мамлакат педагогик таълимидаги малака ошириш тизимини оладиган бўлсангиз, уларда имтиҳон олиш деган нарса йўқ. Лекин бошқача тушунча бор, яъни сиз бориб олган билимингизни қанчалик даражада ўзлаштирганингизни билиш учун баҳоланадиган бир механизм қилинган. Биз ҳам мана шу нарсани ўрганиб, қабул қилдик ва малака иши, имтиҳонларни тубдан бекор қилдик. Малака оширишга ўқитувчилар қўрқиб эмас, ўз хоҳиши билан эҳтиёжига қараб келиши лозим”.

Ўқитувчилар учун қўшимча онлайн қўлланмалар

Шундай қилиб, малака ошириш тизимини янгилашда биринчи босқичда ўқитувчиларга танлаш ҳуқуқи берилди, иккинчи босқичда эса малака ишлар, бир имкониятли кириш ва чиқиш тестлари бекор қилинди. Хўш, шу билан ишлар тугади ҳисобми? Йўқ, юқорида саналган енгилликлар 30 йил бир хил тизимда ишлаб келаётганлар учун янги, бу жараёнда муаммоларга дуч келиниши табиий. Буларни ҳал қилиш учун нималар қилиняпти?

“Бу борада ҳам кўп ишлар қилиняпти. 2 йилдан бери жойларда 60-70 минг нафар ўқитувчини қамраб олган ҳолда тўғридан тўғри тренинглар ўтказдик. Лекин шулар ҳам етарли эмас, чунки 500 минг ўқитувчи ҳақида гап кетяпти. 70 мингини қамраб олиб, хотиржам бўлолмаймиз. Шунинг учун унга параллел равишда малака ошириш платформасини батафсил ўргатадиган видеойўриқномаларни ишлаб чиқдик, бунинг учун телеграмларда ботлар яратдик. Ҳозирги 12 та видео тўпламимиз шу кунга келиб, 764 минг маротаба кўрилганини телеграм статистикаси кўрсатиб турибди. Дейлик, ҳар бир инсон 5-6 марта қайта-қайта кирса, шу видеоларни кўрганида деярли 100 минг устоз кўрган деб билишимиз мумкин.

Бу ҳам етарлими? Йўқ, етарли эмас. Агарда юқоридаги 2 та йўналишни бирлаштирадиган бўлсак, 50-60 ёки нари борса 70 фоиз аудиторияни қамраб олган бўламиз. “Қолган 30 фоизи билан қандай ишлайсиз?”– деган савол туғилади. Учинчи босқичда ечим сифатида техник кўмак бероладиган телеграм каналини яратдик. Эрталабдан кечгача, соат 8:00дан кечки 00:00га қадар фаолият юритади. Унда 4 нафар мутахассисимиз навбат билан келиб тушган саволларга максимал равишда жавоб беради.

Каналнинг йўлга қўйилганига 1 йил бўлса, 670 минг маротаба ёзувлар алмашилган, яъни мулоқот бўлган. Бунинг натижасида эса 250 минг нафар устозга ёрдам кўрсатилган, муаммолари бартараф этилиб, тушунмаган жойларини тушунтирганмиз. Ҳозирга келиб, 2 йил ичида 90 фоиз аудиторияни қамраб олдик. Аммо ҳанузгача етиб боришимиз керак бўлган қатлам очиқ қолмоқда. Биз бу борада ишларимизни давом эттиряпмиз”, – дея таъкидлайди Аюбхон Раджиев.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси Асрор Алмуродов.

Мавзуга оид