Жамият | 11:38 / 12.02.2023
47707
13 дақиқада ўқилади

“Онамнинг тақдири пешонамга битилган экан” — тўрт бола билан эри ташлаб кетган аёл ҳикояси

“Дадам бир аёлни уйга олиб келди. Бу менинг тутинган синглим, фарзанди йўқ, шу ерда даволанади, деди. Кейин билсак, унга уйланиб олган экан. Ўша аёл билан овора бўлиб, отам бизга эътибор қилмай қўйди. Онам эса рўзғор тебратиш учун бозорда кўкат сотарди”.

Фото: KUN.UZ

Оила қуриш ҳар иккала томонга ҳам масъулият юклайди. Эр ва хотин бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилмаса, турмуш аравасини тортишнинг ўзи бўлмайди. Аммо ёшликда рўзғор юкларини тенгма-тенг кўтариб, тўкин ҳаётга эришдим деганда аёл кишини ҳеч нарсасиз қолдириш, яна тўрт боланинг таъминотини елкасига ортиб қўйиш, боз устига болалардан бири ногирон бўлса, бу мард эркакнинг иши эмас.

Қашқадарёлик аёлнинг бошидан ўтганларини тинглар эканман, беихтиёр хаёлимдан шундай ўйлар ўтди.

Бахтсиз ўтган болалик

“Оилада 5 нафар фарзанднинг каттасиман. Ёшлигимизда дадам бувимнинг гапига кириб, онамни кўп урарди. Мактабни битирар чоғимда дадам бир аёлни уйга олиб келди. Бу менинг тутинган синглим, фарзанди йўқ, шу ерда даволанади, деди.

Кейин билсак, унга уйланиб олган экан. Ўша аёл билан овора бўлиб, отам бизга эътибор қилмай қўйди. Онам эса рўзғор тебратиш учун  бозорда кўкат сотарди. Ундан кейин ҳам жуда кўп жанжаллар бўлди. Дадам уйдан кет, деб онамни урарди.

1999 йил қўшнимиз мени опасининг ўғлига келин қилди. Қизлар бу кунни ҳаяжон билан кутади. Менинг эса ҳатто тўйим ҳам хурсандчилик билан ўтмаган. Сабаби, дадам онамни тўйдан икки кун олдин дўппослаб, юз-кўзларини кўкартириб ташлаганди.

Онам шўрлик ҳатто меҳмонларнинг олдига ҳам чиқолмаган. Тўйнинг бошида кундошлари турган. Тўй ҳам ўтди. Онанг яхши сеп қилиб бермаган, деб эрим кўп урарди. Имкон қадар, борича қилиб бергандилар.

Ҳомиладор бўлдим, аммо калтаклар сабаб ҳомилам нобуд бўлди. Орада вақт ўтиб, яна шу ҳолат такрорланди. Учинчи ҳомиламда эса жуда кўп асабийлашганим учун ўғлим касаллик билан туғилди.Уни ҳатто даволатишмади ҳам. Орада қийинчиликлар ва дилхираликлар кўп бўларди.

Қайнотам орага тушиб, кўп жанжал қиларди ва кўп урарди, ҳатто квартирага чиқариб қўйишди. Тўрт нафар қайнсинглим бор. Уларнинг, қайнона-қайнотамнинг хизматини қилардим. Катта рўзғор, ўзига яраша қийинчиликлари бор, ҳатто дам олишга ҳам вақтим бўлмасди. Жанжаллар кундан кунга кўпаяверди. Ахийри онамникига кетдим. Аммо эрим келиб олиб кетди.

“Укаларинг учун чида”

Онамга ажратиб олинг, десам, ўзи менинг ҳаётим бундай бўлиб ўтирибди, сеники ортиқчалик қилади. Чида, укаларингни ўйла, деб айтарди. Ўғлим учга кирганда уни қайнона-қайнотамга ташлаб, эрим билан Россияга ишлагани кетдик.

Бошида кўча тозаловчи бўлиб ишладик. Ўшанда ертўлада яшардик. Кейин эрим ишламай қўйди, 11 ой бекор ётди. Ўзим у ёқ бу ёқдан ишлаб келардим. Ишлаган пулларимнинг тийин-тийинигача қўлига топширардим. Ҳатто ўз эҳтиёжларим учун ҳам ишлатолмасдим.

У эса қайнотамга жўнатарди. Иш танларди, охири кафедан иш чиқди, бир муддат ишлади. Ишлаб туриб қайнсингилларимни ўқитиб, турмушга бердик. Бу орада қизимга ҳомиладор бўлдим. Туғишимдан икки ой олдин Ўзбекистонга келдик.

2007 йил қизим туғилди. Уч ойлик бўлганида яна Россияга кетдик. Яна ўша аҳвол. Қўлимда чақалоғим, кўчада ишлолмайман. Уйда у бу нарса қилиб сотардим. Уй-жой қиламиз, деб эрим пулларимни уйга жўнатаверди.

Укам ҳам ўша ерда эди. Ёрдам бериб, эримни ишли қилди. Яхши топардик. Лекин ўзим учун бир сўм сарфлай олмасдим. Шунинг ортидан эримнинг ота ҳовлисида уч хонали уй қурдик.

“Бошгинамда шу ҳам бор экан”

Ўғлим ёши етиб, мактабга чиқди. Бу вақтда биз дадаси билан Россияда эдик. Мактабга илк қадамларини ҳам кўролмадим. Биринчи синфлигида судирги берган. Дарсликларни ҳам ўзлаштира олмаган. Кейин махсус мактабга қўйдик. У ерда ҳам шу аҳвол бўлди.

Умуман ҳеч қанақа дарсни ўзлаштира олмади. У ердан ҳам чиқаришди. Кейин докторга кўрсатиш учун Ўзбекистонга келиб, уни Россияга олиб кетдим. Пул тўплаб, докторга кўрсатдик. Шифокорлар мияда қон қотиши, яъни эпилепсия ташхисини қўйишди.

Даволатиш учун анча кеч бўлган экан. Шунда ҳам даволатдик, судиргиси анча камайди, лекин ақли заифлигича қолди. Учинчи қизимга ҳам ҳомиладор бўлдим. Қайнотам ҳам Россияга ишлагани келди-ю, яна жанжал бошланди.

Бу ёқда қайнотам, у ёқдан қайнонам ақли заиф бола билан ўтасанми, бошқасига уйлан, деб эримга босим ўтказишарди. Онам ҳам ўша ерда эди, укаларим билан турардилар. Менга анча ёрдам қилардилар. Уларнинг мададлари билан анча дош бердим. Лекин охири сабр косам тўлди.

Жанжал, тазйиқлардан тўйиб кетдим. Ўғлимни олиб кетолмасдим. Ўғлимни қолдириб, катта қизимни олиб, Ўзбекистонга қочиб келдим. Бир ҳафтадан сўнг 2012 йил қизим туғилди. Синглим ёрдам қилди. Қизим икки ойлик бўлиб қолди.

Эрим телефон қилиб кечирим сўради. Ўғлим ўша ердалиги сабабли яна қайтдим. Бир муддат яхши яшадик, кейин яна жанжал, яна ўша аҳвол такрорланаверди.

Ўғлимни махсус мактабга ўқитаман, деб 3 болам билан Ўзбекистонга қайтдим. Тошкентда ижарада турдим. Аммо яшаш қийинлашаверди. Турмуш ўртоғим ижара пулимиз ва яшашимиз учун маблағ беролмади.

Қаршида ҳам махсус мактаб борлигини эшитиб кўчиб келдик. У ерда ҳам ижарада яшадик. Ўғлим мактабга бориб келарди. Лекин ўзлаштиролмади. Орада тўртинчи фарзандимга ҳомиладор бўлиб қолган эканман. Ҳомилам 5 ойлик бўлгунича эмизикли фарзандим борлиги сабабли сезмаганман ҳам. Ноилож, яна туғишга мажбур бўлдим. Кичкина қизим Қаршида туғилди.

“Тўрт болам билан қайга бораман?”

Онам билан синглим қизим туғилганида ёрдам килишди. Эрим ҳам келди. Бир ой туриб яна кетди. Шундан сўнг 3-4 ой ўтиб, пул жўнатишга оғриниб қолди. Уйга бориб тур, ота-онамдан кечирим сўра, деб мени бир амаллаб кўндирди.

Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Қўлимда икки чақалоғим, ўғлим ҳам чақалоқдан кам эмас. Қизим ҳали кичкина. Улар билан ишлолмасдим. Болаларимни олиб бордим. Бу вақтда қайнотам ҳам Россиядан қайтиб келганди. Қайнсингилларим ва қайнотам жанжал қилиб, бу ерда яшамайсан, деб уриб ҳайдашди.

Маҳалла раисини олиб келдим, улар киритиб қўйишди. Қозонимиз битта бўлгани билан алоҳида овкатланардик. Еб-ичаримиз ўлчамли эди. Баъзи пайтлар улар овқатни сузиб олиб, сув қўшиб қўйишарди. Ноилож ердик.

Нон ва егуликлар уларнинг хонасида турарди. Болаларим қорни тўйиб овқатланолмасди. Охири чидолмадим. Рўзғоримни алоҳида қилиб беринг, бўлмаса алиментга бераман, дедим. Эрим ойига 100 доллар жўнатарди. Еб-ичишга кийим-кечакка етказолмай қолардим.

Болаларимга Россиядан бировларнинг кийилган кийимини жўнатарди. Тикувчиликдан хабарим бор. Қўни-қўшнилар кийим тиктиришга олиб келарди. Аста-секин мижозларим кўпая бошлади. Тушган пуллардан болаларимни едириб-ичирардим. Уйга керакли анжомлар олардим.

Эрим яхши топарди. Ойликли ишидан ташқари таксичилик ҳам қиларди. Шундай бўлса-да, ўз оиласи учун пул жўнатгиси келмасди. Ҳар ойда жўнатиб турган пулини ҳам 40-45 кунда бир ташлайдиган бўлди.

Эрим келганида ота-онасининг олдида ётарди. Чойини,  ош-овқатини ҳам ўша ердан ерди. Нимага уйдан емайсиз, десам “сен менга “иссиқ-совуқ” қиласан”, дерди. Ваҳоланки, ҳеч қачон бундай иш қилмаганман.

“Пичоқ суякка қадалди”

Бир муддат туриб, миниб келган машинасини дадасига ташлаб кетди. Қайнотам қизларининг болаларини миндириб у ёқ бу ёқларга олиб борарди. Лекин менинг болаларим ҳатто машинанинг олдига борса, тегма, деб уришиб беришарди. Бирор жойга олиб бориш керак бўлса, бензин олиб берардим.

Шу тариқа яшаб келдик. Одамлар кўзига ҳаётим чиройли кўринарди. Бора-бора асабий бўлиб қолдим. Қўлим ҳам ишга бормай қолди. Сиқилганимдан бир кун шаҳарга бордим. Синглим ҳар хил егуликлар пишириб сотарди.

Ўша пайтда битта оёғини операция қилдирганди. Бир қўлида таёқ билан бозорга чиқарди. Оёғим оғрияпти, сен чиқмайсанми, деб қолди. Ўзи билан уч-тўрт кун чиқдим. Нарсалари яхши кетарди. Ўзим ҳам қизиқиб қолдим.

Болаларимга таътил бўлгани учун уларни ҳам олиб келдим. Мактаб бошлангач 2 кунга уйга бориб келадиган бўлдим. Катта қизим рўзғорни эплаб турарди. Келиб-кетиб юрасанми, болаларингни шу ерга мактабга қўй, деб синглим маслаҳат берди.

Шундан сўнг болаларимни олиб келдим. Ўғлим онамникида турди. 2021 йил қишида эрим келишига болаларимни уйга жўнатдим. Телефонда қаттиқ жанжаллашиб қолгандик. Шу сабаб ўзим бормадим. Россиядан келиб ҳам болаларимизга уст-бош олиб бермади. Пул ҳам бермади. Ўзи олти ойдан бери пул жўнатмаганди. Наҳотки болаларининг нима еб-ичиши билан қизиқмаса?

Уйимизда бир аёл боласи билан яшаётган экан. Бу сенинг уканг бўлади, қара-чи, менга ўхшайдими, дебди дадаси. Катта қизим йиғлаб келди. Кичкина қизларим хафа бўлишди. Энди бормаймиз, деб туриб олишди.

Хафа бўлса ҳам дадаси экан, соғиниб телефонда гаплашиб туришди. Бир-икки марта айлантиргани олиб чиқди. Бир куни телефон қилиб қизимга, кел, кийим олиб бераман, деб чақирди. Хурсанд бўлиб чиқиб кетган қизим икки пакет эски кийим билан хафа бўлиб кириб келди.

“Алиментга беришдан бошқа чорам қолмади”

Жаҳл устида алиментга бердим. Россияга қочиб кетмаслиги учун “запрет” ҳам қўйдирдим. 660 минг сўм олардим. Ўзим ижарага уй гаплашиб, нарсаларимни олиб келиш учун бордим. Эрим жанжал қилди. Яна маҳалла раисига аҳволимни айтдим. Хуллас маҳалланинг аралашуви билан баъзи нарсаларимни базўр олдим.

Тикувчилик қилиб олган янги музлаткич, темир кроват, яна у бу каттароқ нарсаларим бор эди. Кўп нарсаларимни бермади. Пешона терим билан топиб олганман, беринг десам, урмоқчи бўлди. Катта қизим онамни урманг, деб ўртага тушди. Қизимни бўғиб олди. Маҳалла раислари, участкавойлар зўрға ажратиб олишди.

Шундан кейин болаларимга ҳам телефон қилмай қўйди. Турмуш ўртоғим билан йигирма йил бирга ҳаёт кечирдик. Лекин зарра қадр топмадим. Уй-жойларимиз битганидан сўнг керагим бўлмай қолди. Маҳаллага борсам, кундошим билан битта уйда яшайверишим кераклигини айтишди.

Ўғлим ҳам пенсия олмаяпти. Ўзим тикувчилик қиляпман, лекин олаётган пулим рўзғорга етмаяпти. Ҳозирда уйимнинг ижарасига беришга ҳам пулим йўқ. Ажрашмаганлигимни далил қилиб, маҳалла “темир дафтар”га ҳам “аёллар дафтари”га ҳам киритмаяпти”, дейди аёл надомат билан.

“Учёт”им Шаҳрисабзда эмаслиги учун моддий ёрдам ҳам, болалар пулини ҳам ололмаяпман. Ҳозир аҳволим оғир. Ўғлимни нафақага чиқариш ҳар доим муаммо бўлиб келган. Кичкиналигида эплаш осон эди, катта бўлгани сари тинчлантиришга кучим етмай қоляпти. Ҳозир ёши 22 да.

Олти ойдан бери алимент олмаяпман. “Запрет” қўйилганига қарамай, қандайдир йўллар билан 2022 йилда Россияга чиқиб кетиб, алимент беришни тўхтатди.

Эрим Россияга қочиб кетгани учун ажрашишга ариза беролмаяпман. Яккабоғ туман прокуратурасига, туман хотин-қизлар қўмитасига ҳам бордим. Лекин қониқарли жавоб ололмадим.

Эрим алиментни бекор қилиб, Россияга кетиши учун судга ариза берган. Суд менинг иштирокимсиз эримнинг фойдасига ажрим қилиб, алиментни бекор қилган. Шу орқали Россияга кетиб, алимент бермай қўйди.

Бу суд иши майда бўлган экан, менинг хабарим йўқ. Алимент бермай қўйгани учун мурожат килганимда декабрь ойида шу қоғозни кўрсатишди. Тўрт болам билан нима қилишни билмаяпман”, дейди аёл чуқур уҳ тортиб.

Аёлнинг ҳикоясини тинглаб бошим қотди. Нима қилиш керак? Отасининг уйига боролмаса, эриникида қолгани билан биров бир бурда нон бермаса. Қайнона-қайнотаси рўзғорини алоҳида қилиб олган, эри Россияга қочиб кетган, камига кундош ҳам олиб келиб қўйган.

“Тикиш машинам бор-у, лекин эски. Тикувчиликка Тошкентга ишлаб чиқаришда икки ойдан ошиқроқ ишладим. Ўғлимни онам эплолмаганлиги учун қайтиб келдим. Кеча сайёр қабулга боргандим, ажрашмаганлигим сабаб ҳеч нарса қилолмас эканман.

Қаерга борсам ҳам ишим битмайди. Бошим қотди. На эрли, на эрсиз аёлман. Эрим бор, десам боқмайди, йўқ десам қонунан ажрашмаганман. Ишлаб келай десам, ўғлимга ким қарайди, ишламай десам уй қилишим керак”.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид