Ўзбекистон | 22:52 / 12.02.2023
27757
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қизлар оммавий равишда йўқолаётгани ҳақидаги хабар рад этилди

Қайд этилишича, кимлардир турли вақтларда йўқолган қизлар ҳақидаги хабарларни турли жойлардан олиб умумлаштирган ва воқеликка ваҳимали тус беришга, бу орқали аҳоли орасида саросима тарқатишга уринган.

Ўзбек тилидаги қатор Telegram-каналларда Тошкентда қизлар йўқола бошлагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Kun.uz масалага ойдинлик киритиш учун ИИВ ахборот хизмати билан боғланди.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга кўра, Теlegram мессенжерида тарқалган қизларнинг ғойиб бўлаётгани ҳақидаги хабарлар гўёки бу воқеалар бир-бири билан узвий боғлиқдек тасаввур уйғотса-да, ҳақиқатга тўғри келмайди. Буни қизларнинг турли кунларда, турли жойларда ғойиб бўлгани ҳам тасдиқлайди.

“Балоғат ёшига қадам қўяётган ўсмирларда уйдагилари билан чиқишмай қолиш ёки оиласидагиларга жаҳл қилиб бува-бувисиникига, дугонасиникига ёки бошқа қариндошлариникига кетиб қолиш тез-тез кузатилиб туради. Бу билан бундай хабарларга лоқайдмиз демоқчи эмасман. Бу каби хабарлар тарқалиши билан назоратга олинади ва тегишли хизматлар ёрдамида суриштирувлар ўтказилади. Ҳозирча қизларнинг йўқолгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларнинг бирортаси тасдиғини топгани йўқ. Чунки уларнинг ҳаммаси йўқолгани ҳақида 102 га ариза келиб тушган куни ё эртасига тезкор ходимлар томонидан топилган”, дейди Шохруҳ Ғиёсов.

Вазирнинг матбуот котиби кимлардир турли вақтларда йўқолган қизлар ҳақидаги хабарларни турли жойлардан олиб умумлаштирган ва воқеликка ваҳимали тус беришга, бу орқали аҳоли орасида саросима тарқатишга уринган.

ИИВ мулозими ушбу хабарлар ортидан 102 қисқа рақамига мурожаатлар кўпайиб кетганини таъкидларкан, Telegram-каналлари маъмурларидан ҳар бир ахборотни текшириб, сўнг эълон қилишни, текширилмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтди.

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид