Жаҳон | 11:10 / 13.02.2023
3030
3 дақиқада ўқилади

Мадридда соғлиқни сақлаш харажатларини қисқартиришга қарши намойиш ўтказилди

Испания пойтахти ҳукуматнинг соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатлар ва ходимлар таъминотини қисқартиришга қаратилган ҳаракатларидан норози.

Фото: AFP

Мадридда соғлиқни сақлаш тизимидаги харажатларни қисқартириш ва ҳукумат ҳаракатларига қарши норозилик билдириш учун 250 000 дан ортиқ намойишчи кўчаларга чиқди. Акциялар сони бўйича бундай ҳисоб-китоблар 12 февраль, якшанба куни маҳаллий ҳокимият органлари томонидан берилган. 

Ташкилотчилар, ўз навбатида, шаҳар марказидаги Cибелес майдонига 1 миллионга яқин одам тўпланганини айтди. Тадбир 74 турли гуруҳлар, жумладан, жамоат ташкилотлари, шифокорлар ва ҳамширалар уюшмалари томонидан ташкил этилди. 

«2010 йилдан бери амалга оширилган қисқартиришлар аҳоли саломатлигини бузмоқда», - деб маълум қилди dpa агентлигига Universitario de la Princesa касалхонаси шифокори. Ўртача ҳисобда - «ҳозирда ўн шифокор 15 кишининг иши билан шуғулланади», деб изоҳ берди Испаниянинг El País газетаси. Митингда депутатлар, таниқли санъаткорлар иштирок этди. 

Сармояни ошириш билан бирга улар Испаниянинг Мадрид автоном ҳамжамияти раиси Исабель Диас Аюсо истеъфосини талаб қилишди. Минтақа ҳукумати танқидни рад этиб, норозилик намойишларида 28 май куни бўлиб ўтадиган минтақавий ва муниципал сайловлар ҳамда Испанияда декабрга белгиланган парламент сайловлари олдидан «сиёсий сабаблар» борлигини айтди. 

Бундай акциялар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилди. Шундай қилиб, Галисиядаги Сантяго-де-Компостела шаҳрида, журналистларнинг сўзларига кўра, 20 мингга яқин намойишчи кўчаларга чиқди, Мадриддан 250 километр шимолда жойлашган Бургосда, полиция маълумотларига кўра, митингга 11 минг киши қўшилди. Иштирокчилар соғлиқни сақлаш харажатларининг минтақавий қисқартирилишига қарши чиққан. 

Сўнгги йилларда, айниқса 2020 йилда COVID-19 пандемияси бошланганидан бери, консерватив Халқ партияси вакили Исабель Диаз Аюсо бошчилигидаги Мадрид ҳукумати шифохоналар ва бирламчи тиббий ёрдам марказлари ходимларининг ёмон таъминоти учун бир неча бор танқид қилинган. 

Январь ойи ўрталарида Испания пойтахтида «Оқ тўлқин» деб номланган норозилик юришида 30 мингга яқин одам иштирок этган эди. Акция ташкилотчилари Мадрид мамлакатнинг энг бой минтақаларидан бири экани, бироқ ҳудудда бирламчи тиббий ёрдамга Испания бўйича аҳоли жон бошига энг кам маблағ сарфланишини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид