Жаҳон | 12:37 / 14.02.2023
7553
3 дақиқада ўқилади

Канада фуқароларига Беларусга сафар қилишни кечиктириб туриш тавсия этилди

Канадаликларга Беларусни яқин кунлар ичида тарк этиш тавсия қилинди. Бундан ташқари, «маҳаллий қонунларнинг ўзбошимчалик билан қўлланиши» ва Россиянинг Украинадаги уруши хавфи туфайли улар Беларусга саёҳат қилишдан бош тортишга чақирилди.

Фото: AP

Канада ҳукумати ўз фуқароларини «маҳаллий қонунларнинг ўзбошимчалик билан қўлланиши» ва Россиянинг Украинадаги уруши хавфи туфайли Беларусга саёҳат қилишдан бош тортишга чақирди. Тавсиялар Канада ҳукумати веб-сайтида жойлаштирилган. 13 февраль, душанба куни худди шундай огоҳлантириш Франция ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинди. Беларусдаги канадаликларга имкон қадар тезроқ кетиш ва ундан олдин эҳтиёт чораларини кўриш тавсия қилинди.

Канаданинг Полшадаги элчихонасининг Беларусда консуллик хизматларини кўрсатиш имкониятлари жуда чекланган, дея огоҳлантирди вазирлар маҳкамаси. «Канада ҳукумати мамлакатни тарк этишда ёрдам беришига умид қилмаслигингиз керак», дея қўшимча қилинади ҳукумат баёнотида.

Беларусда қолишни танлаганларга янгиликлардан хабардор бўлиш, нақд пул, зарурий нарсалар ва дори-дармонларга эга бўлиш, агар керак бўлса, бошпана излашга ҳамда транспорт ва асосий хизматларда юзага келиши мумкин бўлган узилишларга тайёр бўлиш тавсия этилди.

Бундан олдин худди шундай чақириқ Франция ТИВ томонидан ҳам янграган эди. «Россия томонидан Украинага қарши бошланган қуролли ҳужум ва Беларус ҳаво ҳудудининг ёпилиши фонида Беларусга ҳар қандай саёҳат расман тавсия этилмайди», — дейилади вазирлик хабарида. Франция фуқароларига Литва, Полша ёки Латвия билан чегара ўтиш пунктлари орқали дарҳол Беларусдан автомобиль орқали чиқиб кетиш таклиф қилинди.

13 февраль куни Американинг Москвадаги элчихонаси АҚШ фуқароларига «Россия қуролли кучларининг Украинага асоссиз кенг кўламли бостириб киришининг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари» туфайли Россияни тарк этишни тавсия қилди, шунингдек, Россияга боришдан бош тортишга чақирди.

АҚШ фуқаролари ноқонуний ҳибсга олиш хавфи ҳақида огоҳлантирилди. Дипломатик миссия, шунингдек, АҚШ ва Россиянинг икки фуқаролигига эга бўлган шахслар сафарбар қилиниши мумкинлигини таъкидлади.

Аввалроқ, 17 январь куни Беларус мухолифати етакчиларидан бири Светлана Тихановская DW нашрига берган интервьюсида Беларус ҳудудида 12 минг россиялик ҳарбий бўлиши мумкинлигини айтган эди. «Биз доимий равишда ҳарбий машғулотлар ҳақида, ҳарбий техника ва рус аскарлари бўлган поездлар етиб келишини кузатаётган кўнгиллилар тармоғимиздан маълумотларни оламиз», — деди Тихановская. «Бизнинг вазифамиз Беларус қуролли кучларининг ушбу урушга аралашишининг олдини олишдир», дея қўшимча қилди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид