Ўзбекистон | 12:31 / 14.02.2023
17035
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда наркокурьерларни калтаклаш эвазига 300-500 доллар пул олган муштумзўрлар қўлга олинди

Маълум бўлишича, пул эвазига ёлланган йигитлар наркотикларни белгиланган манзилга етказиб бермаган курьерларнинг “ақлини киритиб қўйиши” керак бўлган.

Интернетда пойтахтда наркокурьерлар аёвсиз калтакланган видеолар тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси “самосуд”да иштирок этган гуруҳ аъзолари ушланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, гиёҳванд воситалари савдоси билан шуғулланиб келган интернет-дўкон раҳбарлари топшириқларни бажармаган, ўғрилик қилган ёки бошлиғини ҳақоратлаган ишчиларнинг “ақлини киритиб қўйиш” учун муштумзўр йигитларни ёллаган.

Ҳар бир калтакланган “закладчик” учун 300-500 долларгача ваъда қилинган. Пуллар эса иш бажарилгач, курьерлар тавбасига таянтирилгани акс этган видеодалил тақдим этилгандан сўнг ижрочиларнинг пластик картасига ўтказиб берилган.

 “Мени чатга қўшишди. У ерда “спортик” деган вакансия бор экан, шунга ишга кирдим. Вазифам ”закладчик“ларни тутиб уришдан иборат эди. Бизга 6 кишини уриш бўйича буюртма беришганди”, – дейди гумонланувчилардан бири.

“Менга болалар наркокурьерларни тутиб уришимиз кераклигини айтишди. Рози бўлдик. Биз уларни дўппослаб, юзларига “зелёнка” суртардик. Пуллар гуруҳ ўртасида тенг бўлинарди. Мен битта “закладчик”ни урганим учун 400 минг сўм олганман”, дейди бошқа бир гумонланувчи.

“Биз “закладчик”лардан наркодўкондан узр сўрашни ҳам талаб қилардик”, дейди яна бир гуруҳ аъзоси.

“Самосуд”да қатнашган йигитлардан бири бошқаларни дўппослашни хоҳламагани сабабли курьерлар калтакланаётган пайтда ён-атрофга кўз-қулоқ бўлиб турганини айтади.

“Тергов ҳаракатларининг якунига кўра ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси (“Босқинчилик”), 277-моддаси (“Безорилик”), 130 прим 1-моддаси (“Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш”) бўйича айб эълон қилиниб, якуний қарор қабул қилиш учун судга тақдим этилган”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Муҳаммадкарим Маткаримов.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати томонидан тайёрланган видеода калтакланган йигитлар ҳам “оппоқ” эмаслиги, гиёҳванд воситалар савдосида иштирок этгани учун улар ҳам қонун доирасида жазога лойиқ экани алоҳида таъкидланади. Видеода калтакланган йигитлар айбларига иқрор бўлишган.

“Мазкур ҳолатни ўргимчак тўрига қиёслайдиган бўлсак, ушбу ўргимчак тўрида гиёҳванд воситаларни истеъмол қилувчи шахслар ҳам, гиёҳванд воситаларни етказиб берувчи “закладчик”лар ҳам, наркодўкон эгалари томонидан белгиланган қоидаларга риоя этишни истамаган иштирокчиларни жазоловчи шахслар – “спортик”лар ҳам аслида ушбу ўргимчак тўрининг қурбонидир.

Улар ўзлари қурбон эканини вақтида англаб етмайдилар. Ўргимчак тўрининг асл эгаси бўлган шахслар эса ташқаридан туриб уларни хоҳлаган йўриғига юргизиб, хоҳлаганча фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Республикасида қонун устувор. Унга кўра, гиёҳванд воситаларни ўтказиш билан шуғулланувчи шахслар ҳам, гуруҳ бўлиб уларни калтаклаш билан шуғулланган шахслар ҳам қилмишларига яраша жавобгарликка тортилади”, дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ катта терговчиси Дониёр Раимов.

13 февраль куни Тошкент вилояти ИИББ Қибрайда наркокурьерларни “самосуд” қилишда қатнашган ўндан ортиқ шахс ушланганини маълум қилганди.

Аввалроқ Тошкентда Теlegram-бот орқали гиёҳвандлик моддаларни тарқатиш билан шуғулланиб келган кладменнинг устига “зелёнка” сепиб “самосуд” қилинган, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми (“Одам ўғирлаш”) ва 105-моддаси 2-қисми (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид