Ту-160 бомбардимончи самолёти лойиҳасида ишлаган россиялик муҳандис АҚШга қочди
Россиянинг муҳим ҳарбий сирларидан хабардор бўлган муҳандис Қўшма Штатлардан бошпана сўради.
Ту-160 стратегик бомбардимончи самолёти лойиҳаси устида ишлаган россиялик муҳандис Қўшма Штатлардан бошпана сўради, деб хабар берди Yahoo News АҚШ божхона ва чегарани ҳимоя қилиш хизмати ҳисоботига таяниб.
Ҳужжатга кўра, 2022 йил декабр ойи охирида россиялик муҳандис оиласи билан зирҳли йўлтанламасда АҚШ-Мексика чегарасига етиб борган ва мамлакатга киришга рухсат сўраган. У қамоқдаги Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлагани ва Путинга қарши намойишларда қатнашгани учун таъқиблардан қўрқишини айтган. Шунингдек, ҳисоботга кўра, у «Россиянинг жуда қаттиқ ҳимояланадиган ҳарбий сирларини» ошкор қилишни таклиф этган.
Эркакнинг айтишича, у Қозон шаҳридаги «Туполев» авиация заводида муҳандис бўлиб ишлаган, у ерда 2018-2021 йилларда Ту-160 стратегик бомбардимончи самолёти лойиҳаси билан шуғулланган.
Журналистларнинг таъкидлашича, ҳисоботда Россия фуқаросининг барча шахсий маълумотлари, унинг ҳарбий сирларни хорижий давлатга бериш таклифи ошкор ёзилгани ўта ғалати ва мисли кўрилмаган ҳолат. Нашрнинг ўзи унга хавф туғдирмаслик учун муҳандиснинг исми-шарифини ошкор қилмаган.
Yahoo News маълумотларига кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик департаменти қарийб бир ярим ҳафта давомида эркак шахси ва унинг собиқ иш жойини аниқлаш билан шуғулланган. 11 январ куни у ишончли ва Қўшма Штатлар манфаати учун муҳим деб топилган. Шундан сўнг, кейинги сўроқлар учун ФҚБ ходимларига берилган.
Ту-160 товушдан тез стратегик бомбардимончи-ракета ташувчиси 1970 йилларда «Туполев» конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Унинг илк парвози 1981 йилда бўлиб ўтди, 1987 йилда бомбардимончи СССР Ҳарбий-ҳаво кучлари хизматига олинди.
2018 йилда Қозондаги самолёт заводи эски чизмалар асосида янги Ту-160 самолётини ишлаб чиқарди. 2022 йилда иккита Ту-160М бомбардимончи самолёти узоқ масофали авиация таркибига кирди.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024