Ўзбекистон | 19:53 / 15.02.2023
16986
9 дақиқада ўқилади

“Одам ўлсагина муаммомиз ҳал бўладиганга ўхшайди” – девори дарз кетган уйда яшаётганлар

Kun.uz Мирзо Улуғбек тумани Мағрур кўчасида жойлашган, 2020 йилдаёқ авария ҳолатида деб топилган хонадондан репортаж тайёрлади. Уйни қурган «Қуюн» МЧЖ раҳбари қурилиш давомида бир қанча меъёр ва талабларни бузгани, қурилиш жараёнида одам ўлимига ҳам сабабчи бўлгани, квартираларни одамларга алдов йўли билан сотгани учун суд томонидан 8 йил-у 2 ойга қамалган.

“2019 йил декабр ойида сотиб олинганда уй яхши ҳолатда бўлган. Икки-уч ойнинг ичида деворлар ёрила бошлаган. Кейинчалик ёриқ илгаридан бўлгани, унинг усти пўкак билан қопланиб, гулқоғоз билан яширилгани маълум бўлди. Уй шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя қилмасдан қурилгани учун кўп ўтмай ёриқлар кенгайиб кетган.

Қурилиш вазирлигининг «Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий текшириш давлат институтининг «O’ZGASHKLITI» ДУК томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида ушбу уй авария ҳолатида деб топилган. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассислари вазиятни ўрганиб, ушбу хонадон авария ҳолатида экани, аҳолини зудлик билан кўчириш зарур деган хулоса беришган ҳамда бу ҳақда туман ҳокимлигига, прокуратурага тақдимнома киритишган. Лекин булардан ҳеч қандай натижа бўлмади”, дейди 55-б уйдаги 17-хонадон эгаси Ниёра Умрзоқованинг ишончли вакили ва амакиси Валижон Умрзоқов.

«O’ZGASHKLITI» ДУК томонидан ўтказилган ўрганиш хулосаси Фото: Kun.uz

Авария ҳолатидаги уйда яшовчиларга кўра, девордаги ёриқлар 2020 йилдаёқ пайдо бўлган ҳамда вақт ўтгани сайин кенгайиб борган. Хонадон эгалари юзага келган муаммо ҳақида пудратчи, яъни “Қуюн” масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари ака-ука Азиз ва Равшан Зокировларга хабар беришган. Бироқ улар камчиликларни бартараф этиш ўрнига фуқароларга қаерга борсанг бор, қўлингдан келганини қил қабилида жавоб беришади.

Ака-ука Равшан (ўнгда) ва Азиз Зокировлар Фото: Kun.uz

Шундан сўнг ҳуқуқлари бузилган, ҳамияти топталган хонадон соҳиблари тегишли идораларга мурожаат қила бошлайди. Тинимсиз мурожаатлардан сўнг уйнинг қурилиш меъёрларига қанчалик мувофиқ қурилганини аниқлаш мақсадида прокуратура томонидан экспертиза тайинланади. Экспертиза давомида уй пойдеворсиз қурилгани, бундан ташқари, жуда кўплаб қурилиш меъёрларига мутлақо амал қилинмагани аниқланади.

“Уй пойдевордан бошланади. Пойдеворсиз иморатни уй деб бўладими? Уйнинг пойдевори йўқлиги тергов давомида тайинланган экспертизадан сўнг маълум бўлди. Республика суд экспертиза марказидан вакиллар келиб бинонинг ҳамма ёғини текширишди, сувоқларини кўчириб, девор ва пойдеворни кўздан кечиришди. Экспертизадан сўнг уй 38 та шаҳарсозлик меъёридан 27 тасига жавоб бермаслиги аниқ бўлди”, дейди Валижон Умрзоқов.

Девордаги ёриқ кенгайиб, эшикларни сиқиб қўйиши натижасида 17-уйда яшовчилар ташқарига чиқа олмай қутқарув хизматига мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Ёрдам кўрсатишга келган Мирзо Улуғбек тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари хонадоннинг кўча эшигини очиб беришади. Шу билан бирга, мутахассислар томонидан ушбу кўп қаватли уйнинг 17- ва 18-хонадонлари ҳолати қониқарсиз экани, пол чўкиб, уйлар авария ҳолатига келиб қолгани аниқланади.

Бу уйда яшовчилар биз билан суҳбат чоғида бошқа муаммоларни ҳам тилга олишди. Жумладан, 55-б уйдаги 11-хонадонда яшовчи Дилноза Бўронова хонадонининг деворларида ҳам ёриқлар юзага келгани ва улар борган сари кенгайиб бораётганини айтган бўлса, 39-хонадонда яшовчи Болим Мадеева 55-б уй нимстанцияга тақаб қурилгани, бу эса саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганидан шикоят қилди.

Болим Мадеева Фото: Kun.uz

 “2019 йили мана шу бир хонали уйни 8 минг долларга сотиб олгандик. Уйимиз уч қаватли уйнинг 3-қаватида жойлашган, майдони жуда кичкина. Бизнинг хонадонимизда ҳам ёриқлар бошланган. Уйнинг орасида нимстанция бор, ишлаши сершовқин. Уйга яқин қурилганидан ёз ойларида уйда ўтириб бўлмайди, деразаларни ҳам очолмаймиз.

Қолаверса, нимстанциянинг одамлар соғлиғига салбий таъсири бўлгани учун уни аҳоли турар жойларига тақаб қуриш мумкин эмас экан. Юрагим касал, нимстанция уйимизнинг биқинида жойлашганининг таъсирини ўзимда ҳис қиламан. Шу масалада қаерларга бормадим дейсиз. Неча марта туман ҳокими билан юзма-юз ўтириб шу муаммони гапирдик. Натижа бўлмади”, дейди Болим Мадеева.

Унинг қўшимча қилишича, хонадонлар ичидаги деворлар ҳам, квартираларни ажратиб турувчи деворлар ҳам гипсокартондан қилинган. “Қўшниларим сал қалтисроқ ҳаракат қилса ёки эҳтиётсизлик қилиб деворни уриб юборишса, шовқинидан чўчиб тушамиз”, дейди у. Аёл бундай ҳолатда қурилган уйлар қандай қилиб қабул қилиб олинганидан ҳайратини яширмайди.

Фото: Kun.uz

Суриштирувимиз мобайнида Мағрур кўчасида қурилган 55-б уйга олиб борувчи кўчага ўт ўчириш машиналари кира олмаслиги аниқланди. Бу эса ёнғин хавфсизлиги меъёрларига зид.

“Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган талаблар ҳам белгиланган. Унга кўра ҳар битта бино ораси 9 метрдан кам бўлмаслиги керак. Лекин ака-ука Зокировлар томонидан Мағрур кўчасида ёнма-ён қурилган уйлар орасини ўлчаб кўрганимизда 4,8 метр чиқди. Уй орқасида нимстанция бор, уйни орқароққа суриб бўлмайди. Олдинга ҳам суриб бўлмайди. Буни фақат бузиш керак”, — дейди Валижон Умрзоқов.

Валижон Умрзоқов Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, ака-ука Зокировлар 2019 йилгача 833 квартирали 19 та ана шундай “дом” қуришган. Улардан иккитаси айнан Мағрур кўчасида қурилган. Ана шундай уйларнинг биридан квартира сотиб олган Гулноза Ибрагимова биз билан суҳбатда у яшаётган уйнинг ҳам пойдевори йўқлиги, деворлар дарз кета бошлангани, шу сабабли ўзи ва фарзандларининг ҳаётидан хавотирда эканини маълум қилди.

 

 “Мен ҳам Равшан Зокиров томонидан қурилган уйлардан олганман. Менинг уйим ҳам Мағрур кўчасида жойлашган. Бизнинг уйимизда ёриқлар бошланган. Тўғри, бу ёриқлар кўчамиздаги 55-б уй 17-хонадонда бўлгани каби катта эмас, аммо уйларимиз битта қурувчи томонидан қурилгани, қолаверса, бизнинг уйда ҳам пойдевор йўқлиги бизни хавотирга солиб келади.

Бундан бошқа камчиликлар ҳам кўп. Жумладан, уйимнинг ичидан канализация ўтиб кетган. Уйимизнинг орқасидаги ҳарбий госпиталда қурилиш бўлганида уйимиз зилзила пайтидагидай зириллаб турган, қўрққанимиздан ўша пайтда кўчага чиқиб тургандик. Уй икки балли зилзилага ҳам дош беролмайди деб қўрқаман.

Зокировлар Мағрур кўчасида бир нечта кўп қаватли иморат ва ҳовлиси бор турар жойларни қурган. Уйлар бошқа жойлардан арзонроқ бўлгани учун пули камроқ, уйга муҳтож одамлар сотиб олишяпти. Аммо бу ердаги муаммолардан хабар топишгач, уйларни имкон қадар тезроқ сотиб кетишяпти. Бунга имкони йўқлар эса сабр қилиб яшаб туришибди”, дейди Гулноза Ибрагимова.

 

Ниёра Умрзоқова ҳамда унинг оиласи авария ҳолатидаги уйда яшаб келмоқда. Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги томонидан уларга вақтинча ижарада яшаб туриш таклиф этилган. Бироқ хонадон эгалари бошқа квартирага чиқиб кетиладиган бўлса, барчаси унут бўлиши ва бунинг оқибатида кўчада қолиб кетишлари мумкинлигини ҳисобга олиб бу таклифни рад этишган.

“Уйни қурганлар 6 ой, 1 йил бошқа жойда яшаб туринглар, ҳамма харажатни кўтарамиз. Бу вақтда уйларни қайтадан қурамиз дейишяпти. Демак, уларнинг қўлида пули бор. Ҳам ижара пулини қоплаб, ҳам янгидан уйни қургандан кўра бизга тайёр уй олиб беришни талаб қиляпмиз улардан. Шундан кейин уйни бузишадими, қайта қуришадими, бизга қизиғи йўқ.

Чунки Паркент деҳқон бозори атрофидаги ана шундай уй бузилиб, одамлар вақтинча ижарага чиқарилганига ҳам бир йилдан ошиб кетди. Ҳозир одамлар сарсон бўлиб юришибди. Биз бундай сарсон бўлишни истамаймиз.

Айни пайтда ҳеч нарса маълум эмас. Кимдир келиб уйларинг бузилади деса, бошқаси келиб реконструкция қилади деяпти. Ҳар хил мансабдаги амалдор келиб кўриб кетишяпти, аммо муаммомиз ҳал бўлмаяпти. Ҳозирча ҳеч ким қурбон бўлгани йўқ. Менимча, масала ечим топиши учун кимдир қурбон бўлиши шартми дейман. Қачонки одам ўлсагина иш олдинга силжийдими деб ўйлаяпман”, дея таъкидлайди Валижон Умрзоқов.

Ака-ука Азиз ва Равшан Зокировлар ҳамда улар асос солган “Қуюн” масъулияти чекланган жамияти томонидан Мирзо Улуғбек тумани Мағрур кўчасида қурилган уйлар билан боғлиқ муаммолар шу қадар чигалки, буларнинг барчасини бир мақолада тушунтириб бериш мушкул. Шу боис якка тартибдаги турар жой ниқоби остида қурилиб, сўнгра фуқароларга сотилган уйлар қурилишига рухсат берган, қурилиш тугаллангач турар жойни қабул қилиб олган мутасаддилар қандай қонунбузарликларга кўз юмишгани, бу ишларнинг ортида кимлар тургани ҳақида навбатдаги мақолаларимизда сўз юритамиз.

Жамшид Ниёзов, журналист
Оператор ва монтажчи: Жавоҳир Ғайратов

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид