Жаҳон | 11:07 / 15.02.2023
3362
2 дақиқада ўқилади

Суд экофаолларнинг Volkswagen'га қарши даъвосини қаноатлантирмади

Greenpeace томонидан қўллаб-қувватланган эко-фаоллар VW концернидан ички ёнув двигателли автомобиллар ишлаб чиқаришни тўхтатишни талаб қилишди. Суд қарорига кўра, улар зарарли газларга дош бериб яшашлари керак.

Фото: AP

Брауншвайгдаги ер суди экологик фаоллар ва Greenpeace ташкилотининг Volkswagen'га қарши даъвосини рад этди. Бу ҳақда суд қарорига таяниб, 14 февраль, сешанба куни Greenpeace хабар берди.

Атроф-муҳит фаоллари автомобиль ишлаб чиқарувчисидан Германия Федерал конституциявий судининг 2021 йилги қарорини амалда қўллашни талаб қилишди, унга кўра келажак авлодлар иқлимни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Хусусан, Volkswagen'дан 2030 йилгача ички ёнув двигателли автомобиллар сотилишини тўхтатиш талаб қилинди.

Суд фаоллар талабларининг қонунийлигини тан олди, бироқ судга кўра, улар нотўғри манзилга мурожаат қилган. Мулк, эркинлик ва соғлиқ ҳуқуқи каби асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш Volkswagen каби хусусий компания эмас, балки фуқаролар ва давлат ўртасидаги муносабатларда амалга оширилади, дея NDR суд раисининг сўзларидан иқтибос келтирган. Шунинг учун фаоллар Volkswagen ишлаб чиқариши ва зарарли моддаларни чиқариши билан келишиб яшаши керак.

Шу билан бирга, Greenpeace Volkswаgen компаниясидан ўз автомобилларида ички ёнув двигателларидан фойдаланишни тўхтатишга ҳаракат қилишни бас қилмаяпти. Навбатдаги уриниш 24 февраль куни бўлиб ўтади, ўшанда Детмолд суди Greenpeace томонидан ҳам қўллаб-қувватланган фермернинг даъвоси бўйича қарорни эълон қилади - у автомобиль ишлаб чиқарувчисидан ушбу турдаги двигателлардан воз кечишни талаб қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид