Ўзбекистон | 11:00 / 15.02.2023
4748
5 дақиқада ўқилади

“Тошкент шаҳри босқичма-босқич декарбонизация қилинади” – Халқаро транспорт форуми бош котиби

Ўзбекистонда атмосферанинг заҳарланишдаги 60 фоиз улуши автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Бу ривожланган давлатлардаги кўрсаткичдан 3 баробар кўп. Тошкентда ўтказилган тадбирда мамлакатда шахсий автомобиллар сони йилига ўртача 300 мингтага кўпайиб бораётгани ва бу шаҳарларда ҳаво ифлосланиши ҳамда иссиқхона газлари ошишига олиб келаётгани қайд этилди.

14 феврал куни пойтахтда “Тошкент шаҳри йўловчи транспортини декарбонизация қилиш йўналишлари” лойиҳасининг якуний тадбири бўлиб ўтди. Унда Халқаро транспорт форуми, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ вакиллари иштирок этди. Йиғилишда 2021 йилда бошланган лойиҳанинг якуний режалари маълум қилинди. Қайд этилишича, эндиликда пойтахт учун шаҳар мобиллигини яхшилаш режаси амалга оширила бошланади.

Дастлаб тадбирда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов нутқ сўзлаб, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини қисқартириш, атроф-муҳит ифлосланишида транспорт соҳаси улушини камайтириш ҳамда Ўзбекистон томонидан қилинаётган ишлар санаб ўтилди. Хусусан, Маҳкамов 2022 йил 2 февралда президентнинг тегишли қарори билан қабул қилинган “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси” доирасидаги чораларга тўхталди.

“Хусусан, концепцияда 2025 йилгача Тошкент шаҳрида жамоат транспортини қулай ва экологик тоза ҳаракат таркиби билан янгилаш орқали атроф-муҳитга салбий таъсирини 35 фоизга камайтириш белгиланган.

Кўрилаётган чораларнинг амалий аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсак, 2022 йилда Тошкент шаҳрига 20 дона катта сиғимли электробуслар олиб келиниб, мунтазам йўналишларга жойлаштирилди.

Электробусларнинг 10 ойлик эксплуатацияси натижасида атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажми ўтган йил кўрсаткичларига қараганда 56,8 тоннага қисқарди. Бугунги кунда жамоат транспорт паркини экологик тоза транспорт билан кенгайтириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Март ойидан бошлаб жами 1000 дона автобус олиб келиниши кутилмоқда”,– деди у.

Бундан ташқари, вазир мамлакатда шахсий автомобиллар сони йилига ўртача 300 мингтага кўпайиб бораётгани ва бу шаҳарларда ҳаво ифлосланиши ва иссиқхона газлари ошишига олиб келаётганини қайд этди.

“Шу сабабли сифатли, хавфсиз ва барқарор жамоат транспорт тизимини ривожлантириш орқали шаҳарларда кескин ошиб кетаётган хусусий автотранспорт сонини жиловлаш ҳамда аҳолининг жамоат транспортига бўлган ишончини орттириш устувор вазифаларимиздан ҳисобланади. Шу боис бугунги кунда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича комплекс ишлар амалга оширилмоқда. Мисол сифатида жамоат транспортини молиялаштиришнинг мутлақо янгича тизими жорий этиляпти, соҳани рақамлаштириш орқали самарали назорат тизимларини яратиш, йўналишлар тармоғини оптималлаштириш бўйича қилинаётган ишларни айтишимиз мумкин.

“Тошкент – Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида яшил транспорт йўлаги пилот лойиҳасини амалга ошириш, унда электробуслар қатновини йўлга қўйиш, бунинг натижасида ижтимоий, иқтисодий ва экологик кўрсаткичларни таҳлил қилиш ҳамда эришилган натижалар асосида Ўзбекистонда электротранспортни ривожлантириш бўйича йўл харитаси ва стратегиялари ишлаб чиқилди”, – дея қайд этади вазир.

Шунингдек, тадбирда Халқаро транспорт форуми бош котиби Ян Тае Ким ҳам қатнашиб, Тошкент йўловчи транспортини ривожлантириш мақсадида олиб борилган тадқиқотлар ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, лойиҳа Тошкентдаги йўловчи транспортини карбонсизлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, у Германия ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган.

Ян Тае Ким

“Тадқиқотларимиз давомида биз Тошкентда ҳал қилиниши керак бўлган бир қанча муаммоларни аниқладик. Айниқса шаҳарда ҳаракатни тўғри тартибга солиш, бунинг учун тўғри рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш, технологик жиҳатга эътибор қаратиш лозим бўлади. Бу борада биргаликда қиладиган қатор ишларимиз бор. Эҳтимол, бу осон бўлмаслиги мумкин, лекин биз берган тавсиялар орқали ҳеч бўлмаганда Тошкент шаҳрини декарбонизация қилиш бўйича босқичма-босқич ҳаракат бошланади. Декарбонизация нафақат транспорт соҳаси, умуман жамият учун жуда муҳимдир. Чунки фақатгина транспорт масалаларига қараб муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди, бунда транспортдан ташқаридаги секторлар билан ҳам ҳамкорлик қилиш керак. Яъни бу бизга янада яхлит ёндашув кераклигини англатади”,– дейди форум бош котиби.

Таъкидланишича, бу тадқиқотлар жами 7 та йўналишда олиб борилган, уларнинг энг асосийси Тошкентнинг мобиллигини ошириш ҳамда шаҳарни декарбонизациялаш ҳисобланади. Яъни бунда пойтахт ҳавосини яхшилаш, жамоат транспортидан фойдаланувчиларни кўпайтириш назарда тутилган.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Асрор Алмуродов, монтаж устаси Ғиёс Сафаров.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид