Наманган ва Фарғона ҳокимлари санъаткорнинг юбилейига бюджетдан 239 млн ажратди
Созанда Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 ёшли юбилейини нишонлаш учун шу йил январ-феврал ойларида Фарғонада 89 млн сўм, Наманганда 150 млн сўм ажратилди. Мусиқачи 70 ёшини ўтган йилнинг 9 июнида қарши олган ва бу ўша пайтда ҳам бюджет пулидан нишонланган.
Наманган вилояти ҳокими 2023 йил 15 феврал кунги қарори билан Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллик юбилейини ўтказиш учун вилоят бюджети захира маблағлари ҳисобидан 150 млн сўм ажратди. Шавкат Абдураззоқовнинг бу ҳақдаги фармойишига блогер Зафарбек Солижонов эътибор қаратди.
Ҳужжатга кўра, вилоят Маданият бошқармасининг хати инобатга олиниб, санъаткорнинг 70 йиллигига бағишланган концерт дастури муносабати билан Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” тантаналар мажмуасида байрам дастурхони ташкил этиш кўзда тутилган. Тадбирни ўтказиш билан боғлиқ харажатларга вилоят бюджети захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 150 млн сўм маблағ ажратилган.
Эътиборлиси, созанда ва бастакор, 1990 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган Абдуҳошим Исмоилов 1952 йил 9 июнда Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топган.
Июн ойида санъаткор 71 ёшни қарши олади. 70 ёшга кирганига қарийб 1 йил бўлаётган санъаткорнинг “70 йиллик юбилейи”га маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш Наманган вилояти ҳокимига нега керак бўлиб қолди?
Қолаверса, Шавкат Абдураззоқовнинг бу “сахийлиги” – Исмоиловнинг туғилган кунини нишонлаш бўйича халқнинг чўнтагидан пул ажратиш билан боғлиқ учинчи ҳолат.
Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллиги биринчи бор 2022 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги тегишли қарори билан атоқли олимлар, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг юбилей саналарини кенг нишонлаш ҳамда улар фаолиятини кенг тарғиб қилиш дастури тасдиқланган. Унга кўра, 2022 йил июнь ойида Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллиги нишонланган ҳамда тадбир Маданият вазирлигининг ҳар йилги маданий тадбирлар учун ажратилган бюджет маблағларидан молиялаштирилган.
2023 йилнинг 17 январ куни эса Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фармойиши асосида созанданинг 70 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган концерт дастури харажатлари учун вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳисобидан 89 млн сўм ажратилган.
Бозоровнинг бу фармойишида президентнинг 2020 йил 26 майдаги фармони ниқоб қилиб олинган. Гўёки президент фармони ижросини таъминлаш учун халқ артистининг юбилейига 89 млн сўм ажратилган.
Аммо президентнинг бу фармони ўз номи билан маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада оширишга қаратилган, халқнинг пулига артистларнинг юбилейини ўтказиб беришга эмас.
Авваллари санъаткорларнинг юбилейларини ҳокимлар халқнинг пулидан ўтказиб бермаган. Бу каби ҳолат энди кузатилмоқда.
Юбилейи такрор-такрор бепул ўтказиб берилаётган санъаткорнинг тўйларга чиқиш нархи билан ҳам қизиқиб кўрдик. Маълум бўлишича, Абдуҳошим Исмоилов 15 дақиқалик “бирров” дастури учун пойтахтдаги тўйларда 600 доллар, Фарғона вилоятида эса 2 600 доллар олади.
Ҳокимларнинг бюджет маблағларини бу каби “сочиб ташлаётгани” аҳолининг ғазаб ва эътирозларига сабаб бўлиши мумкин. Чунки битта юбилей учун 150 млн сўм ажратилиб турган бир пайтда вилоятнинг исталган ҳудудидан иситилмайдиган мактаб, боғча, суви бормаган кўча, деворлари тўкилиб тушган шифохоналарни топиш мумкин.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024