Автобуслар қатнови Food city'гача узайгани аҳолига ноқулайликлар келтириб чиқарди
Қўйлиқдан қатновчи автобус ва йўналишли таксилар энди Food city'гача бораётгани сабаб йўловчилар бекатларда анча кўп кутиб қоляпти, узоқ кутилган транспорт келганида эса тиқилинчдан унга чиқиш осон бўлмаяпти. Масъуллар қатнов масофаси чўзилгани ортидан интервалнинг узайишини инобатга олмаган. Улар яқинда олиб келинадиган янги автобуслардан умид қиляпти.
Тошкентда 10 февралдан бошлаб Қўйлиқдан қатновчи бир қанча автобус ва йўналишли таксилар қатнови Food city савдо мажмуасигача узайтирилди.
Бунга Фарғона йўли кўчасини Бектемир шоссеси билан боғловчи йўл ўтказгич қурилиши ва йўл-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб экани айтилди.
Натижада 5 та автобус ва 10 та йўналишли таксида жамоат транспортининг йўли салкам 6 кмга узайиб, савдо мажмуасининг автошоҳбекатигача бормоқда.
Бу – Бектемир туманида яшовчилар учун ноқулайликлар туғдираётгани айтилмоқда. Facebook'даги “Potrebitel.uz” каналига жойланган пост эгасининг айтишича, одамлар ишга бориш учун автобусларни 1 соатгача ҳам кутишмоқда.
“Бектемир тумани ҳокимига пиёдалар йўлаклари, йўллар учун катта раҳмат айтмоқчиман, шунингдек, барча транспортларни Қўйлиқдан Food city'гача олиб борганлари учун ҳам алоҳида ташаккур. Энди ишга бориш учун микроавтобус ёки автобусни бир соат кутишга тўғри келяпти. 1 соат кутган бўлсанг, ана энди унга чиқишга урин.
Пиёдалар йўлаклари алоҳида масала, улар шунчаки олиб ташланди ва ҳозир ундан арматура чиқиб турадиган ва ҳар ёмғирда сув билан тўладиган чуқурлик қолган. Ҳоким гавжум транспортда, шундай пиёдалар йўлакларида юришини, қўшимчасига устига автомобиллар сув сачратиб кетишини истардим”, – деган у.
“Қўйлиқ-1, 4 даҳаларидан бизга энг керакли бўлган 93-йўналишли такси олиб ташланди. Ҳаммаси “Жрать Сити”га олиб борилди…” – деб ёзади яна бир фойдаланувчи.
Шунингдек, постлардан бирида деҳқон бозори атрофидаги инфратузилма ҳақида ҳам ёзиб ўтилган.
“Шаҳар на ёмғирда, на қорда, на шамолда, на иссиқда ва на совуқда ҳаёт учун мос эмас. Агар Тошкентда ҳаво ҳарорати бироз бўлса ҳам ўртача бўлмаса, дарҳол муаммолар юзага чиқади.
Пойтахтда 1 кун ёмғир ёғди, иккинчи кун ҳам ёмғир ва тошқин бошланди. 20 йилдан бери шаҳар кимнингдир чап оёғи билан истаганича қурилади. Сув тошиши билан боғлиқ муаммолар фақат кўпайяпти”, – дейилади постда.
Kun.uz ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси матбуот котиби Элмира Нурованинг айтишича, бир қанча автобуслар қатнови Food city савдо мажмуасигача чўзилгани сабаб юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, мисол учун, интервалнинг кўпайиб кетиши ҳисобга олинмаган.
“1 мартдан бошлаб автобуслар келишни бошлайди ва интервали катта бўлган йўналишларга бириктирилади. Шунда Тошкент шаҳрида автобус оралиқ вақти билан боғлиқ муаммолар кузатилмайди, энг узун интервал 10 дақиқа бўлади”, – дейди у.
Шунингдек, Нурова бошқармага аввал ҳам шундай мурожаатлар келиб тушгани ва ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Бевосита шу жараёнларда иштирок этаётган бошқарма мутахассиси билан боғланишга уриндик, аммо бунинг иложи бўлмади.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024