Ўзбекистон | 19:44 / 17.02.2023
49996
3 дақиқада ўқилади

Бировнинг хотини билан қўлга тушган “участкавой” ишдан олинди

Бундан ташқари, Ғаллаорол тумани ИИБнинг 4 нафар раҳбари профилактика инспекторининг фаолияти устидан етарли назорат ўрнатмагани учун жазоланган.

Фото: Видеодан скриншот

Интернетда ички ишлар ходими кийимида бўлган ва маҳалла профилактика инспектори экани айтилган шахс хизмат вақтида бегона эркакнинг рафиқаси билан қўлга тушгани тасвирланган видео тарқалганди.

Мазкур маҳаллада яшовчилар ҳолатни видеога олиб, “участкавой” ва аёлни “самосуд” қилишга уринган. Видеода профилактика инспектори оломон саволларидан қочиб машинасига ўтирганча воқеа жойидан кетиб қолгани кўринади.

Жиззах вилояти ИИБ видеодаги шахс Ғаллаорол тумани ИИБ 2-сонли ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика катта инспектори Ж.Х. экани ва ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилганди.

Қайд этилишича, воқеага ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов назоратида хизмат текшируви ўтказилган. Ўрганиш давомида капитан Ж.Х.нинг ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси ҳамда Ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг бир қатор бандларини бузгани тасдиғини топган ва у ички ишлар органларидан бўшатилган.

Шунингдек, Ғаллаорол тумани ИИБнинг 4 нафар раҳбар ходимига профилактика инспектори фаолияти устидан етарли назорат ўрнатмагани учун интизомий чоралар қўлланди.

“Воқеанинг айрим иштирокчилари хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларида ифодаланган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқлангани сабабли тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судига юборилди”, дейилади Жиззах вилояти ИИБнинг баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 30 ноябрь куни Тошкентнинг Олмазор туманида хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ходими соат 00:50 ларда ўлдириб кетилганди. ИИВ “участкавой” профилактика инспектори ярим тунда оилавий можаро юзасидан чақирув жойига етиб борганида, аёлнинг эри уни 2 марта пичоқ уриб ўлдирганини таъкидлаганди.

Бироқ ижтимоий тармоқларда қотилликка рашк сабаб бўлгани, профилактика инспектори бошқа эркакнинг рафиқаси билан муносабатлари ортидан ҳалок бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Бироқ ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов буни рад этганди.

Мавзуга оид