Самарқанд судларида ҳар бири 13,5 млн сўмдан жаримага тортилган уч блогер Олий судда айбсиз деб топилди
Уч нафар блогер яшашга бошпанаси йўқлиги сабабли молхонада яшаётган аёл ҳақида кўрсатув эълон қилган. Паст Дарғом ҳокимлиги ва ИИБ уларни туҳмат қилишда айблаган.
Маълум бўлишича, самарқандлик блогер Жамшид Исматов ижтимоий тармоқда пастдарғомлик аёл Навбаҳор Улуғмуродованинг молхонада яшаб келаётгани тасвирланган видео тарқатган. Кейинчалик тасвирга олиш жараёнида яна икки нафар блогер ҳам иштирок этгани аниқланади.
Видеоматериалда аёлнинг турмуш ўртоғи вафот этгани, яшашга бошпанаси йўқлиги сабаб бугунги кунда укасига тегишли молхонада яшаётганлиги ҳикоя қилинган.
Бироқ Паст Дарғом тумани ҳокимлиги видеодаги иддаоларни рад этиб, мурожаатчи аёл муаммосини ўрганган блогерларни спектакль тайёрлашда айблаганди. Вилоят ИИБ эса уларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган.
Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг (судья: А.Ҳайдаров) қарори билан блогерлар – 1987 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган Насим Холов, 1985 йилда Паст Дарғом туманида туғилган Жамшид Исматов, 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Сирожиддин Одилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат), 45-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 202-2-моддасининг 1-қисми (Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш) билан айбдор деб топилиб, ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 13 млн 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 30 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Блогерларнинг шикояти асосида ишни кассация тартибида кўриб чиққан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси иш бўйича асосий гувоҳ Навбаҳор Улуғмуродовадан мазкур ҳолат бўйича тушунтириш олинмагани, дастлабки суриштирув органи томонидан қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани, биринчи инстанция суди ушбу хато камчиликларга эътибор қаратмагани, иш бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан ҳам юқоридаги қонун ва Олий суд пленуми қарори тушунтиришларига етарлича риоя қилинмасдан, биринчи инстанция суди чиқарган қарори ўзгаришсиз қолдирилгани, апелляция инстанциясида сўроқ қилинган блогерлар томонидан келтирилган важлар қандай асосларга кўра рад этилиши асослантириб берилмагани аниқланган.
Бундан ташқари, Кассация инстанцияси суди биринчи ва апелляция инстанцияси судларида кўриб чиқилган Ж.Исматов, Н.Холов ва С.Одиловларни туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, турар жойга унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда ноқонуний тарзда кириш, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларини содир этганликда айбли деб топиш учун асос қилинган далиллар уларни мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топиш учун етарли эмас ва блогерларнинг мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этгани исботланмаган деб топган.
Шунга кўра Жамшид Исматов, Насим Холов, Сирожиддин Одиловга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2022 йил 1 июлдаги қарори ҳамда уларга нисбатан чиқарилган Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси қарори бекор қилинган. Блогерларга нисбатан очилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.
Мавзуга оид
13:49
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024