Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тиббиёт ва педагог ходимлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Жорий йилнинг 17 февраль куни Сенат Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш бўйича қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Қонунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасида жиноят ишлари бўйича судларнинг тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходими фаолиятига қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлиги бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этаётганлиги таъкидланди. Педагог ходимлар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритилаётганлиги, улардан турли ҳисобот ва маълумотлар талаб этиб келинаётганлиги қайд этилди.
Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда.
Унга асосан педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиш белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.
Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш ёки қонунга хилоф равишда аралашиш, таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Кодексдаги санкциялар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид
17:10 / 02.05.2025
“Жаҳлдор ўқитувчи” — Самарқандда педагог болаларга ўта қўпол муносабатда бўлди
13:51 / 30.04.2025
Зўравонлик содир этишга мойил бўлган педагог ходимлар рўйхати шакллантирилади
15:41 / 28.04.2025
Баҳорги аттестациядан бошлаб айрим педагогларга 70 фоизлик устама тўланади
13:35 / 03.03.2025