Жаҳон | 16:00 / 18.02.2023
19547
6 дақиқада ўқилади

Харкивдаги кундалик ҳаёт ва Донбассдаги жангчилар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 359-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Украина вице-премьери Ирина Верешчук Бахмут аҳолисини зудлик билан шаҳарни тарк этишга чақирди.
  • Володимир Зеленский видеоалоқа орқали хавфсизлик масалалари бўйича Мюнхен конференциясида чиқиш қилди. У Украинани Довудга, Россияни — Голиафга тенглаштирган.
  • Украинада суд Антон Красовскийни геноцид ва ҳокимиятни зўрлик билан ағдаришга чақириқлар учун сиртдан беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.
  • Евгений Пригожин «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари Донецк областидаги Парасковиевка қишлоғини эгаллаганини маълум қилди. Украина ҳукумати бу маълумот бўйича изоҳ бермади.
  • The Insider, Le Monde ва Bellingcat суриштирувига кўра, Россиядаги «Ашан» инсонпарварлик ёрдами ниқоби остида Украинадаги Россия армияси учун маҳсулотлар юборган. Суриштирувда айтилишича, «Ашан» ҳарбий комиссариатларга ўз ходимлари тўғрисида ҳам маълумотлар йиғиб берган. Сафарбарлик эълон қилинганидан кейин ходимларга иш жойида чақирув қоғозлари топширилган. «Ашан» вакиллари Россия армияси таъминоти билан шуғулланганини рад этди.

 Кун кадри. Бучада дафн этилган украин ҳарбийси қабри

Қабристоннинг осколкалардан илма-тешик бўлган деворидаги дафн гулдастаси. Киев областининг Буча шаҳри 2022 йил март ойи охирида, Россия қўшини бу ердан чекинганида бутун дунёга машҳур бўлиб кетганди. Россияликлар ўзидан кунпаякун қилинган шаҳар ва унинг кўчаларида ўлдирилган тинч аҳоли вакилларининг ўнлаб жасадларини қолдирганди. Украина ҳукумати маълумотларига кўра, бир ой давом этган Россия истилоси вақтида Бучада тинч аҳоли вакилларидан 458 киши ҳалок бўлган (шундан тўққиз нафари болалар), уларнинг аксари ўқотар қуролдан етказилган жароҳат ва қийноқлар оқибатида жон берган.
Emilio Morenatti / AP / Scanpix / LETA

Харкив областидаги ҳаёт тарзи

Харкив областининг бир қисми кенг кўламли босқиннинг илк кунларида босиб олинганди. 2022 йил кузида Украина қарши ҳужумга ўтди ва региондаги шаҳар ва қишлоқларнинг аксарини қайтариб олди.

«Россия армияси беш ойдан ортиқроқ вақт давомида Харкив областида бўлиб турди. Ва бу вақтда оккупантлар одамлар учун нимадир қилишга уринмади ҳам, фақат яксон этишди, тортиб олишди ва олиб кетишди», — деганди Украина президенти Володимир Зеленский Украина армиясининг сентябр ойи ўрталаридаги муваффақиятли юриши тўғрисида гапириб.

Харкив областидан чекинган россиялик ҳарбийлар ҳудуддаги шаҳар ва қишлоқларни ўққа тутишни тўхтатгани йўқ. Қуйида ушбу ҳудудларда яшаётган одамлар ҳаёти суратларда. 

Украина фавқулодда хизматлари ходимлари Харкивда хизмат машинасига россияликларнинг С-300 тизими ракетаси қолдиқларини юкламоқда
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Харкив аҳолиси вакиллари кўнгиллилар тарқатаётган нон учун навбатда
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Харкивдаги ҳовлилардан биридаги манзара
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Старый Салтов посёлкаси (Харкивдан 40 километр, Россия билан чегарадан 20 километр масофада) аҳолиси вакили Шимолий Донни вақтинча кўприк орқали кесиб ўтмоқда, асосий кўприк жанглар вақтида вайрон бўлган. Украина армияси Старый Салтовни 2022 йил майида озод этганди.
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA

Украин аскарларининг Донбасс шимолидаги позицияси

Қирол Даниил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригада («Запад» оператив қўмондонлиги таркибига киради) жангчиси бошпанада дам олмоқда. Кадр Донецк областидаги олдинги чизиқлардан бирида олинган. Ҳудудда Россия юриши давом этмоқда — бу юриш аллақачон бошланиб кетгани ҳақида 16 феврал куни Володимир Зеленский ҳам айтиб ўтди. У Украина қуролли кучлари бу ҳужумларни ўзининг қарши ҳужуми бошлангунига қадар тўхтатиб туришда давом этишини қайд этди. Аммо бунинг учун Украинага ғарбдан янада кўпроқ қуроллар етказиб берилиши талаб этилади.
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийларининг Авдийивка атрофидаги бошпаналаридан бири — Донецк области марказий қисмидаги бу шаҳар истило остидаги Донецк билан чегарадош ҳисобланади. Авдийивка 2014 йилдан буён Украина қуролли кучлари назорати остида қолган
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Авдийивка атрофидаги бошпаналардан бири
Libkos / AP / Scanpix / LETA
24-алоҳида механизациялашган бригада ҳарбийси дам олиш вақтида
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги украиналик мерган 

Россиянинг Бахмутга юриши давом этмоқда. 17 феврал куни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма жангчилари шаҳар чегараларидан шимолроқдаги Парасковиевка посёлкасини эгаллаган, Украина қуролли кучлари таъминот йўлларидан бири шу ҳудуд орқали ўтарди. Парасковиевка эгаллангани ҳақида Евгений Пригожиннинг матбуот хизмати хабар қилган. Украина томони бу маълумотга муносабат билдирмади.
Yevhen Titov / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид