«Ағдарилганлар мажлиси». Қирғизистоннинг собиқ президентлари Дубайда нега учрашди?
Атамбаев у учрашувда собиқ президентлар қатнашиши ҳақида огоҳлантирилмаганини, фақат Садир Жапаров билан учрашув режалаштирилган бўлганини айтди. У учрашувни ҳеч ким билан хайрлашмасдан тарк этган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатнинг барча собиқ президентларини бир дастурхон атрофида йиғиб суҳбатлашганини айтиб берди. Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Ўтунбоева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жеэнбеков амалдаги президент иштирокида учрашув ўтказган.
«Мен собиқ президентларни бир дастурхонга атрофига йиғдим», деб ёзди Жапаров ўз саҳифасида. Президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев учрашув нейтрал ҳудудда бўлиб ўтганини маълум қилди.
«Биз ҳаммани бирлаштирган ҳолда халқнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз керак», деган Жапаров. У «дастлаб халқ сайлаган ва охири аянчли бўлган барча президентларни йиғсак, балки бир муштдек бирлашган ягона халқ бўлиб қоламиз», деган ўй ўзини узоқ вақтдан бери қийнаганини айтган. Учрашувда дастурхонга қирғиз миллий таомлари тортилган.
Жапаровнинг айтишича, собиқ президентлар «бир мушт бўлиш» ташаббусини қўллаб-қувватлаган, шунингдек, улар ҳам ўз дардини гапириб, хатоларини тан олган ва бир-бирини кечирган.
Учрашув қаерда ўтказилган?
Жапаровнинг постидан кейин қирғизистонликлар учрашув қаерда ўтгани ҳақида муҳокамага киришди. Чунки собиқ президент Курманбек Бакиев расман қочқинда ҳисобланади ва унинг Қирғизистонга қайтганига ишониш қийин эди. Алмазбек Атамбаев эса Испанияга даволаниш учун кетиш олдидан Дубайда дам олаётганди.
Баъзи манбалар учрашув Дубайда ўтганини ёзди ва кейинчалик бу маълумот яқинда қамоқдан озод этилган Алмазбек Атамбаев томонидан тасдиқланди. Атамбаев учрашув ҳақида гапирар экан, Жапаров айтганидай бирликни сақлаган ҳолда мамлакатда тинчликни таъминлаш ҳамда Курманбек Бакиевни Қирғизистонга қайтариш бошқа-бошқа нарсалар эканини айтди.
«Инглизча кетишга мажбур бўлдим»
«Жуда кўп қон тўкилди, бўлмаслиги керак бўлган жуда кўп ишлар бўлиб кетди. Аввало ҳалок бўлганларнинг яқинлари кечириши керак. Умид қиламан, Садир Жапаров менинг гапларимни эшитиб, тўғри қарор қабул қилади», деган Атамбаев.
Шунингдек, собиқ президентнинг айтишича, учрашув охирида шундай ҳолат юзага келганки, у ҳеч ким билан хайрлашмай «инглизчасига» даврадан туриб чиқиб кетган. Гап нима ҳақида эканини эса айтишни истамаган.
Собиқ президентнинг сўзларига кўра, учрашувда фақат Жапаров ҳамда Қирғизистон Хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бўлади деб ўйлаган ва бошқа собиқ президентлар келишини билмаган. Аммо Атамбаевнинг бу гапига ишониш қийин, чунки Қирғизистонда муаммосиз бўла оладиган одамлар Дубайда учрашишида мантиқ йўқ ва учрашув нейтрал ҳудудда ўтиши учун қочқиндаги кимдир унда иштирок этиши аниқ эди. Бакиев эса Қирғизистонга қайтишни ўзи учун хавфсиз деб ҳисобламайди.
Атамбаев нимани назарда тутди?
Алмазбек Атамбаев аввало ўлганларнинг яқинлари кечириши керак, деб 2010 йил апрел воқеаларидаги тартибсизликларни назарда тутган. 2005 йил «Қизғалдоқ инқирози»дан кейин ҳукумат тепасига келган Бакиев 2010 йилда ўзи ҳам мухолифат томонидан ағдарилганди. 2010 йилги тартибсизликлар қуролли тўқнашувга айланиб кетиб, кўплаб инсонлар ҳалок бўлган. Бакиев эса Беларусга қочганди. Бакиев қочганидан бир ой ўтмай Қирғизистон вақтинча ҳукумати ағдарилган президентни экстрадиция қилишни сўраб Беларусга сўров юборади. Аммо Александр Лукашенко бу талабни рад этади.
2012 йил ОАВда Бакиев Беларус фуқаролигини олиб, Минск яқинида уй сотиб олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 2014 йилда эса Бакиев британиялик тадбиркор Шон Дейлига уюштирилган суиқасдни ташкил этишда айбдор деб топилиб, сиртдан 25 йилга озодликдан маҳрум этилади.
Бакиев Қумтордаги олтин кони иши бўйича ҳам айбланиб, 2021 йилда халқаро қидирувга берилган.
Атамбаев президентлик вақтида ҳам Бакиев ва Акаевни кечириб бўлмаслигини айтганди. «Акаевни кечиришни сўрашади, аммо бундай одамларни қандай кечириш мумкин? Бизда нефть, газ йўқдир, лекин 100 тонна олтин бор эди ва бу пулларни яхши ишларга сарфлашимиз мумкин эди. У эса бу олтинларни еб тўймас қариндошларига топширди. Биз «Қумтор»нинг 67 фоизига эга эдик, энди фақат 16 фоизлик улуш қолди. Шахсан мен Акаевни ҳеч қачон кечирмайман», деганди у президентлик вақтида.
Атамбаев Бакиев Жеруй олтин конларидаги бойликларни сотишга ҳаракати ҳақида ҳам гапирганди. «Икки марта лицензияни 300 сомдан сотишган. Бакиевлар кейинчалик бунинг учун Березовскийнинг одамларидан яхшигина пул олган. Биз эса якунда 100 миллион долларга сотдик. Қандай қилиб бундай ярамас кишиларни кечириш мумкин? Ҳеч қачон кечирмайман уларни! Балки мендан кейин келадиган кимдир кечирар, мен кечирмайман», деганди собиқ президент.
Атамбаев Бакиевлар деганда собиқ президентнинг укаси ва ўғлини ҳам назарда тутган. Собиқ президент ОАВ билан учрашувда Қирғизистонда бундай одамларни қаерда бўлса ҳам ушлаб келадиган МОССАДга (Исроил махсус хизмати) ўхшаган ташкилот йўқлигидан афсусланишини айтган.
Жапаров Бакиевни ҳам кечирмоқчими?
Садир Жапаров бир неча кун аввал 11 йилга ҳукм қилиниб, ундан 3,5 йилини ўтаган Алмазбек Атамбаевни кечирганди. Дубайдаги учрашувдан кейин эса қирғизистонликлар ижтимоий тармоқларда Жапаров Бакиевни ҳам кечиришини тахмин қилишмоқда.
Ўз вақтида Қирғизистон бош вазири, Бишкек мэри ва мамлакат ички ишлар вазири бўлиб ишлаган Феликс Куловнинг айтишича, президентларнинг ярашиб олгани ўз йўлига ва бу борада ҳал қилувчи сўзни суд айтади.
«Президентлар ўзаро учрашиб, бир-бирини кечиргани уларнинг шахсий иши, лекин бу борада ҳал қилувчи сўзни учинчи ҳокимият – суд айтади. Чунки Алмазбек Атамбаев иши бўйича суд жараёни ҳали тугагани йўқ. Қурманбек Бакиев, унинг ўғли, укаси ва кўплаб тарафдорлари узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган.
Кўпчилик халқ уни кечирадими, деган саволни кўтармоқда. Менимча, бу аниқ жавоби бўлмаган риторик савол. Бир гуруҳ инсонлар кечириши, бошқа гуруҳ кечирмаслиги мумкин, масала бу билан ҳал бўлмайди. Чунки бутун халқ бир фикрда бўлмайди. Балки Худо ҳам кечирар, лекин буни билиш учун фақат [Худо билан] юзма-юз бўлиш керак.
Агар ҳукм қилинмаган бўлса ёки жазоламаслик чораси изланса, масалан, мустақил комиссия тузиш мумкин. Айтайлик, инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ комиссияси. Унинг натижасини ҳам барча тан олмаслиги мумкин. Шундай экан, собиқ президентни қанча яхши кўрсак ёки ёмон кўрсак ҳам, бу борада ҳал қилувчи сўзни суд айтиши керак», деди сиёсатчи.
Триллерга асос бўладиган учрашув
Марказий Осиё бўйича мутахассис Аркадий Дубновнинг айтишича, Қирғизистоннинг барча собиқ президентлари Дубайда учрашиши уникал воқелик ва бу экспертни ажаблантирган. «Қирғизистон президентлари армияси Дубайда учрашди. 30 йилдан буён Марказий Осиёдаги воқеаларни кузатиб, кўп нарсани кўрдим: қон тўкилишлар, кулгили воқеалар, драмалар. Ва энди мени бу ҳудудда нимадир ажаблантиради деб ўйламагандим. Лекин Қирғизистоннинг олтинчи президенти Садир Жапаров буни уддалади», деб ёзди эксперт.
Дубновнинг айтишича, бу учрашув кино қиладиган даражада ноодатий. «Учрашувда собиқ президентлар нимани ҳис қилганини тасаввур ҳам қила олмайман. Эпик характердаги бу картина келажакда томошабоп триллерга асос бўлади деб ўйлайман. Шу тариқа, Жапаров эртами кечми «президентларни ағдариш» анъанасини бузишга урингани ҳақида гапириб юрадиган бўлди», деб ёзди эксперт.
Мавзуга оид
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024