Жаҳон | 16:32 / 20.02.2023
16738
8 дақиқада ўқилади

Бахмут ҳамон «қайноқ нуқта», Авдийивкада ҳам жанглар давом этмоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 361-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • Украина ҳаво кучлари пресс-атташеси Юрий Игнат Россия ракета зарбаларини амалга оширишда янги тактика қўллай бошлаганини айтди, унга кўра, россияликлар дарё ўзанлари, жумладан Днестр ва Жанубий Буг дарёлари йўналишида кам миқдорда қанотли ракеталар учирмоқда. Игнатнинг сўзларига кўра, бу орқали россиялик ҳарбийлар ракеталарни максимал даражада ер юзасига яқин ҳаракатлантириб, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини четлаб ўтмоқда — бу тизимлар пастлаб учаётган жисмларни пайқаши қийин бўлади. 
  • Белгород области раҳбари Вячеслав Гладков Украина мазкур ҳудуддаги бир қанча аҳоли яшаш манзилларини ўққа тутгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, зарбалар оқибатида 12 ёшли бола ҳалок бўлган. Гладков ўққа тутилаётган ҳудудлар аҳолисини «ташкиллаштирган ҳолда олиб чиқиш» бошланганини маълум қилган.
  • NBC News телеканали ўз манбасига таяниб хабар қилишича, АҚШ Хитой Россияга ҳарбий ёрдам бераётганини гумон қила бошлади. Канал суҳбатдошининг маълумотларига кўра, гап жумладан «баҳорги юриш учун жиҳозлар» — ҳарбий форма ёки зирҳли нимчалар етказиб бериш ҳақида ҳам кетмоқда.
  • Аннексия қилинган Қрим парламенти раҳбари Владимир Константинов яриморолда украин бизнесменлари ва сиёсатчиларининг «миллиардлаб рубл» миқдоридаги 700 га яқин кўчмас мулк объектлари миллийлаштирилгани ҳақида хабар берди.
  • Америкадаги Урушларни ўрганиш институти экспертлари тахмин қилишича, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожинни РФ мудофаа вазирлиги билан янги қарама-қаршиликда қўлламаяпти. Кўп ўтмай Қодиров ўз телеграм-каналида «Вагнернинг махсус ҳарбий амалиёт ҳудудидаги муваффақиятларидан хурсанд бўлишдан тўхтамаслиги»ни айтиб чиқди.
  • Франция президенти Эммануэл Макрон унинг мамлакати Украина ғалаба қозонишини исташи, аммо ҳеч қачон Россия «тўлиқ яксон этилиши» тарафдори бўлмаслигини билдирди.

Авдийивкадаги фронт чизиғида турган украин ҳарбийлари

Уруш бошидан буён россияликлар Авдийивкани эгаллай олмади — бу шаҳар оккупация остидаги Донецк шаҳри билан чегарадош ҳисобланади. Россия қўшини шаҳарни ўққа тутаётган маҳалда бу ерда эвакуациядан бош тортган аҳоли яшашда давом этмоқда — булар асосан кекса ёшли кишилар ёки яқинларига ғамхўрлик қилиши керак бўлганлар. Украина қуролли кучлари бош штабига кўра, Россия Авдийивка йўналишида ҳам кенг кўламли ҳужум бошлашга тайёрланмоқда. Қуйида фронт чизиғидаги Авдийивкани ҳимоя қилаётган украин ҳарбийлари акс этган суратлар.

Украин ҳарбийлари италияликлар ишлаб чиқарган OTO-Melara Mod 56 гаубицасидан ўқ узмоқда. Украина бундай турдаги бир неча гаубицани Испаниядан қабул қилиб олган. Бундай гаубицалардан фойдаланишни ўрганиш учун украин ҳарбийлари Испанияга махсус курсларга бориб келган.
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Oto Melara Mod 56 гаубицасидан ўт очишга тайёрланаётган украиналик ҳарбий хизматчилар
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Авдийивкада россияликларнинг ракета зарбаларидан шикастланган уй. Бу уй ҳам шаҳардаги кўплаб уйлар қаторида ташлаб кетилган
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Бахмутдаги ҳаёт

2023 йил қишида Бахмут — фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб турибди. Бу шаҳар учун жанглар 2022 йил июлидан буён олиб борилмоқда; Россия томонида ҳарбий ҳаракатларда асосий ролни «Вагнер» ёлланма жангчилари бажармоқда. Бахмутнинг эгалланиши Россия учун кўпроқ рамзий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлади, шаҳар устидан назорат қўлга киритилиши стратегик нуқтайи назардан Россия армиясига олдинроқ юришни кафолатламайди. Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина учун Бахмутни ҳимоя қилиш муҳим, аммо «ҳар қандай қурбонлик эвазига эмас». Украинлар президенти 20 феврал куни Италия нашрига берган интервюсида Украина қуролли кучлари фронтнинг бу участкасида курашни фақат «мантиққа тўғри келадиган вақтга қадар» давом эттиришини айтиб ўтди.

Урушга қадар Бахмутда тахминан 70 минг киши яшаган, ҳозир эса, маҳаллий расмийларнинг баҳоларига кўра, шаҳарда аҳолининг 5 фоизи қолган. Украина вице-премьери, вақтинча босиб олинган ҳудудларни қайта интеграция қилиш бўйича масъул бўлган Ирина Верешчук 2023 йил январида Бахмутда «тинч аҳоли вакилларидан олти минг киши қолгани»ни айтганди. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленконинг феврал ойидаги маълумотларга кўра, шаҳарда тинч аҳоли вакиллари янада камайган — улар беш минг атрофида қолган, шундан 140 нафари — болалар.

Россия томонидан берилган навбатдаги зарбалардан кейин Бахмут узра ҳосил бўлган тутун
Yevhen Titov / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик кўнгиллилар Бахмутда қолган тинч аҳоли вакиллари учун инсонпарварлик ёрдами олиб кетмоқда
Maria Senovilla / EPA / Scanpix / LETA
Бахмутдаги украиналик ҳарбий хизматчи
Maria Senovilla / EPA / Scanpix / LETA
Бахмутда россияликлар снарядларидан вайрон бўлган спа-марказ
Maria Senovilla / EPA / Scanpix / LETA
Бахмутдан эвакуация қилинаётган аҳоли
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Maria Senovilla / EPA / Scanpix / LETA

Миколайивда электр ўчирилиши

Ўтган йил охирида Россия томонидан Украина инфратузилма объектлари ёппасига ўққа тутилгани туфайли ҳамон кўплаб ҳудудлар, шу жумладан Миколайив шаҳрида ҳам электр ўчган. Украина ҳукумати ҳамон турли ҳудудларда вақти-вақти билан токни ўчиришга мажбур бўлмоқда, аммо инфратузилмалар фаолияти босқичма-босқич тикланмоқда.

Lisi Niesner / Reuters / Scanpix / LETA

Донецк ўққа тутилиши оқибатлари

19 феврал куни Украина қуролли кучлари аннексия қилинган Донецк шаҳри ва унинг атрофидаги Россия назоратида бўлган аҳоли яшаш манзилларига артиллерия зарбалари йўллади. Донецкнинг Россия томонидан тайинланган мэри Алексей Кулемзин ҳужумлар оқибатида бозор ҳудуди шикастлангани, шунингдек снарядлар кутубхона, мактаб ва турар жой биноларига келиб тушганини маълум қилган.

Снаряд келиб тушган прокуратура биноси томидаги қуюқ тутун. Ҳужум оқибатида бино томида ёнғин чиққан
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Аннексия қилинган Донецк шаҳри прокуратураси биноси томида чиққан ёнғинни ўчираётган ўт ўчирувчи
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Россия ҳарбийлари оккупация қилинган Донецкда украин снарядлари келиб тушган жойни текширишмоқда
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид