Ўзбекистон | 12:07 / 24.02.2023
7353
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда кўп квартирали уйлардаги қонунбузилиш ҳолатлари учун 6 млрд сўмлик жарималар расмийлаштирилган 

8213 та кўп квартирали уйларда 11 778 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. 2022 йилда кўп квартирали уйларда энг кўп қонунбузилишлар туташ ер участкасида ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари билан боғлиқ.  

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

2022 йил давомида 8213 та кўп квартирали уйларни ўрганиш натижасида 11 778 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Кun.uzʼга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумот берди.  

Ўтган йили кўп квартирали уйларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари таркиби қуйидагича: 

* Туташ ер участкасида ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари – 5 786 та (4101 таси бартараф этилган);  

* Умумий фойдаланишдаги жойларни эгаллаб олиш ҳолатлари –  

4 024 та (3639 таси бартараф этилган); 

* Тўсиқ конструкциялари бузилишига оид ҳолатлар –  1365 та (280 таси бартараф этилган);  

* Уйнинг таянч конструкциялари бузилишига оид ҳолатлар –  603 та (125 таси бартараф этилган);  

Вазирликнинг маълум қилишича, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан берилган мажбурий кўрсатмаларга асосан жами 6 798 таси бартараф этилган.

“Қолган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича Уй-жой фонди инспекцияси томонидан жами 2 576 та 6 млрд сўмлик  маъмурий жарималар расмийлаштирилди”, – дейилади расмий изоҳда.  

Маълумот учун, 2023 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ислоҳотлар доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бирлаштирилди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, шунингдек, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси негизида ҚУХВ ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирининг деворлари ёрилиб кетгани хабар қилинган эди. Кейинчалик кўп қаватли уйни қурган ва сотган шахслар қамоқда экани маълум бўлди.

Аввалроқ, Янгиҳаёт туманида мулкдорлар кўп қаватли уйнинг том қисмидан ноқонуний равишда уй қуриб олгани аниқланганди.

Мавзуга оид