Ўзбекистон | 14:35 / 24.02.2023
11065
2 дақиқада ўқилади

Пиёдалар йўлаги қолиб темирйўлдан ўтмоқчи бўлган фуқаронинг оёғини поезд босиб кетди

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги темирйўлларда бир фуқаро бош қисмидан жароҳатлангани, иккинчиси эса ўнг оёғидан айрилгани маълум қилинди. Ўрганишлар давомида бу икки шахс мунтазам равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиши аниқланган. 

Фото: Видеодан кадр

“Миллар” кўрсатувининг ижтимоий тармоқда эълон қилинган видеосига кўра, 11 феврал куни Тошкент вилоятининг Тошкент тумани Келес-Сариагаш темирйўлида 80 ёш атрофидаги эркак уйига бориш учун пиёдалар йўлагидан фойдаланмасдан, тўхтаб турган юк поездининг остидан ўтмоқчи бўлган. Шу вақтда поезд ҳаракатланиб, фуқаронинг ўнг оёғини босиб кетган.

Масъул ходимнинг кўрсатувга берган интервьюсига кўра, ўнг оёғидан айрилган шахс шифохонага ётқизилган, ҳозирда унинг аҳволи яхши.

“Терговга қадар текшириш жараёнлари натижасида бу фуқаро мунтазам равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб юриши аниқланган”, – дейди у. 

Шунингдек, 16 февралда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Салар-Чуқурсой темирйўл бекатлари оралиғида 60 ёшли эркакни поезд уриб юборгани ҳам маълум қилинди. Бунинг оқибатида фуқаро бош қисмидан жиддий жароҳатланган. Қайд этилишича, ўрганиш давомида бу фуқаронинг ҳам спиртли ичимликлар истеъмол қилиши аниқланган.

Мутасаддиларнинг айтишича, мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида темирйўл атрофига махсус темир панжара ёки бетон девор билан ўраш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид