Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Грузияда «хорижий агентлар» ҳақидаги қонун лойиҳаси тайёрланди. ЕИ огоҳлантириш билан чиқди
Грузия парламентига тақдим этилган «чет эл таъсири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси демократия қадриятларига зид, деб огоҳлантирди Европа Иттифоқи.
Грузия парламентига тақдим этилган «чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Грузия сиёсий раҳбарларининг Европа Иттифоқига қўшилиш ва демократия қадриятларини қўллаб-қувватлаш йўлини давом эттираётгани бўйича «жиддий хавотирларни» келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг расмий вакили Набила Массрали маълум қилди. Тегишли баёнот 24 февраль, жума куни Европа ташқи алоқалар хизмати сайтида эълон қилинди.
«Фуқаролар бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги учун қулай муҳит яратиш ва қўллаб-қувватлаш демократиянинг ўзагидир» ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишида муҳим бўлган 12 та устувор йўналиш рўйхати бир қисмидир, дейилади баёнотда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса «бу интилишларга, шунингдек, Европа Иттифоқи нормалари ва қадриятларига зид бўлади».
«Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Грузия парламентига «Халқ кучи» жамоат ҳаракати томонидан тақдим этилган. У мамлакатда Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кўп ўтмай пайдо бўлди ва мақсадларидан бири сифатида «либерал мафкура тарғиботи» ва «Ғарбнинг Грузияни урушга тортиш истаги»га қарши курашни белгилади.
Ҳужжатга кўра, молиялаштиришнинг 20 фоизини хорижий давлатдан оладиган ННТ ва оммавий ахборот воситаларини «хорижий агентлар» реестрига киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу қоида реклама шартномаларига тааллуқли эмас. «Хорижий агентлар» реестрида рўйхатдан ўтишдан бош тортганлар 25 минг лари (8800 евро) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. «Хорижий агентлар» рўйхатига киритилган юридик ёки жисмоний шахс йиллик декларацияларни тақдим этиши шарт. Шунингдек, ушбу реестрга киритилган шахсга давлат хизматчиларидан ҳар қандай маълумот олиш тақиқланади.
«Халқ кучи» ҳаракатига ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясининг собиқ аъзолари томонидан асос солинган, партия - худди ҳаракатнинг ўзи каби - мухолифат томонидан бир неча бор россияпарастликда айбланган. «Хорижий агентлар» бўйича ташаббус муаллифлиги ҳам ҳукмрон партияга тегишли – у парламентда қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва «Халқ кучи» билан биргаликда бу органда мутлақ кўпчиликни ташкил этади.
DW билан суҳбатлашган экспертларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг мақсади мамлакат собиқ президенти Михаил Саакашвилининг ҳибсда сақланиши муносабати билан ЕИ томонидан танқидга қарши туриш ва Грузия Европани рад этиши ғояси билан Ғарбни шантаж қилишга уриниш бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
15:45 / 27.05.2025
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни АҚШ билан биргаликда қўлламоқчи
20:02 / 24.05.2025
G7 саммити ва Трампнинг божлари: музокараларда аниқ натижалар кўринмади
16:42 / 24.05.2025