Ўзбекистон | 12:29 / 25.02.2023
8506
2 дақиқада ўқилади

Полша Ўзбекистонда электр ёритиш мосламалари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга оширади

Ўзбекистоннинг Полшадаги элчиси Баҳром Бобоев Зелёна-Гура шаҳридаги LUG Light Factory компанияси бош идорасига ташриф буюриб, корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари, ёритиш ускуналари ва ақлли шаҳар технологиялари ҳамда тадқиқот ва ишланмалар марказининг фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Мамлакат дипломатия ваколатхонаси раҳбари LUG Light Factory бош директори Т.Макарски билан музокаралар ўтказди. Компания томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ўзининг тежамкорлиги ва экологик тозалиги билан ажралиб туради. Жумладан, замонавий ёритиш ускуналари 75 фоизгача бўлган энергияни тежашга ёрдам беради.

Музокаралар чоғида T.Макарски Ўзбекистонда дастлабки босқичда ишлаб чиқаришни босқичма-босқич 40-50 фоизгача маҳаллийлаштириш билан шаҳар ёритиш мосламаларини кўп тармоқли йиғишни ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди. Киритиладиган сармоянинг дастлабки миқдори 6-7 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Учрашув якунларига кўра, қуйидаги келишувларга эришилди:

- электр ёритиш мосламаларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш;

- ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш, уни тасдиқлаш ва ҳаётга татбиқ этиш;

- компания имкониятларини синаш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан танланган йўлнинг 300 метр қисмида LED технологияларининг афзалликларини кўрсатишга қаратилган тажриба лойиҳасини амалга ошириш;

- тегишли вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар раҳбарияти билан келажакдаги режаларни батафсил муҳокама қилиш мақсадида компания делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил қилиш;

- компаниянинг ишлаб чиқариш имкониятлари, ёритиш ускуналари ва ақлли шаҳар технологиялари ҳамда тадқиқот ва ишланмалар маркази фаолияти билан танишиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Полшага амалий сафарини уюштириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид