Жамият | 13:50 / 26.02.2023
32311
10 дақиқада ўқилади

«Болаларим мени туғган онасидан кам кўришмайди» – ўгай фарзандларини меҳр билан тарбиялаган аёл ҳақида ҳаётий ҳикоя

«Янги хонадонга борар эканман, «болалар қандай кутиб оларкин?» деган ҳадикда эдим. Ҳовлига кириб болаларга қарадим. Уларнинг кўзлари маъюс боқар, лекин ҳеч бири менга ола қарамасди. Ўшанда отаси «хуш кайфиятда кутиб олинглар деб тайинлаган бўлса керак деган гумонга ҳам бордим. Бироқ кейинчалик улар оналари вафот этгани учун тақдирга тан берганларини кўрдим».

Электрон почтамга келган навбатдаги мактуб ҳам аёл кишидан экан. Мактубда аёл ўз ҳаётини ҳикоя қилиб берар экан, бугун жамиятда шаклланиб улгурган айрим салбий ҳолатлар ўзини четлаб ўтганини ёзган.

«Бугун жамиятимизда ўгай она ёки ўгай фарзандлар кўпинча салбий бўёқларда тасвирланади. Кимдир ўгай онани айблайди, кимдир фарзандларни. Мен ҳам тўрт нафар ўгай болани тарбияладим. Бироқ болаларим мени жуда ҳам яхши кўришади, мен эса уларни. Фарзандларимнинг ўгайлиги мутлақо билинмайди. Улар ўзимнинг болаларимдай бўлиб кетишган», деб ёзади аёл.

Аёлнинг ёзишича, биринчи турмушидан фарзанд кўра олмагани учун ажрашган ва хотини вафот этиб, тўрт фарзанд билан ёлғиз қолган эркакка турмушга чиққан. Сўнг болаларни ўз боласидай оқ ювиб, оқ тараб тарбиялаган.

«Бўйим етиб вақти соати келганда маҳалламиздаги ибратли оилага келин, тарбияли бир йигитга умр йўлдош бўлдим. Қайнота-қайнонам жуда яхши одамлар бўлиб, ўғилларига ҳам яхши тарбия беришган эди. Қисқаси, жуда бахтиёр эдим.

Бироқ тўкис бахт бўлмайди дейишганидай менинг ҳам ширин ҳаётимга бир муаммо соя солар эди. Турмуш қурганимизга бир-икки йил бўлса-да ҳеч бўйимда бўлмасди.

Эрим билан шифокорларга кўриндик, ўзимизни текширтирдик, айб менда экан. Бу ҳақда эшитган кунимда ўзимни йўқотиб қўйдим.

Мен учун ҳаёт тугагандай бўлди. Эрим мени юпатар, ноумид бўлмасликни, Худо бераман деса Ўзига осонлигини айтарди.

Ўшанда шифохонадан қайтар эканмиз, туғмайдиган келин кимга ҳам керак, қайнотам ва қайнонам мени қувиб юборишади деб ўйлардим. Бироқ қайнотам ва қайнонам ундай қилишмади.

Иккаласига ҳам раҳмат, менга ошиқча гапиришмади, аксинча юпатишди. Худонинг даргоҳидан умид узмаслигимни айтишди.

Менинг бепуштлигим ҳақидаги гап қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасида тарқалгач қайнота-қайнонамга «келинингизнинг жавобини берворинг, ўғлингизни бошқага уйлантиринг» деб маслаҳат берадиганлар кўпайди. Бироқ улар парво қилишмади.

Билишимча эримга ўртоқлари ҳам шу маслаҳатни берган. Эрим мени жуда яхши кўрар, ҳар доим «бизни ўлим ажратади», дерди.

Шу тахлитда гап-сўзларга чидаб 2-3 йил яшаб қўйдик. Эрим-ку гапида собит эди, бироқ сезяпман, қайнотам ҳамда қайнонам мўъжиза юз беришидан ва фарзанд кўришимдан умидларини узишган.

Кунлардан бир кун ўтириб обдан ўйладим. Тўғри, Худонинг даргоҳи кенг, ўлгунимча Ундан умид қилавераман. Бироқ қачонгача? Эрим ҳам фарзанд кўриши керак. Қайнота ва қайнонам набираларини эркалашлари керак. Мен ўз нафсимни деб уларни азобга қўймаяпманми?

Шундан сўнг бир қарорга келдим, ота уйимга қайтаман. Эрим бошқа аёлга уйлансин. Қайнотам ва қайнонам бу қароримни эшитиб «Биз сизни қувмаймиз, ўзингиз биласиз. Нимани тўғри деб билсангиз ўшани қилинг», дейишди. Эрим эса гапимни эшитишни ҳам хоҳламади.

Шундан сўнг эрим бир неча кун мендан қароримдан қайтишимни ёлвориб сўради, кўнмадим. Бир кун эрим уйда йўқлигида укамни чақирдим ва кўчимни ортиб ота уйимга қайтдим.

Ўша куни кечки пайт эрим қидириб келди. Унга жавобимни берса иккаламизга ҳам яхши бўлишини айтдим. Индамай кетди. Эртаси, индини яна келди. Унга фақат бир гапни айта олардим: «жавобимни берсангиз ҳаммамизга яхши бўлади». Бироқ у кўнмасди.

Кейинги кун келганида унга «Бориб ота-онангизнинг кўзларига қаранг. Улар сиздан туғмайдиган хотинни қайтариб олиб боришингизни эмас, балки бошқага уйланиб, набира билан хурсанд қилишингизни кутишяпти. Ота-онангизни норизо қилманг», дедим.

Шунда у кўзимга қараб турди-да «жавобингни бердим» деди. Гарчи ўзим шуни кутиб турган бўлсам ҳам унинг оғзидан пичирлаб чиққан сўзларни эшитиб тамом бўлдим.

Шундан сўнг жуда кўп жойдан хотини вафот этган ёки ажрашган эркаклардан совчи келди. Суриштирамиз, нимасидир тўғри келмайди, рад этамиз. Шу алфозда яна бир-икки йил ўтиб кетди. Бу орадан эрим бир неча бор кўчамиздан ўтиб-қайтиб юрди, кўриб кўрмасликка олдим. Эшитишимча у ҳали ҳам уйланмаган эди.

Ана шундай кунларнинг бирида ўрта ёшлардаги бир эркак чақириб келиб қолди. «Навбатдаги совчилардан бири бўлса керак, кимга сўраб келган экан, олтмишга кирган отасигами?» деб ўйлай бошладим.

Отам йигитни меҳмонхонага бошлади. Бир пайт отам мен ва онамни чақириб қолди. Ичкарига кирдик. Эркак кимига сўраб келган бўлса деб қизиқиб турибман. Биз киргандан сўнг у гап бошлади:

«Бир йилча аввал хотиним оғир дарддан вафот этди. Ўшандан буён тўртта болам билан бир ўзим яшаяпман. Яширмайман, хотинимни жуда яхши кўрардим. У вафот этгандан сўнг 5-6 ой уйланишни хаёлимга ҳам келтирмадим. Бироқ тўртта болани эркак киши эплай олмас экан. Шу сабабли ўзимга мос аёл суриштира бошладим. Шу пайтгача бир неча номзод чиқди. Лекин уларнинг биронтаси болаларимга оналик қилишига кўзим етмади ёки Аллоҳ уларнинг ҳеч бирини менга жуфт бўлишга раво кўрмади. Тақдирда бирга бўлиш йўқ экан шекилли. Қизингиз ҳақида суриштирдим ва болаларимга муносиб она бўла олади деган илинжда олдиларингга келдим».

Эркакнинг гапи мени ўйлантириб қўйди. Тўрт нафар бола, қандай бўларкин? Йигит худди хаёлимдаги гапларни уқиб тургандай менга юзланди: «Сиз хавотир олманг. Болаларим ақлли-ҳушли. Тезда тил топишиб қадрдон бўлиб кетасизлар» деди.

Эркакнинг айтишича, ёши 40 да, фарзандларининг иккитаси ўғил, иккитаси қиз экан. Катта фарзанди қиз бўлиб 13 ёшда, кенжаси ўғил 3 ёшда экан. У яна анча гапларни гапирди, лекин уёғи қулоғимга кирмади. Мен ўзим билан ўзим бўлиб қолган, миямда тинимсиз «қандоқ бўларкин?» деган савол айланарди.

Шундан сўнг эркакнинг оиласини суриштирдик, яхши оила экан. Ота-онам ихтиёримни ўзимга қолдиришди. Мен эса Аллоҳга таваккал қилиб рози бўлдим.

Янги хонадонга борар эканман, менда «болалар қандай кутиб оларкин?» деган ҳадик бор эди. Ҳовлига кириб болаларга қарадим. Уларнинг кўзлари маъюс боқар, лекин ҳеч бири менга ола қарамасди.

Ўшанда отаси «хуш кайфиятда кутиб олинглар деб тайинлаган бўлса керак деган гумонга ҳам бордим. Бироқ кейинчалик улар билан бирга яшаб болалар оналари вафот этгани учун тақдирга тан берганларини кўрдим.

Бу хонадонда яшар эканман, болаларнинг ҳурматини қозониш учун гарчи вафот этиб кетган бўлса-да уларнинг онасини ҳурмат қилиш лозимлигини ёдимда тутдим.

Бир куни болаларга бу ҳақда бироз гапиргим келди.

«Биламан, мен онангизнинг ўрнини боса олмайман. Ҳеч кимнинг онаси вафот этмасин. Мен ҳам кимнингдир хотини ўлсин-у, уни ўрнига борай деб ният қилмаганман. Ҳаётнинг синовлари шундай экан, сизларнинг онангиз вафот этди, мен эса фарзанд кўра олмайман. Ҳаммамизда ўзимизга яраша оғриқли дардларимиз бор. Шундай экан, сизлар мендан, мен сизлардан меҳримни аямасам сал бўлса ҳам ўксик кўнгилларимиз тўлиб қолади», дедим.

Шу гапларни гапиряпман-у, беихтиёр кўзларимдан ёш чиқяпти. Қарасам болалар ҳам унсиз йиғлаб туришибди.

Болаларнинг кичиклари нима деяётганимни тушунмагандир, икки нафар каттаси кўзимга хайрихоҳ боқаётганидан билдимки, уларга гапларим таъсир қилди.

Болалардан оналари ҳақида сўрардим. Улар гапириб беришарди. Шундай пайтларда аёлни бирга дуо қилардик.

Эсимда, мен борганимдан бир неча кун ўтиб аёлнинг вафот этган куни келиб қолди ва болалар бу санада оналарини хотирлашди. Мен ҳам билганимча Қуръон ўқиб, аёлнинг ҳаққига дуо қилиб қўйдим. Кейинчалик уни доим дуо қиладиган бўлдик.

Оналарини эслашганда эътибор билан тинглашим, доим у аёлни дуо қилишим ва фақат яхши гап билан эслашим болаларга ижобий таъсир қилди. Кейинчалик улар мени ўз оналаридай кўра бошлашди.

Бундан ташқари болалар шўхлик қилишганда отаси уришмоқчи бўлса ҳар доим мен болалар тараф бўлдим. Бироқ уларни талтайтириб юбормадим. Отасининг олдида болаларнинг тарафини олсам ҳам, кейин ўзим уларга отани норози илиш оғир гуноҳ бўлиши ҳақида насиҳат қилардим.

Тўғри, ҳаётимиз силлиқ кечди дея олмайман. Бошқа оилаларда бўлиб турадиган айрим кўнгилхираликлар, хафагарчиликлар бизни ҳам четлаб ўтмади.

Баъзида болалар мендан, мен улардан хафа бўлардим. Аразлашиб қолардик. Бироқ бундай кунлар узоқ давом этмас, тезда ярашиб олардик.

Шу тариқа болалар улғайишди. Қизларни узатдик, ўғилларни уйлантирдик. Энди набираларим бағримни тўлдириб ўтирибди. Улар билан овунаман. Болаларим атрофимда. Бугунги кунларим учун Аллоҳга ҳамдлар айтаман.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид