Жаҳон | 18:00 / 26.02.2023
37211
9 дақиқада ўқилади

Иштироксиз иштирок: Хитойнинг Украина бўйича тинчлик режаси ортида нималар турибди?

Фото: spiegel.de

Россиянинг Украинага кенг миқёсда бостириб кирганига бир йил тўлиши арафасида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги «Украина можаросини ҳал этиш» бўйича ўзининг таклифларини эълон қилди. Бу нима — сулҳ музокаралари бўйича реал таклифларми ёки пиар юриш ва шунга ўхшаш нарсами? BBC вазиятга ойдинлик киритиш учун экспертларнинг фикрини тўплаб чиқди.

Пекин томонидан эълон қилинган ҳужжат «Украина инқирозини сиёсий жиҳатдан тартибга солиш бўйича Хитой позицияси», деб аталади. Хитой томони фикрича, у бажарилиши урушнинг якунини тезлаштирувчи 12 пунктдан иборат.

Ҳужжат матнида жуда кўп силлиқ формулировкалар ва дипломатик мулозаматлар бор. Бироқ, ёзилганларнинг лўнда моҳияти ҳикоя қилинса қуйидагича кўриниш олади. Демак, Хитой қуйидагиларни таклиф қилмоқда:

  • Ўт очишни тўхтатиш ва музокара столига ўтириш. Пекин Москва ва Киев ўртасида тўғридан тўғри мулоқотни тиклаш керак, деган фикрда. Бу ҳолатда ҳар икки томон бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши керак (томонлардан ҳар иккисининг бу борада муросасиз позициялари ҳисобга олинса, буни қандай қилиб амалга ошириш мумкинлиги тушунтирилмаган).
  • Совуқ уруш ментелитетидан воз кечиш, жумладан, ҳарбий блоклар кенгайишига йўл қўймаслик. «Бошқа давлатлар хавфсизлигига дахл қилиб, ўз хавфсизлигини таъминлашга бўлган уринишларга, шунингдек блок конфронтацияси сиёсатига йўл қўйилмайди», — дейилади ҳужжатда.
  • Атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш ва тинч ядровий объектларга қуролли ҳужум ташкил қилмаслик.
  • Ядровий, кимёвий ёки бактериологик қуролдан фойдаланишга йўл қўймаслик.
  • Биртомонлама санкциялардан воз кечиш ҳамда ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирлари барқарорлигини таъминлаш.
  • Ҳуманитар йўлаклар ташкил қилиш, тинч аҳоли ва ҳарбий асирлар ҳуқуқларига риоя қилиш.

Бир томондан қаралса, айтилган постулатларда ҳеч бир янги нарса йўқ. Иккинчидан томондан, Пекиннинг ядровий қуролдан потенциал фойдаланиш, шунингдек, бу урушнинг иқтисодий оқибатларига қандай эътибор қаратаётгани қизиқ.

«Хитой Россия ва Украина ўртасидаги можаро чўзилиб кетганидан ташвишда. Пекинни биринчи навбатда бу уруш шу қадар кучайиб, ядровий қурол ишга туширилиши мумкинлиги ташвишлантирмоқда», — деган BBC’га хитойшунос Леонид Ковачич.

Икки стулга ўтиришга ҳаракат

Путиннинг 2018 йилда Хитойга ташрифи. Фото: Greg Baker / POOL / AFP

Россиянинг Украинага бостириб кириши Хитойни ўз ташқи сиёсати устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишга мажбурлади. Пекин очиқчасига бу урушда Вашингтонни жавобгар деб атади — уруш гўёки НАТОнинг Европада кенгаяётгани билан боғлиқ. Лекин шу ҳолатда ҳам Хитой Россияга ёрдам беришга шошилмаяпти (гарчи АҚШ яқиндагина Пекин Москвага қурол-яроғ етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилган бўлса-да).

Пекин ўзининг «Тартибга солиш бўйича позицияси»ни энг юқори мартабали дипломат, Хитой коммунистик партияси функционери Ван Ининг Москвага ташрифидан сўнг эълон қилди. У Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашган. Уларнинг суҳбати мазмуни маълум эмас, боз устига, ҳануз Хитой етакчиси Си Жинпингнинг Москвага ташриф билан бориши ноаниқ.

Кўплаб манбаларга кўра, хитойлик амалдорлар бостириб киришнинг дастлабки ойларида Путиннинг муваффақиятсизликларидан шокка тушишган ва коллектив ғарб билан муносабатларини ёмонлаштирмасликка уринишмоқда. Ҳаттоки, керакли жойда яхшилаш пайида.

Масалан, бир томондан Хитой ғарбнинг Россияга нисбатан жорий этган санкцияларига қўшилмади. Бошқа томондан, Хитойнинг кўплаб компаниялари моҳиятан жорий этилган чекловларга очиқчасига амал қилмоқда.

Буларнинг бари хитойлик дипломатлар, сиёсатчилар ва бизнесменларга ўткир қирраларни айланиб ўтиб ҳаракат қилиш, Россиянинг Украинада олиб бораётгани урушининг Хитой иқтисодиёти учун салбий оқибатларини минималлаштириш имконини яратади.

Мамлакат ичкарисида иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш Си Жинпинг учун ўта муҳим вазифа ва муаммо. Сўнгги йилларда вазият ё коронавирус пандемияси, ё кўчмас мулк бозоридаги таназзул билан оғирлашган эди, энди эса давомли уруш чиқиб турибди. Ўтган йили Хитой иқтисодиёти бор-йўғи 3 фоизга ўсди — бунақа паст кўрсаткич сўнгги ярим асрда илк марта қайд этилди.

Хитой Россия босқинини қораламагани учун унинг асосий савдо ҳамкорлари билан муносабатларига совуқлик тушди. Асосий савдо ҳамкорлари эса, рақамларнинг шоҳидлик беришича, асло Россия эмас, улар АҚШ ва Европа Иттифоқи. Бунга қўшимча равишда, Путиннинг Европага қарши газ урушидан сўнг, ғарб истеъмолчиларида Хитой маҳсулотларини харид қилиш учун пуллари камая бошлади.

Хитой иқтисодиётининг ўсиш суръатлари Пекиннинг халқаро аренадаги ўрнига ҳам, мамлакат ичида сиёсий етакчилар ва компартиянинг нуфузига ҳам биринчи даражада таъсир қилувчи омил ҳиобланади.

Иштироксиз иштирок

Европа Иттифоқи ҳам, АҚШ ҳам, ҳаттоки Украина ҳам Хитойнинг бу ҳужжатига реал тартибга солувчи режа ёки томонларни музокараларга чорлаш таклифи эмас, шунчаки позицияни очиқлаш сифатида қарашларини айтиб бўлишди.

Хитой ва Украина вакилларининг учрашуви. Фото: Ukrinform

«Хитой катта ишончга сазовор эмас, чунки Украинага ноқонуний бостириб киришни қоралай олмади», деган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Украина ўз позициясини янада қатъийроқ ифода этди: «Фақат бир томон — шак-шубҳасиз тажовузкор учун манфаатли бўлган ечим таклиф қилиш мумкин эмас», деган BBC’га Украина президенти маслаҳатчиси Михайло Подоляк.

«Бу уруш асло ҳудудлар учун бўлмаяпти, тўлиқ Украина давлатчилиги мавжудлигига қаратилган. Инсонларнинг суверенитетга нисбатан мутлақ ҳуқуқига қарши уруш бўлмоқда. Халқаро ҳуқуқнинг устувор бўлиши ёки барбод бўлиш масаласи ҳал бўлади. Шунинг учун «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш»ни назарда тутган ҳар қандай «тинчлик режаси» ўз-ўзидан «янги ажратиш чизиғи» ва Украинанинг бир қисми Россия оккупацияси остида қолишини тақозо этади. Бу эса асло тинчлик эмас, фақат ва фақат урушни қасддан музлатиб қўйишни англатади», дея қўшимча қилган Подоляк.

Экспертлар фикрича, аслида Хитой қандайдир музокараларни ташкиллаштирмоқчи ҳам эмас. Аксинча, у Россиянинг Украинадаги урушидан имкон қадар узоқроқ туришга ҳаракат қилмоқда.

«Хитой бу можарога чуқур кириб бормоқчи эмас, боз устига, Россия ва Украинани умумий музокара столига ўтқазадиган позицияни ҳам эгалламоқчи эмас, — дейди ҳудудшунос Темур Умаров. — Пекин ўзи учун энг мақбул позицияни аллақачон танлаб бўлган — кузатувчилик. Бу ҳужжатлар эса Хитой шунчаки бир давлат эмас, жаҳон аҳамиятига молик ўйинчи эканини кўрсатиб қўювчи бир рамз. Буни исботлаш учун у нималардир қилмоқда, холос».

Пекин учун энг ёқимсиз ҳолат — ҳар қандай музокараларда халқаро ҳуқуқ устуворлиги ва суверенитетни ҳурмат қилиш кераклиги эслатилиб турилиши.

«Бу масала — Пекин учун доим қопқон бўлиб келган. Бир томондан, агар Хитой ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳурмат қилиш кераклигини таъкидламаса, у Тайван масаласида ўз оёғига болта урган бўлади. [Пекин бу ҳудудни ўзининг ажралиб қолган провинцияси деб ҳисоблайди — BBC]. Ҳар сафар ғарб сиёсатчиларидан кимдир Тайванга борса ёки шу масалада оғиз очса, Хитой унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида оғиз кўпиртира бошлайди. Бошқа томондан, Россия ва Украина можароси контекстида бу масалада нима дейиши керак? Хитой бу саволлардан қочишга ҳаракат қилади. Эслатиб ўтаман, Хитой ҳали шу вақтгача Қримни Россия ҳудуди деб тан олмаган», дейди хитойшунос Леонид Ковачич.

Натижада Хитой ҳаммага, жумладан Россияга ҳам ўзининг ҳарбий блокларга қўшилмаслик, учинчи томонларга қарши иттифоқлар ва конфронтациядан воз кечиш каби ташқи сиёсати принципларини эслатиб қўйишга мажбур бўлмоқда.

Бу эса Москва ва Пекин бир йилча аввал имзолаган «чегарасиз дўстлик ҳақида»ги баёнотлар концепциясидан узоқроқ турувчи позиция.

Экспертлар фикрича, келажакда Хитой Украина ва Москва ўртасидаги музокараларда воситачилик ролини ўз гарданига олишга ҳаракат қилиши мумкин. Лекин ҳозир бу музокаралар учун шарт-шароит ҳам, Пекиннинг бу билан шуғулланиш йўлидаги реал хоҳиши ҳам кўзга ташланмаяпти.

Мавзуга оид