Жаҳон | 14:30 / 26.02.2023
51049
13 дақиқада ўқилади

Киевга кира олмаган колонна. РФ армияси Украина пойтахти учун жангни қандай ва нега бой берганди?

Россиялик ҳарбийлар кенг кўламли босқиннинг илк кунидаёқ Киевга киришни режалаштирганди. Бунинг учун 2022 йил 24 февралида улар нафақат Киев яқинидаги Гостомел аэродромига десант туширади, балки шимолда Беларус орқали кириб, Чернобил орқали қаршиликка дуч келмаслик умидида Украина пойтахти томон максимал тезликда ҳаракатланади.

Дастлабки режа амалга ошмагач, Россия армияси захирадан яна бир неча минг кишилик қўшинни ҳаракатга келтиради – ва март ойи ўрталарида Киев йўналишида яна бир юриш қилишга ҳаракат қилинади.

Украина қуролли кучлари бош штаби BBC Украина хизматига россияликлар нимани режа қилгани, улар қандай йўналишлар бўйича ҳаракатлангани ва якунда Украина армияси бу ҳужумларни қандай қайтаргани ҳамда Киев атрофида Россиянинг зарбдор гуруҳи қисман йўқ қилингани ҳақидаги батафсил таҳлилий шарҳни тақдим этган.

19 та батальон тактик гуруҳлари

2022 йил февралида Россия Беларусга қўшинлар олиб келиб жойлаштирилганини «қўшма машғулотлар» билан изоҳлаганди.
Фото: GETTY IMAGES

Бош штаб маълумотларига кўра, 24 феврал тонгида Чернобил орқали Киевга юриш Россия армиясининг тўққизта батальон тактик гуруҳлари орқали бошланган. Яна 10 та БТГ Гомел областида, Беларус-Украина чегараси яқинида захирада қолдирилган.

Россия армиясида битта батальон тактик гуруҳда 600-800 нафар жангчи, 10 ёки ундан кўпроқ танк, 40 тагача БМП (жанговар пиёда машинаси) ва бошқа турдаги транспортлар бўлади.

Аммо, кўплаб ҳарбий шарҳловчилар баҳоларига кўра, кенг кўламли босқин аввалида Россия батальон тактик гуруҳлари кучайтирилган ва уларнинг сафида минг нафаргача жангчи бўлган.

Украина бош штаби россияликларнинг Чернобил томондан Днипронинг ўнг соҳилига қилинган юришига «Полесский» деб ном берган.

РФ армияси Днипронинг сўл соҳилидан ҳам Киев томон ҳаракатланган – Черниҳивдан Броварига (Киев атрофидаги яна бир шаҳарча).

Киев областида тўпланган кучлар (жами 19 та батальон такти гуруҳлари, яъни 20 мингга яқин ҳарбий) ва Гостомел десант амалиётида иштирок этган кучлар сонига қараб, Россия қўмондонлиги айнан Полесский йўналишига катта умид боғлаганини кўриш мумкин.

Тезкор юриш

New York Times Беларусдан Киев атрофига йўлга чиққан Россия ҳаво-десант қўшинлари ҳаракатини батафсил ифодаловчи жадвални эълон қилган. Америка нашрига кўра, бу жадвал Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасидан олинган. Унда кўрсатилган илк «таянч нуқталари» россиялик десантчиларнинг 24 февралдаги ҳаракатларига мос келади.

Ҳужум жуда тез ривожланиши кўзда тутилганди.

New York Times нашри журналистлари Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасидан олинган, Россия бўлинмалари колонналари таянч пунктлари орқали Киевга илгарилаши режалаштирилган жадвални намойиш этган.

Бу пунктларнинг биринчиси «Пальмира» («Бошланиш чизиғи» - Гомел областидаги қайсидир полигон) бўлиши белгиланган - бу Припять дарёси орқали ўтган понтон-кўприк кечуви (Беларус ҳудудида).

Кейин «Белая Сорока» (Беларуснинг Украина билан чегарадаги қишлоғи), ундан кейин Черевач (Чернобил областидаги ташландиқ қишлоқ, бу ерда Уж дарёси орқали ўтган кўприк бор).

Ва ниҳоят - Иванкив (Вишгородск районида, Тетерев дарёси бўйида), Бабинци (Буча районида, Здвиж дарёси бўйида) ва Стоянка (Ирпин дарёси ёқасида, Киев шаҳрининг Житомир трассаси бўйлаб ўтган маъмурий чегараларига бир неча километр масофада).

Россия бўлинмаларининг Беларус чегарасидан Киев атрофидаги Стоянка қишлоғигача режалаштирилган ҳаракат маршрути.

Бу йўналишда илгарилаши кўзда тутилган бўлинмалар орасида десантчилар кўпчиликни ташкил этарди: Псковдаги 104-десант-штурм полки, 76-сонли «Псковская» десант-штурм дивизияси, шунингдек дислокацияси худди Псковда бўлган 234- ва 237-десант-штурм полклари.

Шу билан бирга, агар жадвалга ишонилса, биринчи тўлқинда десантчиларга росгвардиячилар (ОМОН) ва «Белгород» СОБР (Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди) бўлинмалари ҳамроҳлик қилиши кўзда тутилган.

Россия ҳарбийларига «Пальмира»дан Стоянкагача бўлган 200 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиш ва «олдинги чизиқда ўрнашиш» учун тахминан 13 соат белгиланган.

Украина қуролли кучлари бош штаби шарҳига кўра, бунда «Россия қўшинлари Украина қуролли кучлари томонидан қаршилик кўрсатилиши ҳисобга олинмаган ҳолда жанговар жойлашувсиз марш колонналарида тезлик билан олдинга силжиши назарда тутилган».

Секинлашиш

Россияликларнинг ҳаракат режаси уддалаб бўлмас топшириқ бўлиб чиқади
Фото: Украина армияси 72-бригадаси

Аммо Россия десантчилари ва росгвардиячилар ярим кун ичида режалаштирилган маршрут бўйлаб белгиланган нутқага етиб кела олмади.

Улар Чернобил ҳудудидан қисқа вақт ичида ўтган бўлса-да, буёғига Украина қуролли кучлари қаршилигига дуч келишди.

Ўша вақтда Украинанинг асосий кучлари Донбассга жамланган, Киев ҳимоясида эса 72-бригада ва яна бир неча бошқа бўлинмалар қолдирилганди.

Россияликлар сон жиҳатдан анча устунлиги шароитида юришни тўхтатиб туришнинг энг самарали йўли кўприкларни портлатиш эди - илк кундаёқ Иванкив, Димер, Демидов, Гостомел ва Ирпин атрофидаги кўприклар портлатиб юборилди.

Бу чора эса россияликлар ҳаракатини секинлаштирди, аммо юришни бутунлай тўхтата олмади.

«Қаршиликка дуч келгач, рақиб жанговар сафлар тузишга мажбур бўлиб, пойтахт йўналишида жанглар орқали юра бошлади. Уч кун мобайнида, 27 феврал куни кечга келиб, РФ қуролли кучларининг Чернобил йўналишида юриш қилган илғор бўлинмалари Стоянка - Гостомел - Демидов аҳоли яшаш манзиллари бўйлаб ўтадиган чизиққа етиб келди ва шу ҳудудларда ўрнашди», дейилади бош штаб таҳлилида.

Гостомелда эса Россия десанти 24 февралдан 25 февралга ўтар кечаси деярли буткул яксон этилади, аммо кейинроқ бу ерга РФ армияси қуруқлик қўшинлари етиб келади ва украин ҳарбийлари чекинишга мажбур бўлади.

Юқори интенсивликдаги жанглар туфайли 27 февралга келиб россияликлар ўқ-дори, ёнилғи, озиқ-овқат ва бошқа ресурслар етишмовчилигига дуч кела бошлайди.

Бу ҳам уларнинг юришини секинлаштиради ва Беларус ҳудудидан қўшимча кучлар юборишга мажбур қилади.

Колонна

Россия қўмондонлиги Киев йўналишидаги юришларни қўллаб-қувватлаш умидида юборган захира кучларининг техникаларидан иборат улкан колонна. Фото: Maxar Technologies

Россия техникаларининг Киев йўлидаги кўп километрга чўзилган машҳур колоннаси илк бор 28 феврал куни Maxar Technologies сунъий йўлдоши томонидан тасвирга олинган.

Ўшанда бу колонна узунлиги 15,5 километрга баҳоланганди.

Беларус ҳудудидан чиққан колонна Белая Сорока қишлоғи орқали ўтиб маълум йўналиш бўйича ҳаракатланганди: Чернобил - Дитятки- Иванкив - Феневичи - Новое Залесье - Здвижевка - Гостомел аэродроми.

Колоннанинг асосий йўналиши

«28 феврал куни кечга келиб колонна янги техникалар қўшилиши ҳисобига қарийб 24 километрга узайди, 1 март эса Махаг Technologies сунъий йўлдоши энди 56 км узунликдаги колонна кадрларини намойиш этди», дея қайд этади Украина қуролли кучлари бош штаби.

Тахминларга кўра, бу Беларусдаги захира кучларига мансуб бўлган ва россияликлар 28 феврал куни жангга ташлашга қарор қилган тўртта батальон тактик гуруҳлари эди.

Ҳарбий техникалар билан бирга (40 танк ва 160 БМП ёки десант бўлинмалари учун БМД) ёнилғи ортилган цистернали автомашиналар ҳамда ўқ-дори ва озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган юк машиналари ҳам йўлга тушганди.

Кейинроқ Беларусдан Россия захира кучларининг қолган батальон тактик гуруҳлари ҳам олға ҳаракатланади: «1 март куни колонна захирадаги кейинги олти БТГ ҳисобига янада кенгаяди (6 минг ҳарбий хизматчи, 60 танк ва 240 БМП). Шунингдек, унга «Точка-У» ва «Искандер-М» оператив-тактик комплекслари, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, стволли ва реактив артиллерия, понтон қурилмалар ҳам қўшилади».

Шу тариқа, Украина пойтахтини забт этиш учун Беларус ҳудудидан олиб чиқилган 10 та тактик батальон гуруҳларидан ташкил топган улкан колонна ҳосил бўлади. Тахминий баҳоларга кўра, бу қўшин жами 10 минггача жангчи, 100 га яқин танк ва 400 БМП ва БМД техникаларини ўзида жамлаганди.

Дастлаб кириб келган тўққиз БТГ билан биргаликда Россиянинг Полесский йўналишидаги гуруҳини 19-20 батальон тактик гуруҳ деб баҳолаш мумкин эди.

Россия гуруҳлари тақдири қандай кечади?

Фото: Украина армияси 72-бригадаси

Россия қўшини фақат Беларус чегарасидан ўтилгандан кейинги маълум ҳудудда бир тор йўл бўйлаб ҳаракатланди. Ичкарироқ кирилгани сари захира кучлари аввалроқ Киев областининг турли районларида юриш бошлаган гуруҳларни кучайтириш учун тақсимланади ва олдинга юришда муаммоларга дуч келади.

Масалан, 27 феврал куни россияликларнинг Гостомелдан ўтган ва аввал Ирпин, кейин Киевга кириш учун ҳаракатланган БМД ва БТРдан иборат колоннаси Буча ҳудудида яксон этилади.

Россия қўмондонлиги йўқотишлар ўрнини захира кучлар билан тўлдириш йўлларини қидиради.

«1 март куни батальон тактик гуруҳлардан биттаси Гостомелга юриш қилиш учун, бошқаси - Фастовга (Киевдан жануброқда) ёриб ўтишга ҳаракат қилаётган гуруҳни кучайтириш учун, яна бири - Димерга, бошқаси - Мошчун қишлоғига, бошқа бири - Ирпин дарёси кечуви учун жанглар кетаётган Раковка қишлоғига юборилади», дейилган Украина ҚК бош штаби таҳлилида.

«Захира кучлар билан қўшинлар сафини тўлдирган душман март ойи бошида қуйидаги йўналишларда юришларни тиклади: Бабинци - Буча - Киев; Бородянка - Ворзел - Ирпин; Ворзел - Белогородка; Копилов - Мотижин - Ясногородка», дея Россия қўшинларининг март ойининг биринчи ярмида Киев томон ҳаракатининг асосий йўналишларини таърифлайди бош штаб.

Россиянинг Украина пойтахтига юриш қилган батальон тактик гуруҳларининг тақдирлари турлича кечади.

Қўшинларнинг бир қисми Мошчун қишлоғи ҳудудидан Ирпин дарёсини кечиб ўтиш учун жанглар чоғида ботқоқликда қолиб кетади.

Бу кичик қишлоқ маъмурий жиҳатдан Киев шаҳри таркибида бўлган Пушчи-Водицидан атиги уч километр масофада жойлашган. Бу қишлоқ учун жанг Украина пойтахти мудофаасидаги муҳим эпизодлардан бирига айланади.

Якунда Мошчун қарийб буткул яксон этилади, аммо Украина армияси позицияни ушлаб қолишга ва  россияликларни улоқтириб ташлашга муваффақ бўлади.

Россиянинг бошқа бир батальон тактик гуруҳи Ирпин дарёсини Мошчундан шимолроқдаги Раковка қишлоғи ҳудудида кесиб ўтганидан сўнг артиллерия зарбалари ва Украина қуролли кучларининг махсус топшириқли кучлари томонидан йўқ қилинади.

Россия батальон тактик гуруҳлари Украина артиллерияси, танкка қарши бўлинмалар ва махсус топшириқли кучлар томонидан режа асосида йўқ қилинади. Фото: Украина армияси 72-бригадаси

Украина артиллерияси Гостомел атрофидаги яна икки батальон тактик гуруҳларини март ойи давомида аста-секинлик билан ҳолдан тойдириб, тор-мор этади.

Бош штабда айтишларича, Россия қўшинларининг бир қисми авиация ва артиллерия зарбалари билан мағлуб этилган. Хусусан, Здвижевка қишлоғида РФ армиясининг брезент тортилган 370 та юк машинаси 26 февралдан 3 мартга қадар амалда ҳаракатсиз туриб қолган ва якунда Украина артиллерияси ўқлари билан йўқ қилинган.

«Душман қўшинлари мунтазам равишда барча йўналишларда йўқ қилинган Киев сари муваффақиятсиз юришлар 19 мартга қадар давом этади, шундан кейин РФ қуролли кучлари мудофаага ўтади ва окоп қазий бошлайди. Кейинроқ, Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми натижасида Россия бўлинмалари қолдиқлари Киев ҳудудини тарк этади», дея хулоса қилинади бош штабда.

«Бу ўт очишни тўхтатиш эмас, аммо бу бизнинг ҳеч бўлмаганда шу йўналишларда аста-секинлик билан можаро деэскалациясига эришиш истагимиздир», дея изоҳ берганди ўшанда Россия армияси ҳаракатларига Истанбул музокараларида Россия делегациясига раҳбарлик қилган Александр Мединский.

Россия томони ўшанда буни «эзгу ниятдаги қадам» деб атаганди.

31 март куни Киев областида дронларни бошқарган Kontuzich никли жангчи твиттерда шундай ёзганди: «Ирпин, Буча, Гостомел. Россияликлар чекинди. Сукунат… Бугун у ерларни айландик, нишонлар аниқланмади».

Мавзуга оид