Ўзбекистон | 09:00 / 26.02.2023
14904
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда йўлда қолиб кетган 50 дан ортиқ ўзбекистонлик қутқарилди

Ақтўбе области ҳудудида йўлда тўхтаб қолган икки автобус йўловчилари эвакуация қилинди. Бу автобуслар Москва йўналишида ҳаракатланган.

Фото: Қозоғистон ФВВ

24 феврал куни Қозоғистоннинг Ақтўбе областида кўрувчанлик ёмонлашгани туфайли юк ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракати чекланиши муносабати билан қутқарувчилар 93 кишини эвакуация қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ФВВ хабар берган.

Эвакуация қилинганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор.

«24 феврал куни соат 22:50 да Айтекеби райони Самара-Чимкент автомобил йўлининг 964-километрида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Бишкек-Москва йўналишидаги Yutong йўловчи автобуси Қорабутак қишлоғигача кузатиб борилган. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 41 нафар фуқароси иссиқлик пунктига (Марказий масжид) эвакуация қилинди», дейилади хабарда.

Қутқарув ишларига 52 нафар қутқарувчи ва 14 дона техника жалб қилинган.

Кейинги куни Москвага кетаётган яна бир йўловчи автобусдагилар эвакуация қилинган.

«25 феврал куни соат 04:05 да Ақтўбе шаҳрида Setra русумли (Чимкент-Москва) йўловчи автобусида техник носозлик туфайли 54 киши қишлоқ масжидига эвакуация қилинди, уларнинг 52 нафари Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади», дея хабар берди вазирлик.

Ақтўбе области Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқароларга об-ҳаво ўзгаришларини ҳисобга олишни, об-ҳаво ёмонлашган тақдирда ёки йўлларда транспорт воситалари ҳаракатига чекловлар жорий этилганда, йўлга чиқмасликни қатъий тавсия қилган.

Мавзуга оид