Жаҳон | 10:42 / 27.02.2023
8472
2 дақиқада ўқилади

Францияда юқори шиддатли жангларга тайёргарлик бошланди

Франция ҳарбий-денгиз кучлари, ҳаво ва қуруқлик қўшинлари «Орион-2023» ўқув машғулотларида иштирок этмоқда, у мисли кўрилмаган кўламга эга.

Фото: Орион-2023

Франция денгиз, ҳаво ва қуруқлик кучлари ҳарбий хизматчиларни «юқори шиддатли жанговар ҳаракатлар»га тайёрлашга мўлжалланган «мисли кўрилмаган машқлар» ўтказмоқда. Бу ҳақда 25 февраль, шанба куни Le Monde газетаси хабар берди. Франция мудофаа вазири Себастьен Лекорню ҳам «Орион-2023» армиялараро ўқув машғулотлари бошланганини тасдиқлади.

23 февралдан 11 мартгача 7000 га яқин аскар - асосан Франциядан, шунингдек, Британия, Испания ва АҚШдан - Лион кўрфази қирғоғида Кастр ва Сет ўртасида денгиз ва ҳаводан қўнишни машқ қилмоқда.

Маневрлар Франциянинг 14 департаментини қамраб олади. Операцияда Франция ҳарбий-денгиз кучларининг «Шарл де Голл» авиаташувчи кемаси, иккита амфибия вертолёт ташувчиси, 20 дан ортиқ кема ва сувости кемалари, шунингдек, 1000 дан ортиқ қуруқликдаги транспорт воситалари иштирок этмоқда.

Қўшма машғулотлар 2020 йилдан бери тайёрланган, бироқ Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Франция Бош штаби ердаги потенциал шароитларни баҳолаш ва француз кучларини юқори шиддатли можарога тайёрлаш учун ўз қамровини кенгайтирди, деб ёзади Le Monde.

«Биз ҳеч қачон бунчалик узоқ вақт давомида бундай катталикдаги машқларни ўтказмаганмиз», деди операцияни режалаштириш учун масъул бўлган генерал Ив Метайер.

Ҳаммаси бўлиб 20 мингга яқин одам ва катта миқдордаги техника, жумладан Griffon бронетранспортёри, Leclerc танклари, десант вертолёт ташувчиларини жалб қилиш режалаштирилган эди, деб ёзади Le Parisien.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид