Ўзбекистон | 08:13 / 28.02.2023
5659
2 дақиқада ўқилади

Давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йилгача берилади

Жорий йилнинг 27 февраль куни Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: parliament.gov.uz

Депутатлар томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Меҳнат ва Оила кодексларига, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳаси орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш, чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистондан чиқариб юбориш ва Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича маъмурий чораларини қўлламаслик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутиляпти.

Йиғилишда депутатлар томонидан қонуннинг қабул қилиниши хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, уларнинг эркинликларини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланиб, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид