Жаҳон | 14:16 / 02.03.2023
9055
2 дақиқада ўқилади

Германияда қочқинлар ётоқхоналарига ҳужумлар сони кўпайди

Қочқинлар бошпаналарига ҳужумлар сонининг кўпайиши ковид чекловларининг бекор қилиниши ва мигрантлар оқимининг ортиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, миграция инқирози авжига чиққан 2015 йилдагига қараганда, ҳозирда бундай ҳужумлар анча кам.

Фото: Fotostrecke

Германияда 2015 йилдан бери илк бор муҳожирлар учун ҳостелларга ҳужумлар сони ортди. Neue Osnabrücker Zeitung газетаси 2 март, пайшанба куни Германия Ички ишлар вазирлиги Бундестагдаги Сўл партия фракцияси сўровига жавобан тақдим этган дастлабки маълумотларга таяниб ёзишича, ўтган йили мамлакатда 121 та шундай ҳужум қайд этилган бўлса, бир йил аввал 70 та ҳужум содир бўлган. 

Ички ишлар вазирлиги бундай ҳужумлар сонининг кўпайишини коронавирус чекловлари бекор қилингани ва мигрантлар оқимининг ортиши билан изоҳлади. 2022 йилда Германияда 218 000 бошпана сўрови рўйхатга олинган. Бундан ташқари, мамлакатга Украинадан деярли бир миллион қочқин келган. 

Ўтган йили Германия ҳукумати қочқинларга ўз уйларидан ташқарида 1248 та ҳужумни қайд этган, бу - бир йил аввалгидек (1259). Германияда миграция инқирози авжига чиққан 2015 йил билан таққослаганда, ҳозирги кўрсаткичлар паст. Ўшанда мамлакатда қочқинлар бошпаналарига 1047 та ҳужум қайд этилган. Шундан бери бу рақам йилдан-йилга камайиб бормоқда: 2017 йилда - 284, 2020 йилда - 84 ва 2021 йилда - 70. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид