Ўзбекистон | 23:53 / 02.03.2023
9499
3 дақиқада ўқилади

“Ҳали кўп ишлар қилиниши керак” — Блинкен Ўзбекистондаги ислоҳотлар давом этишига умид билдирди

“Марказий Осиё мамлакатлари чуқур интеграцияга киришса, бешта кичикроқ бозор ўрнига битта катта бозорни яратган бўлар эди”, – деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Kun.uz'га берган интервюсида. У охирги йилларда Ўзбекистонда эришилган ютуқларни эътироф этиш баробарида, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини қайд этди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Kun.uz'га берган интервюсида Марказий Осиё давлатларининг ташқи иштирокчиларсиз, алоҳида иқтисодий иттифоқ тузиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Ўйлайманки, бу мамлакатларнинг ўзлари қабул қиладиган суверен қарорлар орқали бўлади. Бизнинг ишончимиз комил, Марказий Осиё мамлакатлари қанча чуқур интеграцияга киришса, одамлар учун шунча фойда. Мисол учун, бу бешта кичикроқ бозор ўрнига битта катта бозорни яратган бўлар эди. Натижада бу дунёнинг турли жойларидан яна ҳам кўпроқ инвестиция жалб қилиш мумкин бўлади.

Марказий Осиё ичидаги ўзаро алоқалар, савдо ва инвестиция оқимини осонлаштириш иқтисодий ўсишни ҳам рағбатлантиради, бундан ҳамма мамлакатлар аҳолиси наф кўради. Буни қандай амалга ошириш бўйича қарорларни шу мамлакатларнинг ўзлари қабул қилишади, четдан туриб бошқалар эмас”, – деди Блинкен.

АҚШнинг бош дипломати очиқлик, сўз эркинлиги ва диний эркинлик борасида Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумати қилган ўзгаришларга баҳо берди.

“Ўзбекистон президент Мирзиёев таърифлаётганидек Янги Ўзбекистонни қуриш томон муҳим қадамларни ташлади. Бу ўзгаришлар барча фуқаролар учун каттароқ иқтисодий имкониятларни яратади. Инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги каби йўналишларда жиддий қадамлар ташланганини кўрдик. Лекин президентнинг ўзи ҳам таъкидлаганидек, ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Бундай дунёқарашнинг борлиги жуда муҳим. Қолаверса, бу дунёқарашни амалиётга татбиқ этиш масаласи.

Бугун президент билан суҳбатимизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги учун кўпроқ шароитлар яратиш, бошқа давлатлардан келаётган дезинформацияга қарши курашиш, фуқаролик жамиятини кучайтириш, диний эркинлик бўйича эришилган ютуқларни яна ҳам мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашдик. Пахтачиликда мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани айниқса тарихий ютуқ бўлди. Ўйлайманки, Ўзбекистонда келажакка зийрак назар ва ўз белгилаган йўли бор. Биз бу йўлида Ўзбекистонга яхши ҳамкор бўламиз, деган умиддамиз”, – деди Энтони Блинкен.

Мавзуга оид