Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
3 март куни Беларусда Нобел лауреатига суд ҳукми эълон қилинади. БМТ баёнот билан чиқди
Беларуслик инсон ҳуқуқлари фаоли, Нобел мукофоти совриндори Алес Беляцкий устидан ҳукм эълон қилинишидан бир кун олдин БМТнинг Беларус бўйича махсус маърузачиси Беларусда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этаётганини айтди.
Беларусда шундоқ ҳам хавотирли ҳолатда бўлган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият янада ёмонлашмоқда. Бу ҳақда 2 март, пайшанба куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевада бўлиб ўтган йиғилиши чоғида БМТнинг Беларус бўйича махсус маърузачиси Анаис Марин маълум қилди. Унинг бу сўзлари Минскда Беларус ҳуқуқ ҳимоячиси, Нобел мукофоти совриндори Алес Беляцкий ва унинг шерикларига ҳукм эълон қилиниши арафасида айтилди.
Мариннинг сўзларига кўра, ҳозир Беларусда камида 1400 нафар сиёсий маҳбус бор, улардан 32 нафари журналист. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус маърузачиси Беларус Республикаси фуқароларининг сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилишини, шунингдек, 2020 йилда президентлик сайловларини сохталаштиришга қарши норозилик намойишлари кескин бостирилганидан кейин 700 дан ортиқ жамоат ташкилотлари ёпилишга мажбур бўлганини эслатди.
БМТ эксперти, шунингдек, Беларусдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият «радарлардан йўқолиши» мумкинлигидан хавотир билдирди, чунки мамлакатдаги барча мустақил оммавий ахборот воситалари жим бўлишга мажбур қилинди.
Алес Беляцкий 2021 йил 14 июлда Беларусда ҳибсга олинган. У ва унинг «Весна» инсон ҳуқуқлари ҳаракатидаги шериклари устидан суд жараёни 2023 йил январь ойи бошида бошланган. Улар пул контрабандасида ва намойишларни молиялаштиришда айбланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари 12 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Уларга ҳукм 3 март, жума куни эълон қилинади.
2022 йил октябр ойида Беляцкий Россиянинг «Мемориал» ва Украина фуқаролик эркинликлари маркази ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди. Бу вақтга бориб, у деярли 15 ой қамоқда эди.
Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида БМТнинг Беларус бўйича махсус маърузачиси Анаис Марин нега мухолифатчи беларуслар оммавий равишда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этган эди. Ҳужжатда бошқа нарсалар қаторида Беларус давлатининг «жодугарларга ови» ва мамлакатда инсон ҳуқуқларининг мунтазам равишда бузилиши тасвирланган.
«Икки йил олдин одамларга норозилик намойишига рухсат берилмаган, уларни қўрқитишган. Энди сиёсат кўпроқ қасосга ўхшайди, гўё давлат 2020 йилда содир бўлган воқеалар учун одамлардан ўч олмоқчи», - деди эксперт.
Мавзуга оид
12:14 / 24.05.2025
Ғойиб бўлган Беларус мухолифат спикери махсус хизматлар билан алоқада гумонланяпти
19:20 / 19.05.2025
Литва Беларус устидан БМТ Халқаро судига даъво киритди
20:28 / 07.05.2025
Лукашенко 8 минг маҳкумга амнистия қўллаш тўғрисидаги қонунни имзолади
10:14 / 01.05.2025