Жаҳон | 09:57 / 03.03.2023
3304
3 дақиқада ўқилади

Вашингтон тадбиркорларни Россияга қарши санкцияларга риоя қилиш ҳақида огоҳлантирди

АҚШ маъмурияти бизнесни Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни қўллашга чақирди. Вашингтон Россия санкцияларни четлаб ўтиш учун турли хил усулларни қўллаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда, жумладан - учинчи давлатлар орқали. 

Фото: Getty Images

3 март, пайшанба куни АҚШ маъмурияти америкалик бизнес вакилларини Россияга Украинага қарши босқинчилик уруши учун жорий қилинган санкцияларни қўллашга чақирди, деб хабар бермоқда Reuters. АҚШ Адлия, Савдо ва Молия вазирликлари қўшма баёнотда санкцияларга риоя қилмаслик жиноий жавобгарликка тортиш ёки бошқа мажбурлов чораларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. 

Ҳужжатда айтилишича, хусусий компаниялар санкцияларни четлаб ўтиш учун қўлланилиши мумкин бўлган турли хил тактикалардан хабардор бўлиши керак, масалан, сохта компаниялар ва номлардан фойдаланиш ёки санкцияланган товарларни яширин тарзда етказиб бериш. Қайд этилишича, Хитой, Арманистон, Туркия ва Марказий Осиёдаги айрим давлатлар тақиқланган товарларни Россия ёки Беларусга ноқонуний йўналтириш учун «транспорт пунктлари» сифатида фойдаланилиши мумкин. 

«Барча турдаги компаниялар санкцияларни қатъий қўллаш орқали масъулият билан ҳаракат қилишлари керак», деб таъкидлайди АҚШ ҳукумати. 
 
Европа Иттифоқининг Eurostat статистика хизмати маълумотларига кўра, Украинадаги урушнинг дастлабки тўққиз ойида Европа Иттифоқидан Россияга товарлар етказиб бериш ҳажми 47 фоизга камайди. Худди шу даврда Россиянинг қўшни давлатлари, масалан, Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистонга Европа маҳсулотларини етказиб бериш 48 фоизга ошди. Россиянинг қўшни давлатларига экспорт Малта ва Швециядан ташқари барча Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан кўпайтирилди. 

Ғарб давлатлари бундай «транзит нуқталари» билан курашишга ҳаракат қилмоқда. Шу тариқа, декабрь ойида Европа Иттифоқи ўтган йил давомида Россия билан савдо ҳажмини оширган Туркия ҳукуматини ўз сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди. Шу билан бирга, Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Туркия ЕИга номзод эканлигини, Брюссел Анқара Москвага санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермаслигини кутаётганини эслатди. 

Бундан ташқари, 2 март куни АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия вакиллари Бирлашган Араб Амирликлари билан Россияга товарлар реэкспортини тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум бўлди. Хусусан, Ғарб расмийлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган электрон компонентлар етказиб берилишидан хавотирда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид