Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд ёшларнинг энг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш майдонига айланади – СМТИ эксперти
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти илмий ходими Ўткир Сиддиқов Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган келгуси йил Самарқанд шаҳрида “Чексиз имкониятлар саммити”ни ўтказиш ташаббусининг аҳамияти ҳақида сўз юритади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 2 март куни Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммитида сўзлаган нутқида пандемиянинг салбий таъсири биринчи навбатда ёш авлодга таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратди.
Давлат раҳбари ёшларнинг сифатли таълим, касб-ҳунар эгаллаши, тиббий хизматдан фойдаланиши ва спорт билан шуғулланиши учун имконият кескин камайиб бораётганига ҳам тўхталди.
“Айниқса, ёш авлоднинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига ишончи йўқолиб бораётгани ташвишлантирмоқда. Бузғунчи ва радикал мафкуранинг минглаб ёшлар онгига таъсири ҳам кучаймоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.
Қўшилмаслик Ҳаракати Ёшлар тармоғига аъзо давлатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари келгуси йил Самарқанд шаҳрида “Чексиз имкониятлар саммити”ни ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Айтиш жоиз, дунё аҳолисининг 2 миллиарддан зиёд қисмини ёшлар ташкил этади. БМТ маълумотига кўра, пандемиянинг, айниқса, ёшларга таъсири оғир кечди. Бу нафақат мавжуд тенгсизликни кучайтиради, балки бутун бир авлоднинг ишлаб чиқариш салоҳияти пасайиши таҳдидини юзага келтиради.
Ёшлар ўртасида ишсизлик кўпайиши ҳам коронавирус пандемиясининг салбий оқибатидир. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб 295 миллион иш ўрни йўқолиш арафасида. Бу салбий ҳолат 70 миллиондан зиёд 24 ёшгача бўлган ёшларнинг кейинги тақдирига бевосита боғлиқ. Шу билан бирга меҳнат қилаётган ёшларнинг, қарийб, 40 фоизи ўта қашшоқ яшайди.
Бугунги кунда дунёда геосиёсий вазият кескинлашгани, давлатлар ўртасидаги мулоқот издан чиққани, бузғунчи ғоялар тарқалиши кучайиб, терроризм, экстремизм ва сепаратизм кенг тарқалишига олиб келаётгани ҳам шу ташаббусга бўлган талаб билан боғлиқ. Бундай шароитда айнан ёшлар радикал ғоялар таъсирига кўпроқ мойилдир.
Шу билан бирга миллий анъана ва қадриятлар руҳида тарбияланган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга бўлган авлод ҳар қандай давлат муваффақиятли ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи экани ҳам ҳақиқат.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Сўнгги йилларда ёшларга оид сиёсат самарадорлигини оширишга қаратилган 77 та қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Булар орасида 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун, 2020 йил 30 июнь куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг институционал асоси ҳам мустаҳкамланди. Олий Мажлис ҳузурида Ёшлар парламенти тузилди, Ёшлар ишлари агентлиги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига айлантирилди. Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти ташкил этилди.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари таклифига биноан, 30 июнь Ёшлар куни сифатида эълон қилинди. 2021 йил Ўзбекистонда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб номланди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ўзгаришлар асоси бўлган таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда таълимга, жумладан, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағ давлат бюджети умумий миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этади.
Ёшларга оид сиёсат доирасида ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, техника воситаларидан фойдаланиш, китобхонликка меҳр уйғотиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Бу жараёнда президент Шавкат Мирзиёевнинг таълимда янги босқични бошлаб берган беш ташаббуси дастурий асос бўлди.
Замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш мақсадида олий ўқув юртлари сони кўпайтирилди. Айни пайт мавжуд 170 дан зиёд университет, институтларнинг 30 дан ортиғи нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиалларидир.
Бир сўз билан айтганда, ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ёшлар ҳал қилувчи кучга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Қўшилмаслик Ҳаракати Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити” Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ёшларни ўйлантираётган энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шу йўналишда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш учун қулай майдонга айланиши шубҳасиз.
Ўткир Сиддиқов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими
Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
12:02 / 11.05.2025