Жаҳон | 09:13 / 04.03.2023
8452
2 дақиқада ўқилади

Европарламент раиси Киевга етиб борди

Европарламент (ЕП) раиси Роберта Метсола 3 март куни кечқурун Киевга етиб келди. 

Фото: president.gov.ua

«Украинага қайтганимдан хурсандман», деб ёзди у Twitter'да. 

Метсола «бутун дунёни илҳомлантирган бу жасур одамлар», «таслим бўлишни истамайдиган қаҳрамонлар», «қадриятларимиз учун ҳамма нарсани қурбон қилганлар»нинг ҳиссасини қайд этди ва украиналикларнинг «уйи» - Европа Иттифоқида эканлигини қўшимча қилди. 

Twitter'даги постлар инглиз ва украин тилларида бўлиб, Европа Иттифоқи ва Украина байроқларини акс эттиради. 

Роберта Метсола Киевга 2022 йилнинг апрель ойида ташриф буюрган эди.

Аввалроқ Европарламент раиси Роберта Метсола Украинага ҳарбий, молиявий ва гуманитар ёрдамни оширишга чақирганди.

«Бу уруш зудлик билан тўхтатилиши керак. Украина эса бу урушда ғалаба қозониши керак», - деди Метсола. Унинг сўзларига кўра, бу «Украина учун кўпроқ қурол, кўпроқ молиявий ва гуманитар ёрдам, амалий бирдамлик ва Россияга қарши кўпроқ санкциялар» деган маънони англатади. «Украинага қурол керак, Европа эса бу қуроллар билан ёрдам бериши мумкин», деди президент.

Россияга қарши янги санкциялар пакети ҳақида гапирар экан, Метсола уруш бошланганидан бери ЕИ Украинага кўрсатаётган «қўллаб-қувватлашидан фахрланишини», аммо Европа Иттифоқи ҳали ҳам «кўпроқ нарсани қила олишига» ишонишини айтди.

Мавзуга оид