Жаҳон | 22:03 / 06.03.2023
3994
2 дақиқада ўқилади

Саудия элчиси мамлакатда аёлларга эътибор доирасидаги қадамларни келтириб ўтди

Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги  элчиси Юсуф ибн Солиҳ ал–Гаҳра халқаро хотин–қизлар куни муносабати билан баёнот бериб, Саудия Арабистони подшоҳлиги «2030 йилга нигоҳ» стратегиясига биноан аёлларга эътибор доирасида бир қатор қадамлар қўйилганини билдирди.

Уларнинг энг асосийлари қуйидагилардан иборат:

  • Аёл ва эркак орасида тенглик қарор топиши йўлида ҳужжатларга ўзгаришлар киритилди ва эълон қилинди. Уларнинг энг муҳимлари Иш низоми, Сафар ҳужжатлари низоми, Фуқаролик ҳолати низоми, Ижтимоий таъминот низоми, Йўл ҳаракати низоми, Шахсий ҳолат низоми бўлиб,  аёлларнинг касбий, ижтимоий ва оила ҳуқуқларини мустаҳкамлаш кафолатларини қамраб олади.
  • Саудиялик аёллар маълумотлар технологияси ва коммуникация, тиббиёт, туризм, спорт, кўнгил очиш, молия, иқтисод, маданият ва қадриятлар каби турли соҳаларда замонавий иш жойларига эга бўлишларига ёрдам кўрсатиш учун тегишли таълим йўналишлари яратилди ва ривожлантирилди.

Бундан ташқари, саудиялик аёллар Шўра кенгаши аъзоларининг камида 20 фоизини ташкил этади. Шўра кенгашида бир қатор ихтисослашган қўмиталарга раҳбарлик ва аъзоликка аёллар тайинланмоқда. Кенгашда 97 нафар аёл ишламоқда. Шунингдек 154 нафар аёл дипломатия соҳасида ишлаб, улардан 33 нафари Саудия Арабистони подшоҳлиги Ташқи ишлар вазирлигида раҳбар лавозимларни эгаллаган. Бугунги кунда беш нафар аёл подшоҳлик элчилари вазифаларини адо этмоқда.

Халқаро хотин–қизлар куни муносабати билан элчи аёлларни чин кўнгилдан табриклаган ва жамият қурилишида тутган муҳим ўринларини кўрсатиб ўтган.

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид