Жаҳон | 09:21 / 08.03.2023
2650
2 дақиқада ўқилади

Францияда пенсия ислоҳотига қарши намойишлар давом этмоқда

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, пенсия ёшини оширишга қарши янги намойишлар деярли 1,3 миллион кишини жалб қилган. Намойишлар жамоат транспортини тўхтатиб қўйди, кўплаб мактаблар вақтинча ёпилди.

Фото: pbs.org

Францияда пенсия ислоҳотига қарши янги намойишларда 1,28 миллионга яқин киши иштирок этди. Бу ҳақда 7 март, сешанба куни мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълум қилди. Парижда, расмийларга кўра, 80 мингдан ортиқ намойишчи кўчаларга чиқди. Ўз навбатида, Франциянинг энг йирик касаба уюшмалари уюшмаси - CGT мамлакат бўйлаб 3,5 миллион намойишчи ва пойтахт кўчаларига 700 мингга яқин одам чиққанини эълон қилди.

Париждаги норозилик акцияси намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар билан кечди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга мажбур бўлди, 43 киши ҳибсга олинди. Намойишчилар Нант, Ренн ва Лион шаҳарларида ҳам полиция билан тўқнашган.

Франция касаба уюшмалари президент Эммануэл Макроннинг пенсия тизимини ислоҳ қилиш режаларига қарши ва «бутун мамлакатни фалаж ҳолатга солиб қўяди» деган шиор остида 11 мартда янги норозилик намойишлари ташкиллаштирилишини ваъда қилмоқда.

7 март куни бўлиб ўтган акциялар чоғида Францияда поездларнинг 80 фоизи тўхтатилди, пойтахт ва бошқа йирик шаҳарларда жамоат транспорти иши кечиктирилди, ҳаво транспорти йўловчилари рейслар бекор қилинишига дуч келди. Бундан ташқари, намойишчилар мамлакатдаги барча нефтни қайта ишлаш заводларига ёнилғи етказиб беришни тўсиб қўйишди, дея қайд этди CGT касаба уюшмаси. Кўпгина мактабларда дарслар бекор қилинди.

Франция бош вазири Элизабет Борн томонидан январь ойи ўрталарида тақдим этилган пенсия тизими ислоҳоти пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача оширишни назарда тутади. Бундан ташқари, ходимларнинг пенсия жамғармасига тўлов тўлашининг энг кам муддатини - 43 йилгача ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, энг кам пенсия миқдори ойига 1200 еврогача кўтарилади, дея ишонтирмоқда ҳукумат.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид