Жаҳон | 18:35 / 08.03.2023
15799
9 дақиқада ўқилади

«Қонун чақалоққа сут етказишга йўл қўймаса, қонунни бузиш керак». Экспертлар Сурияга ёрдам етказишдаги сусткашликда БМТни айбламоқда

Суриядаги зилзиладан жабрланганларга ёрдам жуда кеч келишига ҳукумат мамлакат шимоли-ғарбидаги мухолифат кучлари томонидан назорат қилинадиган ҳудудларга инсонпарварлик юклари олиб кирилиши ва қутқарувчилар киришига бир ҳафта давомида рухсат бермагани сабаб бўлган. Бу ҳақда BBC билан суҳбатда халқаро ҳуқуқ соҳасидаги экспертлар, жумладан ҳуқуқшунослар, БМТнинг собиқ ходимлари ва Халқаро суд ҳакамлари айтиб беришган.

Зилзила оқибатида Сурияда 6 мингга яқин киши ҳалок бўлган, 8,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Қатор экспертлар фикрича, кўпларни халқаро ёрдам ўз вақтида етиб келмагани учун қутқаришга улгурилмаган. Фото: Getty Images

Кўпчиликка маълумки, зилзилаларда дастлабки 72 соат энг муҳими ҳисобланади, бу харобалар остидан максимал даражада кўп сонда тирик одамларни олиб чиқиш имконияти юқори бўлган вақт оралиғидир.

Фожианинг илк соатларида БМТ мамлакат шимоли-ғарбидаги ҳудудларга кириш учун чегарада қўшимча назорат-ўтказиш пунктлари очишга рухсат беришни сўраб Сурия ҳукуматига мурожаат қилган.

Экспертлар ҳисоблашича, бундай вазиятда БМТ Дамашқнинг жавобини кутмасдан, халқаро ҳуқуқнинг кенгроқ талқинини қўллаши ҳам мумкин эди.

«Агар қонун сиз оч қолган чақалоққа у чегаранинг нариги томонида тургани учун сутли каша етказиб бера олмаслигингиз ёзилган бўлса, сиз қонунни бузиш керак», деб ҳисоблайди Эндрю Гилмор.

У 2014 йилда Суриянинг исёнчилар назоратидаги ҳудудларига инсонпарварлик ёрдам жўнатиш бўйича илк резолюцияга келишилган музокараларда қатнашган БМТнинг юқори мартабали мулозимларидан бири  бўлганди.

«Вақт омили ва зудлик билан реакция кўрсатиш - зилзиладаги энг асосийсидир. БМТ эса гангиб қолиб, шунчаки ниманидир кутди», дейди бошқа бир эксперт, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адвокат Сара Кайали.

Феврал ойи бошида рўй берган зилзила оқибатида олти мингга яқин суриялик ҳалок бўлди, 8,7 мингдан ортиқ киши жабрланган. Кўпларнинг жароҳати жиддий.

Рихтер шкаласи бўйича 7,8 баллга тенг бўлган ер силкиниши эпимаркази Туркиянинг Ғозиантеп вилоятида жойлашган. Бу зилзила икки мамлакатда жами 52 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди.

Табиий офат қурбонларининг аксари Туркия ҳиссасига тўғри келади, аммо Сурияда ҳам 6 минг атрофида одам ҳалок бўлиб, шунинг 4,5 мингдан ортиғи мамлакат шимоли-ғарбида мухолифат кучлари назоратидаги ҳудудда яшар эди.

БМТнинг айби

BBC кўп сонли экспертлар - юристлар, БМТнинг собиқ ходимлари ва Халқаро суд судялари билан гаплашган, ва уларнинг барчаси агар БМТ қатъийроқ ҳаракат қилганида, қутқарилган сурияликлар сони кўп бўларди, деб ҳисоблайди.

Минглаб сурияликлар бор-будидан айрилди – уйидан тортиб шахсий буюмларигача. Фото: Getty Images

«Давлат чегараси орқали инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш учун бизга ёки мамлакат ҳукумати рухсати, ёки, Сурия билан бўлган ҳолатларда, БМТ Хавфсизлик кенгашининг якдил резолюцияси талаб этилади. Биз халқаро ҳуқуқ мавзусида ҳафталаб, ойлаб ва йиллаб илмий баҳслар олиб боришимиз мумкин. Биз халқаро ҳуқуқ бизнинг ишимизни кечиктирмади, деган позициядамиз», дейди БМТ ҳимояси учун ташкилот бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик.

БМТ ёрдам ажратиш ва етказиб беришдан ташқари, табиий офат оқибатларини бартараф этишда халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришда ҳам муҳим рол ўйнайди.

Хусусан, ташкилот сўровдан кейин (Туркия ҳам шундай сўров жўнатди) 12-48 соат ичида дунёнинг исталган нуқтасида иш бошлаши мумкин бўлган UNDAC қутқарув бригадалари фаолиятига раҳбарлик қилади.

Аммо, маълум бўлишича, БМТ тез тиббий ёрдам бригадаларининг Сурия шимоли-ғарбига кириши бўйича сўров юбормагани маълум бўлди. Ташкилот вакиллари UNDAC гуруҳларини табиий офат жойларига жойлаштириш бўйича сўров юборилганини ҳам тасдиқлай олмади.

Стефан Дюжаррикнинг таъкидлашича, фожиа жойида қутқарув бригадалари етарли бўлмагани Сурия ҳукумати қабул қилган қатор қарорлар билан изоҳланади.

«Хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар бор. Бунга таъсир қилиши мумкин бўлган турли сиёсий муаммолар бор», дейди БМТ вакили.

Аммо Халқаро жиноий суд прокурорининг махсус маслаҳатчиси Марко Сассолининг маълум қилишича, БМТ Сурия рухсатисиз ҳам, халқаро ҳуқуқ кафолати бўлган Женева конвенцияси асосида ёрдам етказилишини таъминлаши мумкин эди.

«Сурия ҳам имзолаган Женева конвенциясида мустақил ҳуманитар орган можаронинг барча томонларига ўз хизматларини таклиф қилиши мумкинлиги айтилган», деган у BBC нашрига.

Умар Ҳожи ўз яқинларини харобалар остида қуруқ қўл билан қидирган

Зилзиладан жабрланганлар ҳам БМТ етарлича тезкорлик билан ҳаракатланмаган деб ҳисоблашади. Улар орасида зилзила оқибатида рафиқаси ва беш фарзандидан айрилган Умар Ҳожи ҳам бор.

Нашр журналистлари уни табиий офатдан кейинги илк кунларда учратишган. У бу вақтда ўзининг олтинчи боласи - бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган 14 ёшли Абдураҳмонни қидираётганди, кейинроқ у топилди.

«БМТнинг ёрдами етарлича бўлмади. Энг сезиларли ёрдам маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан бўлди. Агар БМТ олдинроқ келганида кўп нарса бошқача бўлган бўларди», деб ҳисоблайди Умар.

«БМТ Сурия шимоли-ғарбидаги аҳоли ишончини оқламади. Бу ердаги одамлар халқаро ёрдам келишини кутди ва ёрдам барибир келмагач, чиндан ўзини ташлаб қўйилган ҳис қилишди», деб ёзади зилзиладан бир ҳафта ўтиб Боб-ал-Ҳава чегара ўтказиш пунктига етиб келган БМТ фавқулодда ёрдам хизмати раҳбари Мартин Гриффитс.

АҚШнинг мулоҳазасиз қадами

New York Times газетаси сешанба куни ёзишича, 
Вашингтон зилзила оқибатларини бартараф этишни осонлаштириш учун Сурияга қарши санкцияларини вақтинча юмшатди.

Хусусан, жабрланган ҳудудлар тикланишига зарур бўлган воситалар тўсиқсиз етиб бориши учун Сурия банк тизимига тааллуқли чекловларнинг бир қисми олти ой муддатга олиб ташланган.

Нашрнинг ёзишича, санкциялар масаласи - Башар Асадни фожиадан кейинги соатлар ва кунларда қизиқтирган ягона масала эди.

Асад фавқулодда ҳолат эълон қилмади, ҳалок бўлганлар учун мотам эълон қилмади ва жабрланган ҳудудларга табиий офатдан бир неча кун ўтибгина ташриф буюрди. Лекин унинг ҳукумати биринчи куниёқ Ғарбни санкцияларни олиб ташлашга чақирди. Дамашқни фақат шу нарса қизиқтирди.

Аввалига Вашингтон рад жавоби бериб, санкциялар ҳеч қанақасига қутқарув ишларини чекламаслигини билдирди, аммо кейин барибир ён беришга қарор қилди. Евроиттифоқ ҳам Сурияга қарши санкциялар масаласида худди шундай йўл тутди.

Бу одамларга зудлик билан ёрдам зарур, аммо ҳуқуқбонлар Сурия ҳукумати Ғарб санкциялари юмшатилишидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишидан хавфсирамоқда. Фото: Getty Images

Дамашққа халқаро санкциялар фуқаролик урушига айланиб кетган намойишлар шафқатсизларча бостирилиши ва бу кўплаб қурбонларга сабаб бўлиши, Яқин Шарқда тажовузкор сиёсат олиб бораётган Эрон билан яқин алоқалар ўрнатилгани ва бошқа кўплаб сабабларга кўра жорий этилганди.

New York Times нашри ёзишича, феврал ойидаги зилзила Башар Асад режими учун сиёсий неъматга айланди ва у бутун дунёнинг ҳамдардлигидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади.

Шу вақтга қадар Асад билан алоқа қилишдан тийилиб келган кўплаб араб давлатлари етакчилари унга ҳамдардлик ва жабрланувчиларга инсонпарварлик ёрдамлари юборишди.

Америка нашри Асад ва унинг атрофидагилар ғарб санкциялари юмшатилишидан ўз молиявий базасини мустаҳкамлаш учун фойдаланишидан хавотирлар борлигини ёзади.

«Зилзиладан аллақачон сиёсий манфаатлар учун фойдаланаётган режим ундан қайтиш ва ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун ҳам фойдаланмоқчи», дейди NYT нашрига берган интервюсида Давлат департаментининг Яқин Шарқ ишлари бўйича бўлими собиқ маслаҳатчиси, Вашингтон институти катта илмий тадқиқотчиси Эндрю Тейблер.

Унинг ҳисоблашича, санкциялар юмшатилиши Сурия ҳукуматига зилзила жабрдийдаларига ёрдам ниқоби остида молиявий транзакциялар амалга ошириш имконини беради ва бундай ўтмишга эга режим учун бу ақл бовар қилмас даражадаги омаддир.

АҚШ Давлат департаменти эса Америкая молия вазирлигида бундай қонунбузарликларга йўл қўймаслик учун дастаклар (ричаг) борлигига ишонтирган, аммо бу айнан қандай қилинишини изоҳламаган. Молия вазирлиги New York Times нашрининг қатор сўровларига ҳам жавоб қайтармаган.

Мавзуга оид