«Умид бер» операцияси. АҚШ 90-йилларда собиқ СССР давлатларига қандай ёрдам кўрсатганди?
Собиқ иттифоқ давлатлари, жумладан Ўзбекистон аҳолиси 1990-йиллардаги озиқ-овқат инқирозини яхши эслайди. «Қизил империя» ўзининг сўнгги йилларида чуқур иқтисодий инқироз ичида қолган, инсонлар оддий кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун ҳам махсус талонлар олиб, соатлаб навбатда турарди. СССР тарқалиб кетгач эса постсовет давлатлари янада ўткир озиқ-овқат танқислигига дуч келди. Асосий захиралар 1987-1991 йилларда тугатилган, республикалар ўртасидаги боғламлар узилган, кўплаб саноат соҳалари ноаниқлик, иқтисодий танглик, тартибсизликлар сабаб ишлашдан тўхтаганди. Деярли барча постсовет республикаларида қаттиқ тартибли озиқ-овқат сиёсати жорий этилганди. Шундай паллада дунёнинг кўплаб мамлакатлари ёш республикаларга ёрдам қўлини чўзди. Энг катта ёрдамни эса СССРнинг асосий рақиби ҳисобланган – АҚШ кўрсатди.
Очарчилик хавфи
1980-йиллардан бошлаб СССРнинг «режали иқтисодиёт» модули ўз асоратларини кўрсата бошлади. Давлат маҳсулотлар нархини назорат қилди ва сунъий пасайтириб турди. Бу эса маҳсулотдан даромадлиликни камайтирди ва товарлар етишмовчилигини яратди. Совет иқтисодчилари иқтисоднинг оддий қоидаларини тан олмади. Улар «бозор иқтисодиёти»ни рад қилишда давом этди.
1980-йиллардаёқ СССРда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги бошланди. Москва нефт экспортидан тушган пуллар эвазига озиқ-овқатни четдан сотиб олди. Бироқ 1985 йилдан бошлаб нефт нархи пасая бошлади. Шу йили СССР биринчи марта бюджет тақчиллигига дуч келди. Орадан уч йил ўтиб бюджетдаги камомад ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизини ташкил қилди. Дефицит халқаро кредитлар ва олтин захиралари ҳисобига ёпилиб турди.
Бу вақтда совет иттифоқи Афғонистонда уруш ҳам олиб бораётган эди. Ҳукумат ҳарбий харажатлар учун бюджетдан катта маблағ ажратди. Бу эса вазиятни янада оғирлаштирди.
Буларга қўшимча равишда мамлакатда алкоголга қарши акция бошланди ва ҳукумат акциз солиғини камайтиришга мажбур бўлди. СССРнинг асосий товарларидан бўлган алкогол маҳсулотларидан тушадиган даромад камайиши ҳам бюджетга яхшигина зарба бўлди.
Бюджетдаги тақчиллик ортиб борди, давлат қарзи кўпайди, олтин захиралари тугади. Импортга пул ажратилмади ва оқибатда дўконларда жавонлар бўшаб қолди.
СССР тарқаб кетиши иқтисодий инқирозни кучайтирди. Республикалар ўртасидаги иқтисодий боғламалар жиддий узилди. Корхоналар давлат мулки бўлиб қолган бўлса ҳам, алоқаларнинг узилиши сабаб хомашёсиз қолди, давлат дотациясидан айрилди. Гиперинфляция ва кредитлашнинг қисқариши уларни хонавайрон қилди.
Бизнесларнинг бир қисми (асосан экспорт қилувчи) яширин иқтисодиётга ўтди ва солиқ тўлашни тўхтатди. Бу эса макроиқтисодий беқарорликни кучайтирди.
Республикалар шаҳарларида озиқ-овқат учун турнақатор навбатлар юзага кела бошлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари киши бошига ойлик ва кунлик лимитлар асосида сотила бошланди. Катта шаҳарлар маҳсулотлар билан яхшироқ таъминланиши сабаб қишлоқлардан шаҳарларга «озиқ-овқат» карвонлари бора бошлади. Жиноятчилик авж олди.
Инсонларда умидсизлик ва анархизм кайфияти кучайди.
«Provide hope» — «Умид бер»
Дунёнинг бир қанча давлатлари ва халқаро ташкилотлар ёш постсовет давлатларига ёрдам бера бошлади.
Хусусан, АҚШ «совуқ уруш» даврида ўзининг асосий рақиби бўлиб келган собиқ совет давлатларига энг катта ёрдамни кўрсатади. 1992 йил январ ойида Вашингтонда ўтказилган Халқаро мувофиқлаштириш конференциясида АҚШ Давлат котиби Аддисон Бейкер III постсовет мамлакатларига ҳуманитар ёрдам кўрсатиш режасини эълон қилди. Ёрдам йўналтирилувчи нуқталарни Давлат департаменти ходими Ричард Армитиж ва мудофаа вазирлиги вакили Роберт Волтҳейс белгилади.
«Provide hope» (Умид бер) ҳуманитар операцияси 1992 йил 10 февралда бошланди. Шу куни Германия ва Туркиядан ҳавога кўтарилган АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг 12 та Lockheed C-5 Galaxy ва Lockheed C-141 Starlifter ҳарбий транспорт самолётлари собиқ СССРнинг 12 та шаҳри: Москва, Санкт-Петербург, Киев, Минск, Кишинёв, Ереван, Олмаота, Душанбе, Ашхобод, Боку, Тошкент ва Бишкекка озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг биринчи партиясини етказиб берди. Шу куни етказиб берилган ҳуманитар юкларнинг умумий оғирлиги 500 тоннани ташкил қилган.
Феврал ойи охиригача давом этган операциянинг биринчи босқичида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари постсовет мамлакатларига 65 та парвозни амалга оширди (Россияга 22 марта, Арманистон ва Қозоғистонга 7 мартадан, Украинага 5, Туркманистон, Озарбойжон, Тожикистон, Ўзбекистонга 4 мартадан, Қирғизистон, Молдовага 3 мартадан, Беларусга 2 марта) ва 2274 тонна инсонпарварлик юклари етказиб берди.
«Умид бер» операциясида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг C-5, C-130 ва C-141 самолётлари, шунингдек, АҚШ мудофаа вазирлиги томонидан ижарага олинган фуқаролик авиалайнерлари иштирок этган. Дастлаб, инсонпарварлик ёрдами Форс кўрфази урушидан қолган захиралардан ажратилган.
1993 йил августигача 282 та ҳуманитар рейс амалга оширилади ва 7012 тонна юк Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларига олиб келинади. 1997 йилда «Умид бер» операцияси доирасида 500 самолёт ҳавога кўтарилади.
Операция нофаол тарзда 2012 йилгача давом этган бўлса-да, 1994 йилда «Умид бер» операцияси асосан якунланганди.
Буюк Британия, Япония ва Германия ҳам АҚШнинг МДҲ давлатларига ёрдам кўрсатиш дастурида қатнашади.
«Умид бер» операцияси ҳақиқатда умид бердими?
Россиянинг янги даврдаги (2000 йилдан кейинги) расмийлари ва уларга тегишли ОАВ АҚШнинг «Provide hope» операциясини эслашни ёқтирмайди. Улар бу ёрдамнинг аҳамиятини тан олишдан бош тортади.
Бироқ аслида, ёрдам айни вақтида келган эди. Ўша пайтда, «Умид бер» дастури доирасида энг кўп ёрдам қабул қилган Россияда аҳвол тобора ёмонлашиб бораётган эди. Ҳатто пойтахт Москвада ҳам озиқ-овқат танқислиги охирги даражага етиб келганди.
Буни ўша вақтдаги инқирознинг гувоҳи бўлган инсонлар ҳам тасдиқлайди.
«Сут учун соат етти яримда навбатда турдим. Тахминан йигирманчи бўлдим. Соат саккизларда дўкон очилди. Бу вақтда навбатда икки юздан кўпроқ инсон бор эди. Эшик очилиши билан оломон кассага югурди.
Олдиндагилардан кимдир ногирон қўшниси, кимдир икки ёшли боласи учун сут олаётганини айтди. Навбатдагилардан бири «Сизларни ҳаммангизнинг қўшнингиз ногирон, ҳаммангизда ёш бола бор» дея норози тўнғиллади.
Соат 8:30 ларда пештахта ортидан кимдир қичқирди «Сут учун муштлашманг!»
Мен уйга қайтдим, бўш сумкани бурчакка ташладим. Ўғлимга бақирдим. Кейин радиони ёқдим ва билдимки, ман энди совет иттифоқида яшамайман. Беловеж Пушчаси битимлари имзоланганди», дея 1991 йил охирларидаги воқеаларни эслайди москвалик.
1992 йилда АҚШ самолётлари собиқ СССР шаҳарларига қўнганда совет аҳолиси биринчи марта «темир парда» ортидаги ҳақиқий Америка самолётларини кўради. Инсонпарварлик ёрдами биринчи навбатда, энг оғир аҳволдаги жойларга — касалхоналар, қариялар ва меҳрибонлик уйларига тарқатилади. Юкларни тез тушириш ва манзилига етказиш учун нафақат аэропорт ходимлари, балки ҳарбий билим юртлари курсантлари ва ҳарбий қисмлар шахсий таркиби ҳам жалб қилинади.
Инсонпарварлик ёрдами, айниқса, оддий оилалар учун ҳақиқий нажотга айланган. Оддий маҳсулотлар, кийимлар ва асосий гигиена воситалари миллионлаб одамларни қутқаради.
Ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан манзилли ёрдам кўрсатиш учун рўйхатлар тузилган, улар асосида озиқ-овқат пакетлари ва гигиена воситалари тарқатилган. Қоида тариқасида, тўпламга гўшт консервалари (тушёнка, колбаса ёки сосиска), ун, печенье, сариёғ, конфетлар, шоколад, шакар, ўсимлик мойи, мураббо, болалар сутли бўтқаси, совун, шампун, тагликлар, тозалаш воситалари (совет одамлари учун нотаниш бўлган нарса) ва бошқалар кирган.
Дори-дармон ва тиббий жиҳозлар бевосита тиббиёт муассасаларга етказиб берилган.
Катта эҳтимол билан совет давлатларида ўша пайтда бу ёрдам пакетидан олмаган оила бўлмаган.
Аммо афсуски, Ғарбнинг мутлақо бепул ва сифатли маҳсулотлари йиллар давомида коррупцион схемада яшаган совет давлатларида адолатли тақсимланмайди. Ўша вақтларда инсонпарварлик юклари тарқатилиши жараёнига қўшилиш жуда омадли иш эди. АҚШ ва Европанинг солиқ тўловчилари пуллари ҳисобига тўпланган бу ёрдам пакетлари постсовет давлатларининг очкўз амалдорлари қўлида қолиб кетади.
Инсонпарварлик ёрдами эски совет анъаналарига кўра очиқчасига талон-торож қилинади.
Қолаверса, ёрдам асосан Россияга юборилганди. Россияга берилган ёрдам қолган постсовет мамлакатларига кўрсатилган ёрдамдан бир неча баробар кўпроқ эди.
Шундай бўлса ҳам, «Умид бер» операцияси постсовет мамлакатлари учун жуда муҳим воқеа бўлди. Тўғри, бепул ҳуманитар маҳсулотларнинг катта қисми аҳолига сотилди. Бироқ агар улар бўлмаганда, сотишга ҳам ҳеч нима қолмаганди. Чунки СССРда озиқ-овқат танқислиги анчадан бери давом этаётган, ёш республикалар уларни сотиб олиши учун маблағга ҳам, дипломатик каналларга ҳам эга эмас эди. Шу сабаб операция ёш мустақил давлатларнинг аҳволни ўнглаб олишига салмоқли ҳисса қўшди.
«Умид бер» операциясидан асосий мақсад демократик ислоҳотларни ва ёш мустақил давлатларнинг бозор иқтисодиётига ўтишини қўллаб-қувватлаш бўлган. Чунончи, 1992 йил 24 октябрда АҚШ президенти Жорж Буш «Эркинликни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Кейинчалик, АҚШ Давлат департаменти ушбу қонун асосида нафақат гуманитар юкларни етказиб бериш, балки савдо, молия, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва коррупцияга қарши кураш каби иқтисодиётнинг турли тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш имконини берувчи ташқи ёрдам дастурларини ҳам мувофиқлаштирди.
Бироқ АҚШ кўзлаган мақсадига деярли эриша олмади. Россия ва баъзи совет мамлакатлари қийин вақтда чўзилган бу ёрдам қўлини тезда унутди. 2008-2015 йилларда АҚШ ва кўпгина собиқ совет давлатлари муносабатлари ёмонлашди. АҚШнинг «Умид бер» операцияси ёрдамида амалга оширмоқчи бўлган «таъсир илгагида ушлаб туриш» режаси амалга ошмади.
«Умид бер» операция умумий миқдорда 41 миллиард долларга тушди. АҚШ ва Ғарб давлатлари бу ҳуманитар операциядан сиёсий мақсад ҳам кўзлаган бўлса-да, унинг оддий аҳоли учун келтирган ижобий натижасини рад этиш имконсиз. Гарчи бу ёрдам кейинчалик ҳукуматлар томонидан эътиборсиз қолдирилган ва унутилган бўлса ҳам.
Муҳаммадқодир Собиров
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024