Фан-техника | 10:08 / 09.03.2023
84250
3 дақиқада ўқилади

3D принтерда босилган биринчи ракета фазога учишга тайёр

Terran 1 ракетасининг 85 фоизи тўлиқ 3D принтерда чоп этилган қисмлар ва компонентлардан иборат.

Фото: RELATIVITY SPACE

АҚШ Флорида штати, Канаверал бурни космодромидаги учириш майдончасида Американинг Relativity Space компанияси томонидан ишлаб чиқилган Terran 1 ракетаси ўрнатилди ва синовдан ўтишга тайёр. Бу деярли тўлиқ 3D принтерда босиб чиқарилган тарихдаги биринчи ракетадир.

Компания баёнотида айтилишича, Terran 1 орбитал парвозга тайёр бўлган энг катта 3D босма объектдир.

Ракета стартини реал вақтда YouTube тармоғида кузатиш имконияти бор.

Ракета узунлиги тахминан 35 метр ва оғирлиги атиги 10 тоннани ташкил этади, бу уни саноатдаги энг кичик орбитал ракеталардан бирига айлантиради. Бироқ, Terran 1 ва бошқа шунга ўхшаш транспорт воситалари ўртасидаги асосий фарқ шундаки, ракетанинг 85 фоизи, шу жумладан метан ва суюқ кислород аралашмасида ишлайдиган Aeon двигателлари тўлиқ 3D принтерда чоп этилган қисмлар ва компонентлардан иборат. Компанияда таъкидлашларича, шу сабабли ракета қисмлари сони анъанавий усулда йиғилган қурилмаларга қараганда 100 баробар қисқарди.

У оғирлиги 1250 кг бўлган юкларни Ернинг пастки орбитасига олиб чиқишга қодир ва ҳар бир парвоз 12 миллион доллар туради.

Таққослаш учун, Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Falcon 9 ракетасининг ҳар бир парвози учун NASA 67 млн доллар тўлайди. Аммо Falcon 9 фазога 22 тоннагача юкни олиб чиқади.

Terran 1 ракетасининг биринчи парвози юксиз амалга оширилади. Агар у орбитага муваффақиятли кўтарила олса, парвозни муваффақиятли деб ҳисоблаш мумкин. Кемани Ерга қайтариш барибир режалаштирмаган.

Одатда, янги ракетани учиришдан олдин «якуний синов» ўтказилади. Унда двигателлар тўлиқ қувватда ишга туширилади, лекин ракета учиш майдончасига маҳкам ўрнатилади. Бироқ, Relativity Space раҳбарияти ушбу сўнгги синовни ўтказмоқчи эмас. Компания буни ракета қисмларини аяш билан изоҳламоқда.

«Биз қўшимча синовлар орқали ракета қисмлари эскиришини истамаймиз. Агар барча тизимлар кутилганидек ишласа, уни дарҳол фазога учирган маъқул», деди компания вакили.

Келажакда Relativity Space Ойни, кейин эса Марсни тадқиқ қилишда фаол иштирок этиш ниятида.

Terran 1 бундай амбицияли мақсадлар учун мос эмас, чунки қурилма жуда кичик ва такроран фойдаланиш учун яроқсиз. Бироқ, у билан параллел равишда, кичик ракетани прототип сифатида ишлатиб, компания йирикроқ лойиҳани ҳам ишлаб чиқмоқда. У – қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракета.

Terran Р деб номланган ушбу аппарат узунлиги энди 20 эмас, балки 66 метрни ташкил этади ва унинг юк кўтариш қуввати тахминан 20 тоннага тенг.

Компания 2024 йилда қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракетанинг парвоз олди синовларини бошлашни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид