Жаҳон | 08:36 / 09.03.2023
5818
2 дақиқада ўқилади

Эстонияда Россия ва Беларус фуқаролари қурол олиб юриш ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Янги қоидаларга кўра, Эстонияда фақат республика ҳамда НАТО ва Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқаролари қурол-яроғга эга бўлишлари мумкин. Эстония ҳокимиятининг қарори жисмоний ва юридик шахсларга ҳам тегишли.

Фото: pxhere.com

Эстонияда Россия ва Беларус фуқаролари қурол олиб юриш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Эстония президенти Алар Карис 8 март, чоршанба куни қонунчиликка ўзгартиришлар киритилишини маълум қилди, унга кўра, бундан буён фақат республика фуқаролари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар фуқаролари қуролга эга бўлишлари мумкин.

«Бундан буён Эстонияда қурол олиб юриш учун рухсатномалар фақат Эстонияда яшаш учун рухсатномага эга бўлган ёки Эстонияда яшаш учун рухсатнома асосида истиқомат қилувчи Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар фуқароларига берилади», — дейилади президент девони хабарида.

Янги қоидалар бошқа давлатларнинг, асосан Россия ва Беларуснинг 683 фуқаросига, шунингдек, Эстонияда доимий яшовчи 595 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга тааллуқлидир. Улар қуролларини ё сотишлари ёки полицияга топширишлари керак, акс ҳолда ҳуқуқ-тартибот идоралари улар билан шуғулланишни бошлайди. Қарор жисмоний ва юридик шахсларга ҳам тегишли.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган рухсатномалар унда кўрсатилган муддатгача, яъни кўпи билан беш йил амал қилади. Бошқа чет элликлар учун рухсатномалар бир йил муддатга амал қилади.

Фақат эстон тилини яхши биладиган чет эл фуқароси ўқотар қуролга рухсат олиш учун ариза топшириши мумкин, чунки бундан буён ўқотар қурол имтиҳонлари тўлиқ эстон тилида ўтказилади.

«Қурол тўғрисида»ги таҳрирланган қонун 15 мартдан кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид