Жаҳон | 09:42 / 11.03.2023
22112
3 дақиқада ўқилади

Ан-225'нинг йўқ қилиниши: «Антонов» собиқ раҳбарлари ҳибсга олинди

Украина Бош прокуратураси «Антонов» давлат корхонаси собиқ раҳбарлари Россия Қуролли кучлари Ҳостомел яқинидаги аэродромни ўққа тутгандан сўнг, «Мрия» самолёти йўқ қилиниши иши бўйича гумонланувчи эканини эълон қилди.

Фото: Mikhail Palinchak / Reuters / Scanpix / LETA

Украина Бош прокуратураси «Антонов» давлат корхонаси собиқ раҳбарларининг ҳаракатлари Киев вилоятидаги Ҳостомел аэродроми яқинида дунёдаги энг йирик Ан-225 «Мрия» («Орзу») транспорт самолётини йўқ қилишга ёрдам берган бўлиши мумкин, деган гумонни билдирди. Бу аэродром 2022 йил февралида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланишида ўққа тутилди. Бош прокуратура 10 март, жума куни Telegram'да гумонланувчилар ҳақида хабар жойлаштирди.

Тергов «Антонов» собиқ бош директори Сергей Бичков, бош директор ўринбосари вазифасини бажарувчи Михаил Харченко, шунингдек, авиация хавфсизлиги бўйича директор ўринбосари Александр Нетесовга нисбатан олиб борилмоқда, деб хабар берди «Украинска правда».

Гап «Украина қуролли кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш» гумони ҳақида кетмоқда», — дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Тергов маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида Украина Қуролли кучлари Бош штаби Миллий гвардияга алоҳида объектлар, жумладан Ҳостомел яқинидаги аэродром хавфсизлиги ва мудофаасини кучайтириш бўйича кўрсатма берган.

«Антонов» давлат корхонаси мансабдор шахслари ҳарбий хизматчиларнинг фаолиятига аралашган, дея ишонч билдирган Бош прокуратура.

Натижада бир киши ҳалок бўлди, яна икки киши яраланди, «Мрия» самолёти йўқ қилинди, бир қатор самолёт ва транспорт воситаларига зарар етказилди, стратегик ҳарбий объект устидан назорат йўқолди, сўнгра Киев вилоятига қўшни аҳоли пунктлари вақтинча оккупация қилинди, дея маълумот берди маҳкама.

Икки нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди, учинчисига нисбатан қидирув эълон қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. «Украинска правда» нашрининг ёзишича, Нетесов Украинани тарк этган. Гумонланувчилар 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Судгача терговни Украина Хавфсизлик хизмати олиб бормоқда.

Украинадаги уруш бошида Ҳостомел яқинида «Мрия» самолётининг йўқ қилиниши катта резонансга сабаб бўлди. Украина ҳукумати уни қайта тиклашга ваъда берди.

Самолёт Киев механика заводида битта нусхада ишлаб чиқарилган бўлиб, биринчи парвози 1988 йил декабрь ойида амалга оширилган. Юк кўтариш қуввати тахминан 253,8 тоннани ташкил этган.

Мавзуга оид