Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Американинг ядро қуроли олиб юра оладиган бомбардимончиси Санкт-Петербург томон учиб манёвр қилди
Американинг NOBLE61 лақабли B-52 Stratofortress стратегик бомбардимончи самолёти Болтиқ денгизи устида манёвр қилиб, Санкт-Петербургга 200 километргача яқинлашди. Бу ҳақда РБК FlightRadar24 маълумотларига асосланиб хабар тарқатган.
Сервисга кўра, одатий ўқ-дорилардан ташқари ядро қуролини ҳам олиб юришга қодир бўлган бу самолёт Полша ҳудудидан парвоз қилиб, Болтиқ денгизи узра учган ва Эстониянинг Сааремаа ороли яқинида Санкт-Петербург томон бурилган. Самолёт Россиянинг Гогланд ороли атрофида йўналишни ўзгартирган, шундан кейин Эстония, Латвия ва Литва узра учиб, Буюк Британия томон учиб кетган.

Полша мудофаа вазири Мариуш Блашчак бомбардимончи самолёт манёврига изоҳ берган. У твиттердаги саҳифасида B-52 Полшанинг қирувчи самолётлари ҳамроҳлигида ҳаракатланганини айтган, шунингдек бу парвоз «оператив мувофиқлик бўйича машғулотларнинг муҳим элементи» бўлганини қўшимча қилган. «Биз биргаликда НАТО шарқий қаноти хавфсизлиги учун қайғурамиз», – деган у.
Ўз навбатида Финландиядаги халқаро муносабатлар институти директори Мика Аалтола бомбардимончининг парвози «Россия томонидан кучайган провокация»га жавоб ҳисобланишини айтган.
Петербургдаги «Фонтанка» нашри манбаси Болтиқ флоти навбатчи кучлари америкаликлар бомбардимончиси парвози ҳақида хабардор бўлгани ва уни парвоз давомида кузатиб тургани ҳақида хабар берган. «Зарурат туғилса зудлик билан жавоб қайтаришга тайёр турилганди», – деган манба.
РФ мудофаа вазирлиги вазият юзасидан муносабат билдирмаган.
- B-52 бомбардимончилари ядро қуролидан холи қилинган бўлади. Шунга қарамай, Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ва Америка олимлари федерацияси (FAS) ядро қуроллари бўйича эксперти Ханс Кристенсеннинг ҳисоблашича, Болтиқ денгизи устидан ядровий қурол олиб юришга қодир 42 та В-52 самолётларидан бири учиб ўтган.
- Ўтган йил декабрида Американинг Northrop Grumman ҳарбий-саноат компанияси сўнгги B-21 Raider бомбардимончи самолётининг фотосуратлари ва видеосини намойиш этганди. Ишлаб чиқарувчилар уни АҚШ авиациясининг келажакдаги таянчи деб атаган. Бу дунёдаги илк олтинчи авлод самолёти бўлиб, оддий ва ядровий қуролларни олиб юришга қодир бўлган юқори технологияли стелс-бомбардимончидир.
- Ишлаб чиқарувчилар тасдиқлашича, у «душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига ёриб кириб, дунёнинг исталган нуқтасидаги нишонларга зарба бера олади», АҚШнинг ҳозирги флоти бомбардимончиларининг 90 фоизида бундай имконият йўқ. Reuters агентлиги қайд этишича, учиш аппарати махфий ҳаракатлана олади ва «учар қанотлар» схемасида яратилган бўлиб, бу уни ўзидан олдинги B-2 самолёти билан ўхшаш қилади.
- Компания ва АҚШ мудофаа вазирлиги ўртасида бундай самолётни ишлаб чиқиш бўйича шартнома 2015 йилда тузилган. Лойиҳа устида 40 штатда 8 мингдан ортиқ киши 400 дан ортиқ етказиб берувчи ишлаган. АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари бундай самолётлардан камида юзтасига эга бўлишни режалаштирган. Бир дона самолёт нархи 750 млн долларни ташкил этади.
Мавзуга оид
20:46 / 27.05.2025
Болтиқ денгизида Россия флотининг ўқув машғулотлари бошланди. Унда 20 та жанговар кема ва 3 минг ҳарбий иштирок этмоқда
20:15 / 14.04.2025
Эстонияда ҳарбийларнинг шуҳбали кемаларга ҳужум қилишига рухсат берувчи қонун тасдиқланди
16:46 / 21.02.2025
Болтиқ денгизида Финландия ва Германияни боғлаб турувчи кабелга шикаст етказилди
22:10 / 26.01.2025