Полигонда тайёрланаётган янги кучлар ва ўққа тутилаётган Часив Яр. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 381-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украина мудофаа вазири Олексий Резниковнинг маълум қилишича, кенг кўламли уруш бошланганидан буён Россия қўшинлари Украина бўйлаб қарийб 7,5 млрд долларлик 821 та қанотли ва баллистик ракеталар учирган.
- «Медиазона» ва BBC очиқ манбалар орқали урушда ҳалок бўлган 16 774 нафар россиялик ҳарбий ўлимини тасдиқлади.
- «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилар ёллаш бўйича марказлар очилгани ҳақида хабар берди. «Тайги.Инфо» маълумотига кўра, Сибирда улар мактаблар ва спорт клубларида жойлашган.
- Евроиттифоқ Европа маҳсулотлари импортини оширган мамлакатлардан бу маҳсулотлар Россияга етиб бормаслигини синчковлик билан назорат қилишни сўради.
- Санкт-Петербургда «Все свободны» китоб дўкони витринасига ўқ узилди. Унга шундай ёзилганди: «Миру — мир» (Дунёга тинчлик).
- Буюк Британия Олимпиаданинг йирик ҳомийларини Халқаро олимпия қўмитасига босим ўтказиб, Россия ва Беларус спортчилари Париждаги ўйинларда иштирок этишига йўл қўйилмаслигини таъминлашга чақирди.
- Украина Россия букмекерлик идораларига санкция қўллади.
Бахмутга йўлдош шаҳар — Часив Яр ўққа тутилиши оқибатлари
Часив Яр — Бахмутдан ғарбдаги кичикроқ шаҳар бўлиб, 2022 йил февралига қадар бу ерда 12 минг атрофида одам яшаган. 2022 йил июлида шаҳар Россия кучлари томонидан ёппасига ўққа тутилганди: маҳаллий ётоқхона биноси қисман вайрон бўлган, яна бир қанча бинолар шикастланганди, бу зарба оқибатида, BBC хабарига кўра, 45 киши ҳалок бўлган, жумладан тўққиз ёшли бола ҳам. Россия қўшинлари Бахмут атрофида илгарилаётгани туфайли ушбу шаҳар ҳам тез-тез ўққа тутилмоқда: Бахмутдаги украин кучлар таъминоти ундан бир неча километр ғарбда жойлашган Часив Яр орқали амалга оширилади. Бу ҳудудда Украина қуролли кучлари мудофаасининг янги линияси ташкил этилмоқда, сўнгги ҳафталарда интернетда Бахмутдан ушбу шаҳарга чекинаётган ҳарбийлар ўққа тутилиши оқибатлари акс этган қатор видеолар пайдо бўлди.
Херсон ўққа тутилиши оқибатлари
9 март тонгида Россия қўшини Украинанинг қатор шаҳарларини, жумладан Херсонни ҳам ёппасига ўққа тутди. Шу куни зарбага учраган бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ Херсон амалда доимий равишда ўққа тутилади — Россия қўшини 2022 йил ноябрида Днипронинг чап соҳилига чекинганидан буён.
Беларус билан чегара яқинида тайёргарлик ўтаётган украин аскарлари
Россия қўшини 2022 йил баҳорида Киев областидан чекинганидан буён Украина-Беларус чегараси атрофида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаяпти. Шунга қарамай назарий жиҳатдан урушга беларус қўшинлари қўшилиши ёки Россия яна Киевга ҳужум қилишга уриниши эҳтимоли туфайли региондаги вазият кескинлигича қолмоқда. Украина қуролли кучлари бу ҳудудда сафарбар қилинганлар учун машғулотлар ўтказмоқда ва Беларусга олиб борувчи йўлларни миналамоқда.
Сватово ва Креминна атрофидаги украин ҳарбийлари
Сўнгги ҳафталарда россиялик ҳарбийлар Украина шимолий ҳудудларида — ўтган йил кузида Украина қуролли кучлари Балаклия атрофида бошланган қарши ҳужумдан кейин озод этган ҳудудларни қайта эгаллаш учун яна бир бор олдинга юришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча бу уринишлар жиддий муваффақиятларга эришмаяпти — бу ҳудудда фронт чизиғи амалда ўзгаришсиз қолмоқда. Қуйидаги суратлар фронт чизиғидан ўн километр ғарбда жойлашган, Иван Богун номидаги махсус топшириқли 1-алоҳида бригада қўним топган Невское қишлоғида олинган. Бу бригада Харкив областида ўтган йил кузида уюштирилган муваффақиятли қарши ҳужумда иштирок этганди.
Украинанинг турли ҳудудларидаги вайронгарчиликлар
Мавзуга оид
11:31
AFP: Украина Курск областидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024