Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адлия вазирлиги нотариуслар фаолиятидаги тўхталишларни ИИВ электрон базасида узилишлар кузатилаётгани билан изоҳлади
ИИВ ЙҲХБ сайти маълумотлар базаси фаолияти билан боғлиқ муаммолар биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Бироқ расмийлар тизимдаги муаммоларни тан олмай келади.
Адлия вазирининг матбуот котиби Севара Ўринбоева Telegram-каналида жамоатчиликни автомототранспорт воситалари билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишда узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантираркан, бунга ИИВ электрон базасидаги муаммо сабаб бўлаётганини билдирган.
“Маълумки, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда зарур ҳужжат ва маълумотлар “ягона дарча” тамойили асосида тегишли идора ва ташкилотлардан электрон тарзда олинади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли электрон базасида техник узилишлар кузатилаётганлиги сабабли, нотариуслар томонидан ушбу ахборот тизимидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ маълумотларни олиш имконияти чекланмоқда.
Шу муносабат билан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишда узилишлар кузатилиши мумкин. Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, дейилади расмий муносабатда.
ИИВ ва ЖХД ЙҲХХ расмий сайтида ёки бошқа платформаларда мазкур муаммо юзасидан ҳозирга қадар ҳеч қандай изоҳ берилгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрида Telegram-каналларида ҳакерлар жамоаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ сайтига ҳужум уюштириб, маълумотлар базасидаги жарималарга оид 60 мингта маълумотдан 27 мингтасини қўлга киритишгани, шундан мингдан ортиқ жарималар ўчириб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот ҳақиқатга мос келмаслигини билдирганди.
2021 йил ноябрда ҳам Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг жарималар электрон базаси киберҳужумга учрагани ҳақида аудиоёзув тарқалганди. ЙҲХББ буни рад этиб, иккита база интеграция қилинаётгани сабабли “айрим носозликлар” рўй бераётганини билдирганди.
Ўша йили 5 июль куни ҳам соат 14:05 дан 6 июль соат 12:30 гача ЙҲХХ тасарруфидаги электрон тизимлар ишламай қолган, қарийб бир кунлик танаффусдан сўнг ЙҲХБ базаси фаолияти тикланганди.
Мавзуга оид
20:32 / 18.05.2025
Бир ойда 590 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди — ИИВ
18:26 / 15.05.2025
ИИВ тақдим этадиган айрим хизматлар электрон шаклга ўтказилади
14:22 / 13.05.2025
ИИВ: Мубашшир Аҳмад Туркиядан депортация қилиниб, қамоққа олинди
10:06 / 21.04.2025