Жаҳон | 16:02 / 13.03.2023
27785
2 дақиқада ўқилади

“Кунига мингтагача сомса сотамиз” — Нью-Йоркка тандир олиб борган ўзбек

Ургутлик Яҳёбек Полвонов АҚШда ошхона очиб, 36 хил ўзбек миллий таомини пиширяпти. Унинг Нью-Йорк кўчаларидан биридаги мўъжазгина ошхонасига ҳар куни юзлаб мижоз овқатлангани келади.

Айни кунларда Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган Kun.uz мухбири у ердаги ватандошларимиз ҳаёти ҳақида репортажлар тайёрламоқда.

Қаҳрамонларимиздан бири – Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан бўлган Яҳёбек Полвонов. У АҚШга Ўзбекистондан тандир олиб борган ўзбеклардан бири. У 2016 йилда Нью-Йоркда ўзбек ошхонасини очган. 20 кишини ишли қилган ошпаз айни пайтда бу ерда 36 хил ўзбек миллий таомларини пиширмоқда.

“АҚШда бизнес юритиш тилни билган инсонга қийин эмас. Қонуний ишласангиз, солиқларни ўз вақтида тўласангиз бас. Масалан, 10 минг АҚШ доллари пул топсак, шунинг қарийб 900 долларини солиқ сифатида тўлаймиз. Бир порс ош нархи 13 доллар, сомса эса 3-4 доллар”, – дейди Яҳёбек Полвонов.

Ошпазнинг айтишича, ошхонада кунига 25 кг ош дамланади, мингтагача сомса пиширилади.

“Мижозларимиз – асосан миллий таомларимизни соғинган ҳамюртларимиз. Бошқа миллат вакиллари ҳам овқатланиш учун келиб туришади”, – дейди ҳамюртимиз.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz, Нью-Йорк.

Мавзуга оид