Жаҳон | 23:33 / 14.03.2023
11338
3 дақиқада ўқилади

2022 йилда дунёда 3955 та теракт содир этилди - «Глобал терроризм индекси» 

Иқтисодиёт ва тинчлик институти 2022 йил воқеаларини қамраб олувчи навбатдаги йиллик «Глобал терроризм индекси»ни тақдим этди. 

Фото: Anadolu Agency

Институт мутахассисларининг фикрича, бир неча йиллардан буён терактлар ва қурбонлар сони барқарор равишда камайиб бораётган бўлса-да, ҳужумларнинг ўзи ҳалокатли бўлиб бормоқда. Терроризм даражаси бўйича энг оғир вазият Афғонистонда қолмоқда. 

2022 йилда дунёда 3955 та теракт содир этилган. Бу 2021 йилга нисбатан деярли 28 фоизга кам. Жабрланганлар сони ҳам камайди: 6701 киши ҳалок бўлди, бу ўтган даврга нисбатан 9 фоизга кам. 

Аммо, «Глобал терроризм индекси»ни тузувчи Австралия Иқтисодиёт ва тинчлик институти (IEP) ўзининг йиллик ҳисоботида (.pdf) таъкидлаганидек, сўнгги беш йил ичида терактларнинг ҳалокатлилиги ошди. Агар 2021 йилда ҳар бир теракт учун ўлим даражаси 1,3 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 1,7 га кўтарилди. 

IEP «Глобал терроризм индекси» 2007 йилдан бери эълон қилинади. Институт маълумотлар базасида 2007 йил 1 январдан 2022 йил охиригача содир этилган 66 мингдан ортиқ терактлар ҳақидаги маълумотлар сақланади. 

Индексга кўра, Афғонистон терроризм бўйича энг хавфли давлатлар ичида тўрт йилдан бери биринчи ўринни эгаллаб турибди. 

2022 йилда бу мамлакатда 225 та теракт содир бўлиб, 633 киши ҳалок бўлган. Агар Афғонистон бу индексда бўлмаганида, дунёдаги террорчилик ҳужумлари қурбонларининг умумий сони 4 фоизга камайган бўлар эди. 

Терроризм билан боғлиқ вазият энг оғир бўлган давлатлар қаторида Буркина-Фасо (иккинчи ўрин), Сомали, Мали, Сурия, Покистон, Ироқ ва Нигерия (саккизинчи ўрин) бор. IEP таъкидлаганидек, дастлабки ўнта давлатда террорчилик ҳужумлари қурбонларининг 85 фоизи жамланган. 

Мутахассислар энг ҳалокатли террорчи гуруҳларни санаб ўтган: улар «Исломий давлат» (ИШИД), Сомалидаги «Ҳаракат аш-Шабоб» («Ал-Қоида» билан яқиндан алоқада), Покистоннинг «Балужистон озодлик армияси» ва Ғарбий Африкадаги «Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин». 

ИШИД кетма-кет саккиз йилдан буён энг қонли террорчи гуруҳ бўлиб қолмоқда: ўтган йили 1045 кишининг ҳаётига зомин бўлган 410 та ҳужум уюштирган. 

2022 йилдаги энг қонли теракт «Ҳаракат аш-Шабоб» жангарилари томонидан амалга оширилди: 2 феврал куни улар Покистоннинг Балужистон вилоятида Чегара қўшинининг иккита биносини портлатиб, у ерда жойлашган ҳарбийларга қарата ўқ узди. Оқибатда 195 киши ҳалок бўлди. 

Индексда Ўзбекистон 70-ўринда қайд этилган. Россия 45-ўринда, Тожикистон 50-ўринда, Украина 73-ўринда. Шунингдек, ўтган йили ҳеч қандай терактлар ва уларнинг қурбонлари бўлмаган давлатлар сони 71 та. 

Мавзуга оид