Жаҳон | 08:21 / 14.03.2023
4095
3 дақиқада ўқилади

HRW: Украинадаги интернатларда болалар ҳафталар давомида ертўлаларда яширинган

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти уруш бошланганидан кейин Украина мактаб-интернатларидаги болалар тақдири ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Фото: AP

2022 йил 24 февраль ҳолатига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганда, Украина мактаб-интернатларида 105 мингдан ортиқ бола бор эди. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 13 март, душанба куни чоп этилган ҳисоботида айтилади.

Уруш оммавий эвакуацияга олиб келди, имкон қадар болаларни ота-оналарига қайтаришга (90 фоиз ҳолларда улардан камида биттаси ота-оналик ҳуқуқига эга эди ва урушдан олдин болани махсус муассасага юбориш оиладаги қашшоқлик билан боғлиқ бўлган) ёки васийларга топширишга ҳаракат қилишди.

Украина Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) билан ҳамкорлик қилмоқда, унинг мониторинги дастурига кўра, 39 мингга яқин бола интернатлардан уйларига жўнатилган. Бироқ, кўплаб оилалар тўғри парвариш қилиш учун молиявий ва бошқа ёрдамга эга эмас, дейди HRW. 2022 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, мактаб-интернатларда 25 061 нафар бола қолган.

Ҳисоботда Украина шарқидаги, фронт чизиғига яқин жойлашган муассасалардан Лвив вилояти ва Полшага эвакуация қилинган болалар ва ходимлар ҳақида маълумотлар келтирилган.

Уруш пайтида Украинадаги мактаб-интернатларда таҳсил олаётган кўплаб болалар «электрсиз ва сувсиз ертўлаларда ўққа тутилишидан ҳафталар давомида яширинишга мажбур бўлган», - дейди HRW. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Мариуполдаги муассасалардан бирининг болалари 2022 йилнинг март ойида Лвивга келганидан сўнг тўрт кун давомида бошқалар билан мулоқот қилишдан бош тортган – «шубҳасиз, жароҳат туфайли», деди кўнгиллилардан бири HRW'га. Ҳисоботга кўра, ўнлаб мактаб-интернатлар зарар кўрган ёки вайрон бўлган.

Россияда 400 нафар украиналик бола оилаларга топширилди, деди 2022 йил 28 декабрда hromadske нашрига берган интервьюсида ҳуқуқ ҳимоячиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий марказ (RCHR) адвокати Катерина Рашевская. «Халқаро фарзанд асраб олиш қуролли можаролар вақтида тақиқланади; тинч аҳолини босиб олинган ҳудуддан мажбуран олиб чиқиш уруш жинояти ҳисобланади», - дейди Human Rights Watch бу борада.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид