Ўзбекистон | 16:47 / 14.03.2023
11322
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда иккита катта чинор ёқиб юборилди

Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида 2 та йирик чинор номаълум шахслар томонидан ёқиб юборилган. Ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ ўрганиш олиб бормоқда.

Фото: Ekolog.uz

11 март тунида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани Марғиб кўчасидаги икки туп чинор номаълум шахслар томонидан ёқиб кетилган. Бу ҳақда экологик янгиликларни ёритиб борувчи Ekolog.uz Telegram-канали хабар берди.

“Кузатувчиларимизнинг хабар беришича, кеча кечқурун Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани Марғиб кўчасидаги бир нечта Чинор дарахти қасддан ёқиб кетилган.

Айтишларича, ушбу ҳудудда қурилиш режалаштирилмоқда. Дарахтлар шу сабабли ҳам йўқ қилинаётган бўлиши мумкин. Тегишли ташкилотлардан зудлик билан ҳолатни ўрганиб, расмий муносабат билдиришини сўраймиз”, – дейилади хабарда.

Хабарга илова қилинган суратларда 2 туп чинор дарахти ёнғин натижасида қайта тикланмайдиган ҳолатга келганини кўриш мумкин.

Kun.uz мухбири боғланган Янгиҳаёт тумани ҳокимининг матбуот котиби Нигина Ҳакимовага кўра, ҳолат бўйича айни пайтда туман ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва экология бўлимлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ ўрганиш олиб бормоқда.

Фото: Ekolog.uz 

“Бунда ҳозирга қадар 1 та чинор дарахти ўсишдан тўхтамайдиган даражада зарарлангани, иккинчи чинор дарахтининг эса ички қисми тўлиқ ёниб кетгани ва ўсиш эҳтимоли йўқлиги аниқланди. Шу боис, аҳоли хавфсизлигини инобатга олган ҳолда, дарахт тегишли ташкилот масъуллари томонидан бартараф этилиши кўзда тутилган.

Ҳозирда ҳудуд атрофидаги камералар ўрганилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, – деди ҳокимлик вакили.

Ҳакимованинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда дарахтларнинг ҳудудда қурилиш ишлари амалга оширилиши сабабли ёқилгани бўйича тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Ҳудуддан “Қорайўл-1” коллектори ўтган бўлиб, мазкур муҳофаза ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади”, – деди Нигина Ҳакимова.

Мавзуга оид