Жаҳон | 10:17 / 15.03.2023
13304
2 дақиқада ўқилади

Интерпол томонидан қидирувга берилган шахс Латвиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган шахс экстрадиция қилинди.

Фото: ИИВ

Тошкент ва Ригада фаолият юритувчи Интерпол ММБнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, икки давлат мазкур ташкилотларининг раҳбарлари ўртасидаги музокаралар натижасида фирибгарликда айбланаётган халқаро қидирувдаги шахс Ўзбекистонга топширилди.

Қидирувдаги шахс бир неча йиллар давомида жабрланувчи Америка Қўшма Штатларига чиқиб кетишни ният қилганини билиб, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходими сифатида ўзини таништирган ва ҳужжатларни расмийлаштириш, хорижга чиқишга рухсат олишда ўз хизматларини таклиф қилган. Хизматлари текин бўлмаган. Шу тариқа, ундан анча инсонлар жабр кўрди. 

Қайд этилишича, уни қўлга олиш осон бўлмаган, чунки у Ўзбекистондан чиқиб кетганидан кейин шахсий маълумотларини ўзгартириб, хорижий давлатнинг сохта паспортидан фойдаланган ҳолда, жиноий фаолиятини давом эттириб, ўзини ҳамон элчихона ходими сифатида таништириб, барча хизматларни кўрсатиб, фирибгарлик йўли билан жабрланувчиларнинг пул маблағларини ўзлаштириб олган.

Бироқ қидирувда бўлган шахсни аниқлаш бўйича узоқ давом этган жараёнга қарамай, унинг чет эл паспортини сохта, шахсий маълумотларини эса ҳақиқий эмас деб топиб, Тошкент ва Рига Интерпол ММБнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланиб, қўлга олинди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилгандан сўнг ушбу шахс Интерпол ММБ ходимлари ҳамкорлигида Ўзбекистонга олиб келинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид