Жаҳон | 07:46 / 15.03.2023
10726
2 дақиқада ўқилади

Кирби: АҚШ Қора денгиз узра парвозларни давом эттиради

Оқ уй ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Россиянинг Су-27 қирувчи самолётининг Қора денгиз узра Американинг разведкачи MQ-9 Reaper учувчисиз учиш аппарати билан тўқнашуви бўйича вазиятга изоҳ берди. 

Фото: AP

«Биз бир йилдан ортиқ вақтдан бери бу ҳаво ҳудудида парвозларни амалга ошириб келяпмиз... ва буни давом эттириш ниятидамиз», деб таъкидлаб ўтди Кирби.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Вашингтондаги Давлат департаментига чақирилди.

Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс, ўз навбатида, шундай деди: «Биз тўғридан тўғри Россия томони билан, энг юқори даражада, бу хавфли, нопрофессионал тутиб олиш ҳамда АҚШнинг учувчисиз аппарати қулашига сабаб бўлган ҳолат бўйича ўзимизнинг кескин эътирозларимизни билдириш учун алоқа ўрнатмоқдамиз».

Бундан олдин Россиянинг иккита Су-27 самолёти 2023 йил 14 март куни Қора денгиз устидаги халқаро ҳаво ҳудудида парвоз қилаётган АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг MQ-9 учувчисиз дронига қарши хавфли манёвр қилгани хабар берилганди. 

АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги (USEUCOM) маълумотига кўра, Россиянинг Су-27 самолётларидан бири MQ-9 парракларига урилиб, шикаст етказган. Оқибатда, АҚШ Қуролли кучлари халқаро сувларда MQ-9 дронини уриб туширишга мажбур бўлган. 

Тўқнашувдан олдин Су-27 самолётлари MQ-9 олдидан ёнилғи тўкиб, экологик хавфли ва нопрофессионал тарзда учиб ўтган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид